Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:22

Қандай қилиб бола асраб олсам бўлади?


Самарқандлик муштарийларимиздан бири мана шундай савол билан бизга мурожаат қилди. Шунинг учун ҳам OzodJavobнинг бугунги сонида бола асраб олиш тартиб-қоидалари ҳақида тўхталамиз. Саволимизга жавоб берган мутахасиснинг билдиришича, бола асраб олиш жараёни анча мураккаб ва бир ярим йиллик муддатни қамраб олади.

OzodJavobнинг навбатдаги сонида бола асраб олиш тартиб-қоидалари ҳақида тўхталамиз.

Самарқандлик 35 ёшли Нигора исмли аёл OzodJavobга email орқали мурожаат қилиб, бола асраб олиш йўл-йўриқлари билан қизиқди.

“Турмушга чиққанимга 14 йил бўлди. Худо оиламизга фарзанд бермади. Даволандик, қаратдик, лекин ҳеч иложи бўлмади. Энди эрим билан келишиб, бола асраб олишга қарор қилдик. Лекин бола олиш жуда қийин дейишаяпти. Ҳаммага ҳам бермайди¸дейишади. Илтимос¸ бола асраб олиш учун кимга мурожаат қилиш керак, қандай ҳужжатлар тайёрлаш керак. Шуларни билиб берсангиз”, дея ёзди самарқандлик Нигора.

Ўзбекистонда бола асраб олишни истаган ота-оналар дастлаб ўзи яшаётган ҳудуддаги Халқ таълими бўлими қошидаги васийлик ва ҳомийлик кенгашига мурожаат қилиши лозим.

Тошкентдаги васийлик ва ҳомийлик кенгашларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, аввало ота-она махсус суҳбатдан ўтади.

- Суҳбатдан ўтиб, керакли бўлган ҳужжатлар рўйхатини олади. Ҳужжат йиққандан кейин яна қайта васийлик- ҳомийлик бўлимига келиб ариза ëзади “мени потенциал фарзандликка олувчилар рўйхатига олишингизни сўрайман” деб. Ундан кейин потенциал фарзандлика олувчилар рўйхатидан ўтиб, йўлланма оладида, олмоқчи бўлган боласининг ëшига қараб йўналтирилади. Ë гўдаклар уйига, ë меҳрибонлик уйига. Айтайлик “Мен 4 яшар болани олмоқчиман” деса фарзандликка олувчилар, демак 4 ëшдан 12 ëшгача бўлган болалар асраладиган Меҳрибонлик уйига йўналтирилади. Агар мен гўдак олмоқчиман, чақалоқ олмоқчиман деса, шаҳар болалар уйига йўналтирилади, - дейди суҳбатдош.

Мутахасиснинг айтишича, кейин ариза берувчи навбати келишини кутиши лозим. Кутиш муддати 1,5 йилгача бўлиши мумкин.

- Олдин бизлар олти ойдан бир йилгача деб айтар эдик. Ҳозир бир йилдан бир ярим йилгача. Чунки гўдаклар уйига тушадиган болаларнинг сони камайган. Бола кам тушаяпти,- дейди мутахасис.

Навбати келган ариза берувчи болалар уйига бориб, бола танлаш имконига эга бўлади.

- Болани танлагандан кейин бола яшаб турган Халқ таълими бўлимига мурожаат қилади. Масалан, фарзандликка олувчи Шайхонтоҳур туманида рўйхатда туради. Бола Юнусобод туманида. Гўдаклар уйи Юнусободда бўлса, демак гўдак Юнусободники ҳисобланади. Юнусободга мурожаат қилиб, “Мана шу болани танладик. Расмийлаштириб беринг” деб маълумот беради Юнусободга. Кейин ҳужжатларини тиклайди. Навбатда бир йил турган бўлса, ҳужжатларнинг муддати ўтиб кетадию. Бошқатдан ҳужжатларини йиғиб, қонуний бола яшаб турган туманда расмийлаштитишади. Чунки тиббий маълумотлар бир ойдан уч ойгача. Судланганлик ҳақидаги маълумот 6 ойда янгиланиши керак. Ҳар бир йиғилган ҳужжатнинг муддати бор,- дейди мутахасис.

Суҳбатдошга кўра, ҳужжатлар қайта йиғилиб, топширилгач, туман ҳокимининг болани асраб олиш борасидаги қарори чиқади.

-Ўзи яшаб турган туман уй шароити далолатномасини чиройли қилиб қўлига тутқазади. Ўша ҳужжатлар билан бирга ариза ëзади “фалонча болани менга фарзандликка беришингизни, фамилияси, исми, ота исмини ўзгартиришингизни сўрайман” деб. Кейин у ариза билан бола яшаб турган туман Халқ таълими бўлими шуғулланади. Ҳоким қарорини чиқаради. Шундан кейин ота-онани чақиртириб, қўлига қарорни беради. У қарорнинг ижро муддати 10 кун. Ўшанинг ичида улар боланинг туғилганлик гувоҳномасини алмаштириб, болани олиб чиқиб кетади,- дейди мутахасис.
Келажакда бола асраб олишнинг тартиби ўзгариши мумкин. Шу кунларда мамлакат парламентида муҳокама қилинаëтган "Ўзбекистон оила кодекси ва фуқаровий процессуал кодексга ўзгартишлар киритиш" борасидаги қонун лойиҳаси болаларни асраб олиш жараёни суд орқали амалга оширилишини тақозо қилади.
Бола асраб олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар:

1) Паспорт ва никоҳ гувоҳномаси (асли ва нусхаси)
2) Турар жойидан маълумотнома (оила аъзолари кўрсатилиши лозим)
3) Иш жойидан маълумотнома (ойлик маоши қанчалиги кўрсатилиши лозим)
4) Тавсифнома (маҳалла ёки иш жойидан)
5) Поликлиникадан тиббий хулоса
6) Руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турмаслиги ҳақида маълумотнома
7) Наркология диспансерида рўйхатда турсамлиги ҳақида маълумотнома
8) Тери-таносил касалликлари диспансерида рўйхатда турмаслиги ҳақида маълумотнома
9) Сил касалликлари диспансерида рўйхатда турмаслиги ҳақида маълумотнома
10) Милиция бўлимидан маълумотнома (судланмагани ҳақида)
11) Фарзандлари бор бўлса, уларнинг гувоҳномалари
12) Турар-жойи ҳақида маълумотнома
13) Фарзандликка бола асраб олмоқчи бўлган шахсларнинг таржимаи ҳоли
14) Яшаш шароити тўғрисида маҳалла қўмиталаридан далолатнома
15) Асраб олинадиган боланинг келгуси ҳаёти, унинг соғлигининг назорати тўғрисида кафолат хати


Мутахасис юқорида айтиб ўтганидек,бу ҳужжатлар икки марта топширилади.

“Оила” кодексининг “Фарзандликка олиш” бўлимида қайд қилинишича қуйидаги шахслар бола асраб олишга ҳақли эмас:

1) Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
2) Қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
3) Асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
4) Қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар.


Ўзбекистон фуқаролари ушбу ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолатларда бола асраб олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон қонунлари ёлғиз аёл ёки ёлғиз эркакларга ҳам бола асраб олишни тақиқламайди.

Қариндошининг боласини фарзандликка олмоқчи бўлганлар юқорида айтиб ўтилган бола танлаш учун навбат кутишмайди. Лекин бошқа барча ҳужжатларни топширишлари лозим бўлади.

Тошкентлик мутахасисга кўра, бола асраб олмоқчи бўлган ота-она билан фарзандликка олинадиган боланинг ёшидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги шарт. Лекин қонунга кўра, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно қилинади.

Қонунда фарзандликка бола асраб бўлмоқчи бўлган шахсларнинг ёшига чеклов йўқ.

Лекин Васийлик ва ҳомийлик кенгашлари бола олмоқчи бўлганларнинг ёши 50 ёшгача бўлишини тавсия қилишади. Тошкентлик мутахасисга кўра, 50 ёшдан кейин одатда чақолоқ эмас, кўпроқ катта ёшдаги болаларни асраб олиш тавсия қилинади.

Амалдаги қонунларга кўра, хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқароси ўзбекистонлик болани асраб олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, тошкентлик мутахассисга кўра, Ўзбекистонда элчихонаси бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳам ўзбекистонлик болани асраб олиш ҳуқуқига эга:

- Ўзбекистонда элчихонаси йўқ давлат фуқаролари бола асраб ололмайди. Чунки чет элликларнинг ҳужжати кўрилаётган пайтда, албатта, элчихоналарнинг тавсияномаси сўралади,- дейди Тошкентдаги васийлик ва ҳомийлик кенгашларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахассиси.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG