Линклар


Тошкент шаҳар кенгаши қарорига мувофиқ номи ўзгарган кўчалар рўйхатида Собир Раҳимов, Анна Ахматова, Аброр Ҳидоятов, Абдулла Қаҳҳор, Етим Бобожонов, Наби Ғаниев каби кўчалар ҳам бор.

Тошкент шаҳар ҳокимияти кенгаши қарорига мувофиқ номлари ўзгартирилган кўча ва маҳаллалар рўйхати маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Рўйхатда Собир Раҳимов кўчаси – Тахтапул Дарвоза, Анна Ахматова кўчаси - Сўғдиёна, Аброр Ҳидоятов – 1-проезд Умид, Маннон Уйғур кўчасининг бир қисми Гулобод, Етим Бобожонов кўчаси – 4-проезд Дилнаво, Наби Ғаниев – Шуъла, Ҳамза Умаров кўчаси – Тошбулоқ кўчаси деб ўзгартирилган.



Тарих фанлари номзоди Нигора Ҳидоятова Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда совет даврига алоқадор шахслар номи берилган кўчалар номлари ўзгартирилаётгани¸ бундан мақсад тарихнинг ўша давридан из қолдирмаслик эканини айтади:

- Асосий мақсад Совет даври тарихини унутишдан иборат. Ўзгартирилган ҳамма номлар Ўзбекистон тарихининг совет даври билан боғлиқ. Негадир ҳукуматимизда Ўзбекистон тарихининг совет даврига нисбатан салбий муносабат шаклланган. Шу боис Ўзбекистонда совет давридан из қолдирмаслиги учун ҳамма иш қилинмоқда. Шунча моддий маблағ сарфланиб кўчалар номлари ўзгартирилишини фақат совет тарихидан қўрқиш билан изоҳлаш мумкин, деди ўзбекистонлик тарихчи.

Нигора Хидоятова таниқли шахслар номи берилган кўчалар номларининг ўзгартирилишини тарихга ҳурматсизлик деб атайди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда кўчаларга берилган атоқли отлар турдош отларга алмаштирилаётганини сиёсий элитанинг тарихда қолиш учун ўзига бераётган баҳоси билан боғлиқ деб ўйлашини айтади:

- Менимча, бу ерда битта қонуниятни аниқ-тиниқ кўриш мумкин. Ўзбекистонда атоқли отлар, атоқли шахсларнинг исм-фамилияларига боғланган кўчалар бўлсин, жойлар номлари бўлсин уларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига турдош отлар қўйилаяпти. Улар бирор-бир шахснинг номига ёки совет даври билан боғлиқ эмас.

Совет давридан олдинги шахсларнинг ҳам номлари олиб ташланиб, у ерга турдош номлар қўйилаяпти. Шахслар номларининг йўқотилиши сиëсий элитанинг тарихда қолишга ўзига бераëтган баҳолари билан боғлиқ бўлиши мумкин деб ўйлайман¸ дейди ўзбекистонлик сиëсатшунос.

Айни пайтда пойтахтдаги Юнусобод туман ҳокимиятининг ўз исмини айтишни хоҳламаган расмийси Ўзбекистонда кўчалар номларини ўзгартириш Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин, 90-йиллар бошида бошланганини айтди.

- Кўчалар номи 1989-1990 йилларда биринчи марта ўзгартирилди. Рус тилидан ўзбек тилига ўтиш муносабати билан кўчалар номи ўзгартирилди. Ўша пайтда кўп кўчалар одамлар номи билан аталди. Энди одам номи кўчаларга қўйилмасин¸ деган қарорга мувофиқ номлар ўзгартириляпти, деди туман ҳокимияти вакили.

Унга кўра, Ўзбекистон президенти 2011 йил октябр ойида имзо чеккан фармонда кўчалар, проспект ва маҳаллалар, майдон ва паркларга Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган буюк сиймоларни мустасно қилганда, алоҳида шахслар, ижтимоий-сиëсий арбоблар номини бериш тақиқланган.

Ўша қарорга мувофиқ¸ Ўзбекистон бўйлаб совет тузумига алоқадор, деб кўрилган тарихий шахслар номидаги жойлар ва иншоотлар номлари ўзгартирилди.

Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов, Собир Раҳимов каби шахслар номи туман, кўча ва мавзелардан олиб ташланди.

Рус ёзувчиси Максим Горкий номидаги метро бекати ҳам “Буюк ипак йўли”, деб ўзгартирилди. "Собир Раҳимов" метро бекатига "Олмазор" номи берилди.

2012 йил октябр ойида Тошкент метрополитенининг “Чкалов” метро бекати номи “Дўстлик”, деб ўзгартирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG