Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:57

Қирғизистон Сўх йўлини қачон очиши номаълум қолмоқда


Сўхликлар қарийб 10 кундан бери йўл очилишини кутмоқда
Сўхликлар қарийб 10 кундан бери йўл очилишини кутмоқда
Сўх тумани аҳолисининг қамал билан боғлиқ ташвишлари кундан кунга кўпайиб бормоқда. 14 январ куни бир сўхликнинг майити амал-тақал билан ўз қишлоғига етказилиб келган бўлса, шу куни Сўхда қазо қилган риштонликни унинг яқинлари олиб кетолмаяпти.

5, 6, 7 январ кунлари содир бўлган инцидентдан кейин ёпиб қўйилган Сўхга олиб борувчи йўлларни Қирғизистон расмийлари ва аҳолиси ҳозирча очмоқчи эмас.

Майитни Риштондан Сўхга 1 000 000 га олиб келдилар

15 январ куни Озодлик тингловчиларидан биридан мана бу хат олинди:

“Сўх мавзуи ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Кеча Фарғонадан узилиб қолган Сўх туманига бир майит бир миллион сўмга олиб келинди. Наҳотки буни ўзбекистонлик амалдорлар, телевидение билмаса? БМТ ҳам бунга бефарқ бўлса? Дунёда инсон ҳуқуқи шунчалик пастми? Буни ҳал қиладиган ташкилот борми? Ҳамма нарса қимматлашди. Озиқ-овқат заҳираси тугаб бораяпти. Халқ нима қилиши керак?”



Озодликнинг Сўх маркази – Равон қишлоғида яшайдиган манбаси мазкур хатда келтирилган маълумотни текшириб, майитнинг ёши 50 дан ўтган Мирзараҳимов Ҳайитали эканлигини аниқлади.

Тилга олинган пул эса, майитни Риштондан Сўхга етказиш учун Қирғизистон милицияси ходимларига берилган пул эканлигини айтди. Манбага кўра, қирғиз милицияси фақатгина майит юкаланган машинанинг ўтишига рухсат берган.
Натижада дафн маросимида вафот этган кишининг ўғиллари иштирок этолмаган.

Инцидент юз берганидан бери сўхликлар билан ўтказилган суҳбатларда улар Қирғизистон милицияси тамагирлигидан йиллар давомида зада бўлганликларини айтишади.

Жумладан, Новосибирск шаҳрида ишлаётган сўхлик Мўминжон 14 январ куни бундай деган эди.

-Сўхдан чиқиб Риштонга боргунча Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари, милицияси бўладими, чегарачиси бўладими, бундан қатъиназар ўрта асрлардаги қароқчилардай тутишарди ўзларини. Йўл очиқлигида шундай эди. ГАИси маст ҳолатда машинасидан тушмай тўсади. Пул талаб қилади. Бермай кўрингчи, нима бўларкин. Улар устидан бировга арз ҳам қилолмайсиз. Қирғизлар эса, Сўхдан бемалол ўтарди. Уларга бир нарса деганнинг ўзини бизнинг мелисалар жазоларди, дейди Мўминжон.

Сўхда вафот этган риштонликни олиб кетишолмаяпти

Сўхдаги манбанинг айтишича, 15 январ куни Сўхнинг марказий касалхонасида бу ерга Риштондан келиб ишлайдиган бир косиб ўзбекнинг вафот этгани маълум бўлди.

Исм-фамилиясини аниқлашнинг иложи бўлмаган риштонлик Сўх касалхонасига 14 январ куни ётқизилган ва кўп ўтмай вафот этган.

-Йўл ёпиқлиги учун майитнинг яқинлари Риштондан Сўхга келолмаяпти, олиб бориб беришни эса ҳеч ким ўз зиммасига олмаяпти, деди манба.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили (ҳоким)нинг ўринбосари Саитжан Эратовга кўра, Ўзбекистон расмийлари билан Сўхни Ўзбекистоннинг асосий ҳудуди билан боғлайдиган йўлларни очиш юзасидан сўзлашувлар олиб борилмаяпти.

- Сўзлашувлар бўлаётгани йўқ. Кўрганимиз зарар қопланганидан сўнггина сўзлашувларни бошлашимиз мумкин, деб айтганмиз, деди қирғиз расмийси.

Қирғизистон аҳолиси Сўх йўлларини батамом тўсиб қўйишни талаб қилмоқда

Айни пайтда Боткен вилоятининг Сўхга яқин Чарбак, Согмент ва Таян қишлоқларида Қирғизистон Республикасининг идоралараро комиссияси ишламоқда.

Ҳукумат вакиллари билан учрашувлар чоғида аҳоли Сўхга олиб борувчи йўлларни батамом ёпиб ташлаш тўғрисидаги таклифларни ўртага ташлади.

Бу ҳақда матбуотга Боткен вилоят ҳокимлиги вакили Мамажан Бердишев хабар қилди.

Хабарларга қараганда, сўхликлар ўз юртига Ўш орқали келадиган бўлсин, деган талаблар ҳам янграган.

Сўхликлардан товон пули йиғилаётган бир пайтда қирғиз қишлоқларига гуманитар ёрдам етказилмоқда

Инцидент туфайли барча йўллари Сўхдан ўтгани учун ташқаридан узилиб қолган Қирғизистонга қарашли Бўжўй қишлоғига 15 январ куни иссиқ кийим, кундалик эҳтиёж моллари ва озиқ-овқатдан иборат инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Нима бўлган эди

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турганйтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.

7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Ўшандан бери Сўх анклави қамал ҳолатида. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:09 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG