Линклар

logo-print
Жорий йилнинг 1 январидан “Ўзнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик ширкати нефт базаларига қарашли АЁҚШларда бензин ва дизел ёқилғисининг чакана савдодаги нархига 12 фоиз чегирма белгилади. Расмийларга кўра, бу чегирмаларнинг бензин харидорлари учун ҳеч қандай енгиллиги йўқ.



“Ўзнефтмаҳсулот” ширкатининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийсига кўра, бу чегирма Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 30 декабрдаги қарорига кўра жорий қилинган.

Расмий қонунлар ҳақида хабар берувчи Norma.uz сайти эндиликда “Заправкалар бензинни 12 фоизга арзон сотиб олиши” ҳақида ёзди.

Шунингдек, бензин нархига берилган чегирмалар ҳақида хабар қилган маҳаллий сайтларнинг деярли барчаси бензин арзонлаши мумкинлигидан башорат қилишди.



Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бўлган “Ўзнефтмаҳсулот” ширкатининг расмийсига кўра, 12 фоизлик чегирма белгилангани билан бензин нархида умуман ўзгариш бўлмайди:

- Бизнинг вилоятларда нефт базаларимиз бор. Барча вилоятлардаги заправкалар бензинни нефт базасидан олишади. Уларга 1 январдан бошлаб 12 фоиз скидка берилди. Бензиннинг бир литри нархи 1405 сўм, лекин бу солиқсиз. Солиғи 240 сўм. Жами 1645 сўм бўлади. Энди нефт базалари 1405 сўмдан 12 фоизни чегириб қолиб, заправкага сотади. Бу ерда нарх умуман ўзгаргани йўқ. Бу бензин арзонлайди, дегани эмас. Ҳозир фақат нефт базаси билан заправка орасидаги олди-сотти механизми ўзгарди¸ холос. Бундан ҳеч ким ютмайди ҳам, ютқазмайди ҳам. Бундан биз ҳам ютмаймиз. Шу пайтгача қандай сотган бўлсак шундай сотаяпмиз. Одамларга ҳам бу чегирмаларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ”, деди “Ўзнефтмаҳсулот” расмийси.

Тошкент шаҳридаги Uzgazoil АЁҚШларидан бири билан боғланганимизда, оператор йигит ҳам бу яқин орада бензин арзонлаши ҳақида ҳақида гап-сўз йўқлигини айтди:

- Бензин арзонламади. Бизнинг хабаримиз йўқ бу нарсадан. Аи-80 маркасидаги бензиннинг 1 литри 1645 сўм. Бизнинг иккита нефт базамиз бор. Бензин ўша базалардан келади. Биз келган маҳсулотни сотамиз. Бизда ҳали нарх ўзгаргани йўқ, деди оператор йигит.

Айни пайтда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда 1 литр бензин ва дизел ёнилғисининг нархи 40 сўмга қимматлади.

Ҳозир Ўзбекистондаги АЁҚШларда 1 литр Аи-80 маркасидаги бензин 1645 сўм, Аи-91 1810 сўм, Аи-95 эса 1995 сўмдан сотилмоқда.

Бу нархлар янги йилдан олдинги нархга 40 сўмга қиммат бўлиб, нархлар ошишига автомобил ёнилғисидан фойдаланганлик учун солиқ тўлови 200 сўмдан 240 сўмгача оширилгани сабаб бўлди.

Янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга қуйиладиган сиқилган газ нархи ҳам 30 фоизга оширилди.

Ердан қазиб олинадиган бир куб метр табиий газнинг нархи 850 сўм, биогазнинг бир куб метри 950 сўмни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида бензин тақчиллиги кузатилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, янги йил арафасида давлатга қарашли АЁҚШларда бензин чекланган миқдорда сотилган.

Тошкентдаги манбаларимиздан олинган сўнгги хабарларга кўра, янги йилдан сўнг пойтахтдаги АЁҚШларда бензин тақчиллиги муаммоси бироз камайган.

XS
SM
MD
LG