Линклар


Конституциявий ва инсоний ҳуқуқлар Европа маркази (European Center for Constitutional and Human Rights) Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатини қораловчи ижтимоий видеороликлар намойишини бошлади.

Германиядаги ECCHR ва INKOTA ташкилотлари ҳамкорлигида суратга олинган “Пахта ҳақида ëмон туш” деб номланган ижтимоий ролик 16 январ кунидан бошлаб Берлин кинотеатрларида асосий филм бошланишидан олдин намойиш қилинмоқда.

Айнан 16 январ куни Берлинда “ Тадбиркорлик маъсулияти “ мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда Германия газлама саноати вакиллари ҳамда болалар меҳнатига қарши курашаëтган инсон ҳуқуқлари фаоллари чиқиш қилди.

Ўзбекистондаги болалар меҳнати мавзусидаги маърузадан кейин "Пахта ҳақида ëмон туш” деб номланган ижтимоий ролик йиғилиш иштирокчиларига намойиш қилинди.

ECCHR фаоли Мириам Маас (Dr. Miriam Saage-Maaß) Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги мажбурий болалар мехнатига қарши бўлган бу видеороликлар ўзбек пахтаси ва газламаси билан тижорат қиладиган ширкатларга тарқатилганини айтади:

- Масалан¸ Бремендаги пахта биржаси билан ишлайдиган бир нечта ширкатга бу филмни бердик. Мақсадимиз эса жуда оддий - мажбурий болалар меҳнати сингган маҳсулот билан тижорат қилишнинг ахлоқсизлик эканини яна бир бор эслатиш¸ дейди Озодлик билан суҳбатда немис фаоли.

Бир бор экан¸ бир йўқ экан..

Ўзбекистондаги болалар меҳнатига оид видеоролик¸ фарзандига уйқу олдидан эртак айтаëтган ота тасвири билан бошланади.





"Бир бор экан¸ бир йўқ экан Ўзбекистон деган давлатдаги жажжи болалар мамлакат президентини бойитиш учун мактабга бормасдан пахта териб беришар экан.."

Отанинг бу ҳикояси жажжи қизалоқ шуурини даҳшатга солади. Қизалоқ ўзи каби жажжи болалар терган ўзбек пахтасидан тикилган тунги кийим ва чойшабда ухлашни истамаслигини айтади.

Ижтимоий ролик суратга олинишини ташкил қилган ECCHR фаоли Мириам Мааснинг Озодликка айтишича¸ бу ва бошқа иккита видеоролик Германия газлама саноатидаги жаноблар шуурига таъсир ўтказиш учун яратилган:

- Ўзбек пахтаси Германияда қайта ишланади¸ ўзбек пахтасидан бўлган газлама маҳсулотлари ëки тайëр кийимлар Европа ва Германия бозорида мавжуд. Биз ҳар бир истеъмолчига қарата¸ сиз замонавий қуллик маҳсули бўлган кийим кийишдан уялмайсизми¸ деган саволни мана шу роликлар воситасида бердик¸ дейди суҳбатдош.

ECCHR намойиш қилаëтган роликлар ўз профессионаллиги ва таъсирчанлиги билан фарқланади.

Одатда бундай роликлар анча қимматга тушади.Ташкилотимиз бу роликни суратга олишда ахлоқий принциплари юксак бўлган ва руҳан қулликка қарши бўлган ижодкорлар ташаббусига суянди¸ дейди Мириам Маас:

- Германиядаги таниқли артистлар бу видеороликда текинга рол ўйнаб беришди. Немис санъаткорлари бу тарзда Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнатига қарши курашда ўз ҳиссасини қўшишди¸ дейди суҳбатдош.

Айни ташкилот ўтган йили ҳам ўзбек пахтаси мажбурий болалар меҳнатига асослангани акс этган видеороликни тарқатган эди. Ташкилотчиларга кўра¸ бу видеоролик ғарб нозанинлари кийган башанг либослар ҳам совуқ пахтазорлардаги болалар машаққати самараси эканини фош қилади.

Ғарб зеҳниятига мўлжалланган бу видеороликда ялтироқ ҳаëт билан машаққатли меҳнат ўртасидаги тафовут акс этган.



Германияда ўтаëтган бу тадбирда Ўзбекистон элчихонаси вакили иштирок этиб ўз эътирозини изхор қилди¸дейди тадбир ташкилотчиси..

Ўтган йили Германиядаги Ҳумболд университетида Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши фотокўргазма бўлиб ўтган эди.

Бу кўргазма ташкилотчиларига Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ходимлари тарафидан босим ўтказилгани кузатилган эди.

Элчихона ходимлари ташкилотчиларни "Ўзбекистонга илмий иш мақсадида борадиган Ҳумболд университети талабаларига виза берилмайди" деб огоҳлантиришган.

Ўзбекистон пахта далаларида болалар мажбурий меҳнатига қарши Германиядаги тадбирлар бутун дунëда бўлаëтган айни тадбирлар занжиридаги халқа сифатида кўрилади.

Ўтган йили Вашингтондаги "Пахта кампанияси" деб аталувчи ташкилот Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгаши (UBTIC)га мурожаат этиб, Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйиш ва бу йилги пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти (International Labor Organization) мутахассисларининг мамлакатга киритилишига эришиш учун Тошкент ҳукуматига босим ўтказишни сўраган эди.

Ўзбек пахтасини бойкот қилган Ғарб ширкатлари сони 60 дан ошди

Ўтган йил охирида Zara кийим-кечак дўконлари тармоғини назорат қилувчи Испаниянинг Inditex ширкати мажбурий меҳнат ҳисобига етиштирилаётган ўзбек пахтасини бойкот қилиш тадбирига қўшилишини билдирди.

Бундан олдин Burberry, Levi, Adidas ва Puma каби спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи ширкатлар ҳам ўзбек пахтасини бойкот қилишини билдирган.

Ўз вақтида бу ширкатлар бойкот ташаббусчиси бўлган АҚШдаги “As You Sow” (Нимани эксанг, шуни ўрасан маъносида – таҳр.) инсон ҳуқуқлари гуруҳи амалга ошираётган Responsible Sourcing Network (хом-ашё сотиб олишда масъулиятли бўлиш маъносида – таҳр.) лойиҳаси доирасида эълон қилинган баёнот остига имзо чеккан эдилар.

Мажбурий меҳнат амалиëти Ўзбекистон учун ҳам миллий қонунчилик бузилиши ҳисобланади.

Чунончи Ўзбекистон ратификация қилган инсон ҳуқуқлари конвенциялари ҳам мамлакатда мажбурий меҳнатни тақиқлайди.

Ўзбекистонда 2008 йилда қабул қилинган «Болалар ҳуқуқларининг кафолатлари» ҳақидаги қонуннинг иккинчи моддасига кўра¸ ўқув мақсадидаги енгил меҳнат болалар ривожи ва саломатлигига зарар етказмаслиги лозим.

Бу қонун талабларига кўра¸ пахта терими оғир жисмоний меҳнат ҳисобланади.

Ўтган йили Ўзбекистонда 16 ëшдан кичик коллеж ўқувчилари кунига 8 соатдан пахта тергани бу қонун бандларининг бузилиши сифатида қаралди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG