Линклар

logo-print
Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланган шахслар ҳибсга олинди. Тожик расмийларига кўра, 14 январ куни Конибодом туманидаги милиция ходимларига қилинган ҳужумда айнан шу ҳаракат аъзоларининг қўли бор.

Ўзбекистоннинг олти вилояти билан чегарадош бўлган Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шариф Назаровнинг журналистлар билан учрашувда айтишича, вилоятда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг қуролланган аъзоларини қидириш ва бартараф қилиш бўйича махсус амалиёт давом этмоқда.

Генерал Назаровга кўра, Мастчоҳ туманида шу ҳаракатга аъзоликда гумонланган олти киши қўлга олинган:

- Қўлга олинганларнинг уч нафари Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзоси ва улар қидирувда эди.Уч нафар ушланган шахс эса буларга ёрдам бериб турганликда гумонланмоқда, дейди Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.



Генерал тергов ишлари бораётгани сабабли қўлга олинган шахсларнинг исми-шарифини ошкор қилмади. Унинг айтишича, жорий йилнинг 14 январ куни Конибодом туманидаги милиция ходимларининг отиб кетилиши воқеасига бу одамларнинг алоқаси бўлиши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, Конибодом туманидаги Давлат автомобил назоратининг икки ходими 14 январ куни туш пайтида “Опел-Астра” русумидаги автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжат талаб қилган. Биров ҳайдовчи ва унинг шериги ДАН ходимларига қарата тўппончадан ўқ узиб, воқеа жойидан яширинган. Милиция ходими Суҳроб Мажидов воқеа жойида ҳалок бўлган унинг ҳамкасби Акбар Турсунов эса оғир яраланиб, касалхонага ётқизилган.

Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шариф Назаровга кўра, бу воқеадан сўнг олиб борилган тезкор қидирув амалиёти давомида милиция ходимларига ҳужум қилганлардан бири йўқ қилинган, иккинчиси эса қочишга улгурган:

- Бу шахслардан бирининг яширинган жойи аниқланди. Қуролли қаршилик кўрсатганидан сўнг, у тезкор-қидирув гуруҳ ходимлари томонидан отиб ташланди. Унинг ёнидан иккита “Макаров” тўппончаси ва тарғибот-ташвиқот адабиётлари топилди, дейди Сўғд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шариф Назаров.

Сўғд вилоятининг Конибодом туманида истиқомат қилувчи ўқитувчилардан бирининг исми сир қолиши шарти билан айтишича, бу воқеадан сўнг вилоятдаги барча ҳуқуқ-тартибот идоралари казарма ҳолатига келтирилган:

- Акам милицияда ишлайди. Икки кундан буён ҳамма жой казарма. Хўжандга кетиш йўлларида милициялар туриб ҳар битта машинани тўхтатиб қаттиқ текширишяпти, дейди конибодомлик ўқиутвчи.

Сўғд вилояти прокуратураси берган маълумотга кўра, 2011 йил давомида вилоятда Ўзбекистон исломий ҳаракати ва Ҳизбут-таҳрир партиясига аъзоликда айбланган 72 кишига нисбатан очилган 11 та жиноят иши судга оширилган. Бу шахсларнинг ҳаммаси турли хил муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон исломий ҳаракати асли наманганлик Тоҳир Йўлдош ва Жума Наманганий томонидан 1998 йил охирида Толибон ҳукмронлигидаги Афғонистон ҳудудида таъсис этилган эди.

2001 йил Афғонистондаги АҚШ ҳарбий амалиëтлари пайтида ҳаракатнинг ҳарбий қўмондони Жума Наманганий ўлдирилганидан кўп ўтмай¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати ўз асосий базасини Покистоннинг Афғонистон сарҳадларига туташ қабилалар ҳудудида жойлаштирди.

Аммо АҚШ ва Покистон армиясининг бу ҳудудларни жанггарилардан тозалаш амалиëтларининг кучаюви оқибатида ҳаракат аъзоларининг кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб¸ қайта Афғонистонга ўтгани айтилади.

Ўзини Ўзбекистон режимига қарши мухолиф куч деб даъво қиладиган Ўзбекистон исломий ҳаракати 1999 йилда Сурхондарë вилоятининг тоғли ҳудудларига ҳужум қилиб¸ сўнгра Афғонистонга чекинган эди.

Ал-Қоида террор тармоғининг таркибий қисми сифатида кўриладиган ЎИҲ Ўзбекистон ва АҚШ ташаббуси билан дунëдаги террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.

XS
SM
MD
LG