Линклар

logo-print

Бишкек Остона билан шартномани янгилади, Тошкент билан эса йўқ


Шу йилнинг 16 январ куни Қозоғистон пойтахтида Қирғизистонга газ етказиб бериш бўйича икки мамлакат вакилларининг музокаралари бўлиб ўтди.


Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилди.

Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчиси Эсенгул Ўмуралиев, “Қирғизгаз” акциядорлик жамияти директорлар кенгаши раиси Бекмурат Султаналиев, “Қирғизгаз” бош директорининг ўринбосари Евгений Орленко, “ҚазМунайГаз” раисининг биринчи ўринбосари Данияр Берлибаев ва “ҚазТрансГаз” мутасаддилари иштирок этган мазкур учрашувда томонлар 2013 йилнинг биринчи чорагида Қирғизистонга табиий газнинг ҳар минг куб метрини 224 АҚШ долларидан етказиб бериш ҳақида келишиб олганлар. Айтилишича, шартнома муддати кейинги чораклар учун ҳам чўздирилиши мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон билан янги йил учун табиий газ нархи бўйича ҳали келишувга эришилмагани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозир “Қирғизгаз” “Ўзтрансгаз”дан газнинг ҳар минг куб метрини ўтган йилги нарх, яъни 290 доллардан олишда давом этаяпти.

Аввалроқ “Қирғизгаз” вакиллари ўзбекистонлик ва қозоғистонлик ҳамкасблари билан 2013 йилда етказиб бериладиган газ ҳажми бўйича келишиб олганларини, бироқ газ нархи бўйича музокаралар давом этаётганини билдиргандилар. Бу келишувга кўра, “Ўзтрансгаз” 2013 йилда Қирғизистонга (мамлакат жанубига) 100 миллион куб метр, “ҚазТрансГаз” эса мамлакат шимоли учун 300 миллион куб метр миқдорида газ етказиб бериши кўзда тутилган.

Ўтган йил охиридан бери “Ўзтрансгаз” билан газ нархи борасида музокара олиб бораётган “Қирғизгаз” вакиллари, шунингдек, 2013 йил учун қўшни мамлакатдан олинаётган табиий газнинг ҳар минг куб метри учун учун 253 доллардан тўлаш ҳақида сўзлашилаётганини маълум қилгандилар.

Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метр табиий газ қазиб олади. Шундан 20 миллиард куб метрга яқини хорижга сотилиши айтилади.
XS
SM
MD
LG