Линклар

logo-print
Аввалгиларга ўхшамас

Гапни, томдан тараша тушгандек ошиқлардан бошлаганимизга чандон ҳайрон бўлгандирсиз. Аслида, “ошиқлар учун хилват маскан” деб атаганимизнинг лайли-мажнунларга кўп-да дахли йўқ. Ҳикоямиз инсонни эмас, китобни маъшуқ тутганлар ҳақида!

Ўтган йилнинг адоғида Тошкентда “Book cafe” ишга тушди. “Очилган бўлса, очилгандир, мегаполисда худонинг берган куни кафе-ресторанлардан неча ўнтаси очилиб, яна аллақанчаси касодга учрайди!” дейишга ошиқманг.

“Book cafe”нинг аввалгиларга ўхшамас жиҳати бор: бу ерда ҳам қорин тўйғизасиз, ҳам мазахўрак бўлиб... китоб ўқийсиз. Иккисида бирда!

Кеча денг, кўзим билан кўриш учун бордим ўша кафега. “Баҳор” ресторанининг шундоқ биқинидаги қўғирчоқдек иморат. Остона ҳатлашингиз билан китобнинг кўнгилни қитиқловчи тотли исини туясиз. Унга басма-бас хушхўр таомнинг иштаҳани қўзғовчи бўйи гуп этиб димоғингизга урилади…

Кутубхона-қаҳвахонанинг кўркам жавонларига жозибали муқоваларга ўранган офатижон китоблар териб ташланган. Бари “мени ол, мени ол!” деб турибди. Дафъатан гўзал қизлар мажлисига тушиб қолгандек каловланасиз.



Узумини енг, боғини сўраманг!

Ҳар ер-ҳар ерда оромкурси қўйилган. Бир пайтда 25-30 чоғли меҳмон бемалол сиғиб кетади.

– Нима буюртма берасиз? – сўрайди оёқ-қўли енгил ходим тавозе билан.

Эскидан қолган гап: аввал таом, баъдаз калом! Майли, китоб танлашдан олдин ул-бул егулик буюртма қила қолай.

Таомномага кўз югуртираман, очиғи, қаҳвахонадаги нарх-наво университет тупроғини ялаб юрган талабанинг қорнини оғритиши мумкин: чой – 3000 сўм, пицца – 7000 сўм, коктейл – 8000 сўм, кофе – 5000 сўмдан 11500 сўмгача (лекин, қаҳвахона эгаларининг ҳафсаласига қойил, биргина кофенинг йигирмадан ошиқ турини санадим!).

Ҳартугул, “Фалон минг сўмлик ейсиз, кейин китоб ўқийсиз” деган қоида йўқ экан. Ҳамёндан елвизак ўтиб турган бўлса, бир пиёла чой ё бир финжон қаҳвага олиб, китобхўрликка қаноат қилиш мумкин.

Чошгоҳлиги учунми, одам сийрак

– Ҳозир одам селгиган пайт, кечга яқин гавжумлашади, – дейди хизматчи йигит ўйимни уққандай.

– Кимнинг хаёлига келди? Теша тегмаган ғоя бўпти, – дея уни суҳбатга тортаман.

– Узумини енг, боғини сўраманг. Бир хусусий мулкдор очди. Ўзбекистонда бунақаси йўқ! Билмадим, Қозоғистонни айтмаса, Марказий Осиёда ҳам мижозга китобу таом таклиф қиладиган биринчи кафе бўлсак керак, – дейди у андак ғурур билан.

– Қозоғистонни ёлчитиб кезмаганман, бўлса бордир, – дейман секингина.

Стив Жобснинг бозори чаққон…

Барака топишсин, ҳар хил таъбдаги одамларга мос китобларни жамлашибди ўзиям! Рабле, Шекспир, Достоевский, Тургенев, Толстой сингари классиклар асарларидан – қўлингизга “қайнар хумча”ни шартта тутқазиш шаҳдидаги Наполеон Ҳилл, Дейл Карнеги каби валломатларнинг теп-текин маслаҳатларигача!

iPad, Kindle каби янги замон яратиқлари босма китобни тарих мулкига айлантириш учун зўр бериб чираняпти. Мантиқан олганда, бугуннинг ноширлари ихтирочиларни маҳкамага бериши керак, нонини яримта қилгани учун-да.

Парадоксни қарангки, қўлма-қўл ўқилаётган китобларнинг аксари босма китобларга “гўр қазиган” ўша ихтирочилар ҳақида. Отангни ўлдирганга онангни бер! Кутубхона-қаҳвахонада биргина Стив Жобс ҳақида талай номли китоблар қалаштириб ташланган.

Камтаргина бўлса-да, ўзбекча китоблар жавони ҳам бор экан. Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, Хуршид Дўстмуҳаммад, Муҳаммад Юсуф асарларига, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рисолаларига кўзим тушди. Лекин русча адабиётларга солиштирганда, ўзбекча китоблар чўғи кам. Ўзбекча адабиётларни ҳам кўпайтириш керакми, дейман.

Танбур овозини карнай шовқини босади

Қаҳвахонада қаердалигини паққос унутиб, мук тушиб китоб ўқиётган библиофил ҳам бор, жавондаги жавоҳирларга қиё боқишга хуши йўқ хўранда ҳам! Нафас ростлашга бош суққан тасодифий ўткинчи ҳам бор, бизнес режасини муҳокама қилишга кирган хийла оврўпалашган ишбилармон ҳам! Кафе ўз номи билан кафе-да.

Шаҳарнинг шовқин-cуронини унутиб, эндигина ЎЗГА оламга саёҳатга чоғланган пайтингиз ёнингиздаги кимдир уяли телефонда баланд овозда гаплашиб, ғойибона дийдорлашувнинг қоқ белига тепади. Танбурнинг овозини карнай шовқини босиб кетганидек! Кутубхона-қаҳвахонада телефонда гаплашишни тақиқлаб қўйиш керак, шекилли.

...Кафе эгаси ким бўлса ҳам, бизнес ва маърифатни омухта қилганига офарин.

“Анойи бўлманг, пулдор ҳар доим, аввало, фойдани кўзлайди!” дейсизми? Тўғри, тўғри айтасиз.

Лекин... ҳатто битта китобни тугатмаганлар маркабу мансабдан танглик сезмаётган бир замонда ҳам зиё тарқатаман, ҳам ақча ишламайман деган экан, қандини урсин! Киройи ишбилгилик мана бундай бўпти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG