Линклар

Ўзбек элчихонаси ўз фуқаросини ҳимоя қилганини рад этди


Ўзини ҳақорат қилган 12 яшар Артëм Хотеевни калтаклагани учун ҳибсга олинган фаррош Баҳром Хуррамов.

Ўзини ҳақорат қилган 12 яшар Артëм Хотеевни калтаклагани учун ҳибсга олинган фаррош Баҳром Хуррамов.


Айрим Россия нашрлари 12 яшар боланинг жағини синдириб ҳибсга олинган фаррош Баҳром Хуррамов учун Ўзбекистон элчихонаси гаров беришга тайёр экани ҳақида хабар тарқатди. Бироқ Озодлик билан суҳбатда элчихона расмийси буни рад қилди.

“Известия” газетаси Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси бу мамлакат фуқароси бўлган меҳнат муҳожири Баҳром Хуррамовга кафиллик бергани ҳақида хабар қилди.

“Биз судга Хуррамовни ўз кафиллигимизга олиш ва унга моддий гаров беришга тайёр эканимиз тўғрисида ариза билан мурожаат қилдик”, деган газета мухбирига Ўзбекистон консули Зафар Абдураҳмонов.



Бироқ Озодлик билан суҳбатлашган Ўзбекистон элчихонаси матбуот котиби Обид Каримов бу хабар бироз ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва элчихона Хуррамов ҳимоясига судга ҳеч қандай хат юбормаганини билдирди:

- Йўқ, йўқ, унинг ҳимоясига элчихона чиқмаган-да. Уни Россияда регистрациядан ўтган бир қатор жамоатчилик ташкилотлари ҳимоя қилиб чиқaяпти, элчихона чиқмаган. “Известия"нинг гаров тўғрисидаги маълумоти нотўғри.

Aйрим жамоатчилик ташкилотлари бор, шулар “Зарурат тўғилганча залог киритамиз” , дейишaяпти. Яъни, улар Хуррамов учун кафиллик беришга тайёр, яъни элчихона эмас, айнан ташкилотлар. Улар Россия қонунчилигига биноан унга гаров киритишга тайёргарлик билдирган,

Элчихона “Консуллик муносабатлар тўғрисида”ги 1963 йилги Вена Конвенциясига мувофиқ бу йўналишда доимий иш олиб боряпти, яъни Россия ҳудудидаги ўз фуқароларининг қонуний ҳуқуқлари, манфаатлари ҳимоясини доимий равишда таъминлаб келади, деди Озодликка бу ҳақда тушунтириш берган Ўзбекистон элчихонаси расмий вакили Обид Каримов.

У бирор-бир фуқарога гаров киритиш ва кафиллик бериш элчихона вазифасига кирмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Элчихона расмийси юборган хабарда Баҳром Хуррамовга Россия Федерациясида расман қайдга олинган “Твер шаҳри ўзбек миллий-маданий автономияси”,”Турон” Москва вилояти ўзбеклар диаспораси”, “Москва ўзбеклари ҳамжамияти” ва яқинда тузилган “Ўзбекистон” Умумроссия диаспоралар кенгаши” ташкилотлари кафиллик беришга ҳамда маҳаллий қонунчилик асосида гаров киритишга тайёр экани билдирилган.

“Шу муносабат билан, Элчихона ҳуқуқ тартибот идораларидан Б.Хуррамов иши юзасидан Россия Федерацияси қонунчилигига қатъий риоя қилган ҳолда адолатли тафтиш олиб борилишини учун астойдил ҳаракат қилиш ниятида”, дейилади Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси тарқатган хабарномада.

Бироқ, мутахассислар ҳатто элчихона кафиллиги остида Баҳром Хуррамов тергов изоляторидан қўйиб юборилишига шубҳа билдирмоқда. Чунки боланинг жароҳат олгани тиббий кўрик томонидан тасдиқланган ва Хуррамов Россияда ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган.

Озодлик 7 январ куни Москванинг Жануби-ғарбий округидаги Изюминская кўчасида жойлашган 2008-сонли ўрта мактабда 12 яшар болага оғир тан жароҳати етказган ўзбек муҳожири ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

Терговчилар 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Баҳром Хуррамов “қор ўйнаётган болалардан биринг жағини белкурак билан уриб синдирганини” айтган эди.

Ҳибсга олиниши ортидан воқеа юз берган маҳалла ён-атрофида фаррошлик қилиб кун кечирган Хуррамовни билган москваликлар уни ҳимоя қилиб, полицияга коллектив хат билан мурожаат қилдилар. Хатда 23 киши москваликларнинг жароҳатланган болани жуда яхши танишлари, маҳаллий болалар меҳнат муҳожирини доимо мазах қилиб, ҳақоратлаб келганига гувоҳлик берган.

Икки фарзанднинг отаси бўлган Хуррамов чоршанба куни Москванинг Зюзино туман судига олиб келинди ва суд уни 6 февралгача ҳибсда қолдиришга қарор қилди. Жанубий Бутово тумани Ички ишлар бўлимида сақланаётган муҳожирга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 112-моддаси (қасддан ўрта оғирликдаги тан жароҳати етказиш) асосида жиноий иш қўзғатилди.

Жароҳатланган Артёмнинг онаси Лариса Хотеева ҳодиса сабабларини аниқлаб, Хуррамовга даъвоси йўқлигини билдириши ортидан, Россия Жамоатчилик палатаси бу ҳодиса юзасидан ўзининг алоҳида текширувини ўтказишга қарор қилди. Москва полицияси суддан ўзбекистонлик муҳожирни шаҳарни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборишни сўраган.

Айни пайтда¸ Москва полицияси ҳам жароҳат олган 12 яшар Артём Хотеевнинг шунчаки ювош болакай эмаслигига ишора қилувчи далиллар пайдо бўлганини айтмоқда. Интернетда Артёмнинг “ВКонтакте” саҳифасида у бошқа бир боланинг калтакланишида иштирок этаётгани тасвирланган видео жойлаштирилган.

Россия ижтимоий тармоқларида Хуррамов тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар ўртасида қизғин баҳс бормоқда.

“ВКонтакте” порталидаги ўз саҳифасида Артём Хотеев касалхонадан чиқиши билан аризани қайтариб олишини билдирган:

“Касалхонадан чиқишим билан аризани қайтариб оламан, уни мен эмас¸ онам ёзган...”, дейилади Хотеев саҳифасида қолдирилган ёзувда.


Бу ҳодиса муносабати билан Москвада муҳожирларга қарши полиция ва ФМС рейдлари кўпайгани, маиший хизмат соҳасида ноқонуний равишда ишлаётган фаррошлар оммавий равишда текширувдан ўтаётгани тўғрисида маълумотлар тарқамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG