Линклар

Собиқ Совет республикалари сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан дунёдаги энг репрессив давлатлар мақомини қўлга киритди. Freedom House – Озодлик Уйи ташкилотининг 2013 йил учун “Дунёдаги эркинлик” ҳисоботида (“Freedom in the World”) Болтиқбўйи мамлакатларини ҳисобга олмаганда, қолган республикалар шу пайтгача Яқин Шарқ минтақасига хос бўлгнан мақомга лойиқ деб топилди.



Маркази АҚШда жойлашган Freedom House ташкилоти чоршанба куни эълон қилган “Дунёдаги эркинлик” ҳисобитида 2012 йил давомида 195 мамлакатдаги фуқаровий ҳуқуқлар ва сиёсий эркинликларга оид вазиятни ўрганиб, собиқ иттифоқ мамлакатлари энг репрессив минтақага айланмоқда, деган хулосани берди.

Freedom House ташкилоти вице-президенти Арч Паддингтон, Озодлик билан суҳбатда, Болтиқбўйи мамлакатларини ҳисобга олмаганда, пост-совет минтақаси сиёсий ва ижтимоий репрессиялар борасида, анъанага кўра, энг ёмон ҳисобланиб келган Яқин Шарқдан ўтиб кетгани илк бор кузатилаётганини айтади.

- Евроосиёда бунга оид жараёнлар, айниқса, сиёсий ҳуқуқларга доир кўрсаткичлар энг ёмон эканини кўриш мумкин. Вазият Яқин Шарқдан ҳам ёмонроқдир ва бу янгилик, дейди Freedom House вакили.

Ҳисоботга илова қилинган мамлакатлар рўйхати алфавитга кўра қўйилган, лекин учта тоифага бўлинган. Булар эркин, қисман эркин ва эркин бўлмаган мамлакатлар тоифасидир.

Ўзбекистон бу сафар ҳам Туркманистон, Зимбабве, Шимолий Корея, Сурия ва Судан каби мамлкатлар билан бир қаторга – эркин бўлмаган мамлакатлар тоифасига қўйилган ва энг репрессив давлатлардан бири деб топилган.

Бунда Ўзбекистондаги вазият яхши томонга ўзгармаганини қайд этишган 16 январ куни очиқланган ҳисобот муаллифлари.

Ўзбекистон, дейди Freedom House вице президенти, яна “ёмонларнинг ёмони” бўлиб қолди.

- Марказий Осиё сиёсий ва ижтимоий эркинликлар вазияти дунёдаги энг ёмон бўлган минтақалардан ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркманистон эса, биз “ёмонларнинг ёмони” деб атайдиган мамлакатлар тоифасида қолмоқда, дейди Арч Паддингтон.

Марказий Осиё минтақасида Тожикистон ва Қозоғистонда сиёсий ва фуқаровий эркинликларга оид вазият Ўзбекистондагидан бирмунча яхшироқ, деб баҳоланган. Минтақа мамлакатларидан фақатгина Қирғизстон сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан қисман эркин мамлакатлар тоифасига қўшилган.

Ўзбекистон Туркманистон билан бир қаторда дунёнинг энг ёпиқ ва репрессив давлатлари ҳисобланиб келган Сурия, Сомали, Шимолий Корея ва Зимбабве каби мамлакатлардан ҳам репрессивроқ, деб таснифланган ҳисоботда.

Паддингтон қисман эркин мамлакатлар тоифасига кириб қолган собиқ иттифоқ давлатларининг баъзилари ҳсиобга олинмаганда, Евроосиё улкан репрессив минтақага айланиб бораётганидан ташвиш билдиради.

- Евроосиё минтақасида вазият бироз яхшиланган Грузия, Арманистон ва Молдова эркин бўлмаган мамлакатларнинг улкан денгизидаги саноқли ёрқин нуқталар бўлиб қолмоқда, дейди Арч Паддингтон.

Ҳисоботда “Россияда темир муштнинг қайтиши”, деб таснифланган жараён бутун минтақадаги вазиятга таъсир қилгани қайд этилади.

Россия Президенти Владимир Путин ўтган йили жаомат намойишлари, фуқаровий жамият фаолияти ҳамда матбуот ва интернетда эркин фикр билдиришга чекловлар қўйиб “эркин жамиятлар қадриятларига оёқ қўйди”, дейилади ҳисоботда.

Шунингдек Freedom House тадқиқотчилари Қозоғистон ҳукумати 2011 йилги Жанаўзендаги қонли воқеалардан кейин 2012 йил давомида мухолифат ва мустақил матбуотга нисбатан босимларни кучайтиргани қайд этилади.

Сўнгги етти йилдан бери эълон қилинаётган ҳисоботларда сиёсий ва ижтимоий эркинликларга доир вазият ёмонлашаётган мамлакатлар, яхшиланаётганларидан кўпроқ экани кузатилмоқда. Бу йилги ҳисоботда 16 мамлкатда вазият яхши томонга ўзгаргани, 28 мамлакатда эса ёмонлашгани қайд этилган. Шу билан бирга эркин мамлакатлар тоифасидаги давлатлар сони бироз кўпайиб 90тани ташкил қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG