Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:20

Koбулда ҳудкушлик ҳужуми содир этилди


Афғон полициясига кўра, портлаш ва отишмалар олти нафар ҳужумчи тарафидан Афғонистон жосуслик ҳизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги биноларига яқин жойда содир этилган.

Кобул полициясининг Жиноий тергов бўлими бошлиғи генерал Муҳаммад Зоҳир ҳужумчилардан бири ичига бомба ўрнатилган машинани портлатиб ўзи ҳам ҳалок бўлгани, қолгани ҳукумат бинолари олдида турган қўриқчилар тарафидан отиб ўлдирилганини айтди.

- Олти ҳужумчидан бири ҳудкушлик ҳужумини содир этди, қолган беш нафари афғон хавфсизлик кучлари тарафидан отиб ўлдирилди. Ҳозирга қадар ҳужумдан яраланган 30 одам қайд этилди ва Кобул шифохонасида уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозир шаҳарда вазият тинчиган, вазиятни тўлиқ назорат қиляпмиз, - деди Муҳаммад Зоҳир.

Ҳозир шаҳарда вазият тинчигандек. Ҳужумга масъулиятни Толибон ҳаракати зиммасига олди. Кобулдаги портлашлар АҚШ ва Афғонистон президентлари Вашингтондаги учрашувидан беш кун ўтиб рўй берди.

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Барак Обама ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай Вашингтонда ўтказган музокаралари сўнггида Афғонистондаги хорижий кучлар ҳарбий амалиётларини шу йил баҳор ойларидаёқ тўхтатишлари ва барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш афғон армияси зиммасига топширилиши борасида келишгандилар.

Ўшанда Обама 2013 йилнинг баҳоридан эътиборан америкалик ҳарбий ҳизматчилар фақат афғон зобит ва аскарларини қайта тайёрлаш ва уларга маслаҳатчилик қилиш билан шуғулланишини айтган ва яқин фурсатда Пентагон раҳбарияти билан АҚШ кучларини Афғонистондан тезроқ чиқариш масаласини мухокама қилишини маълум қилганди.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 68.000 сонли қўшини бор. Афғонистондаги жаъми НАТО кучларининг сони эса, 102.000 ҳарбийни ташкил этади.

Келаси йил якунига бориб, АҚШ ва НАТО кучларининг аксарияти бу мамлакатни тарк этиши лозим.

Халқаро кучларнинг 2014 йилда Афғонистондан чиқарилиши манзарасида террор ҳамлалари, сиёсий ва диний радикализм, экстремизм тарқалиши хавфи кучайиши борасида ҳавотирлар бор.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ҳозир мамлакатдаги ҳарбий амалиётларнинг саксон фоизи афғон ҳарбийлари зиммасига тўғри келаётгани, феврал ойига бориб, уларнинг хавфсизликни таъминлаш қамрови мамлакат ҳудудининг тўқсон фоизлик қисмини қамраб олишини айтган.

Айни пайтда 2014 йилдан кейин Афғонистонда аниқ қанча Америка ҳарбийси қолиши маълум эмас.
XS
SM
MD
LG