Линклар

Уйингизга қуёш батареялари ўрнатиш қанчага тушади?


Сув иситиб берадиган қуёш коллектори схемаси

Сув иситиб берадиган қуёш коллектори схемаси

Озодликка қўнғироқ қилган сурхондарёлик Алижон шундай савол берди:

- Бир неча йилдан буён Россияда ишлайман. Шўрчи туманининг қишлоғида яшаймиз. Менинг, ота-онам, хотиним ва тўртта болам бор. Уйдагилар билан гаплашганимда свет йўқлигидан қийналишаётгани ҳақида гапиришди. Эшитишимча, ҳозир Ўзбекистонда ҳам қуёш батареялари ўрнатиляпти экан. Унинг нархи қанча, қандай ўрнатса бўлади, илтимос, шуни билиб беринглар, дейди сурхондарёлик Алижон.

Озодлик бу саволга жавоб олиш мақсадида Тошкентдаги қуёш батареялари ишлаб чиқариш ва ўрнатиш билан шуғулланадиган Mir Solar фирмасига мижоз сифатида қўнғироқ қилди. Ўзини фирма мутахассиси деб таништирган ходим саволларимизга жавоб берди:



Биринчи вариант: Тўрт лампочка ва бир телевизор ишлайди

- Битта телевизор ва тўртта-бешта экономний лампочкаларни ишлашини таъминлайдиган асбоб-ускуна( тўлиқ номи фотоэлектр станцияси) 4,5 миллион сўм туради, фақат пул ўтказиш, яъни перечислениега. Нақд пулга сотмаймиз, дейди мутахассис.

Иккинчи вариант: Кўпроқ энергия олмоқчи бўлсангиз¸ кўпроқ тўлайсиз

- Агар 4-5 лампочка ва телевизор кечаю кундуз ишлаб турсин десангиз, қўшимча панел ва аккумулятор ўрнатиш лозим. Бундай тақдирда қурилма 6,5 миллион сўмга тушади.

Аслини олганда қуёш станцияларининг нархи унинг қанча электр энергияси ишлаб чиқаришига қараб баҳоланади. Ўртача бир киловатт соат ёки 1000 ватт электр энергияси нархи ишлаб чиқаришга мўлжалланган станция ўртача 18 миллион сўм баҳоланади. Бу ёғини ўзингизнинг хоҳишингизга ва имконингизга қараб буюраверасиз, дейди мутахассис.

Учинчи вариант: Қуёш коллекторлари сувни иситиб беради

Mir Solar фирмаси мутахассисига кўра, қуёш коллекторлари ўрнатилса¸ хонадонни кечаю-кундуз иссиқ сув билан таъминлаш мумкин:

- Қуёшда сув иситадиган ускуна ҳам ўрнатамиз. Бу ускуна битта коллектор ва 140 литр сув кетадиган бочкадан иборат. Бу бир сутка мобайнида 500 литр сувни иситиб бериш имконига эга. Ўрнатиб беришимиз билан 2,5 миллион сўмга тушади, дейди мутахассис.

Тўртинчи вариант: Уйни иситиш қанчага тушади?

Mir Solar фирмаси мутахассиси уйни иситиш учун ҳам қуёш батареялари ўрнатиш мумкинлигини айтар экан, бироқ бу қурилма қанчага тушиши ҳақидаги саволни очиқламади:

- Иситиш анча қимматга тушади. Буни ҳозир мен аниқ айта олмайман. Бунинг учун, уйни кўриш, квадрат метрини аниқлаш ва уни совуқдан қанча ҳимояланганини билиш (пахса девор, ғишт девор) керак, дейди мутахассис.

Кафолат

- Асбоб-ускуналарга 2 йил, томга қўйиладиган панелга эса 15 йил гарантия берамиз. Биз ҳаммасини ўзимиз ўрнатиб, ишлатиб берамиз. Фақат ускуналарнинг транспортировкаси мижознинг бўйнида бўлади, дейди Mir Solar фирмаси мутахассиси.

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG