Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Ўзбек божхоначиси афғон экспортига тўсқинлик бўлаëтганини рад этди



Давлат Божхона қўмитаси расмийси Ўзбекистон Афғонистон қуруқ мевалари экспортига тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди. Унинг бундай баёнотига Афғонистон Савдо Палатасининг Россияга мўлжалланган 2000 тонна қуруқ мева Хайратон портида бир неча кундан бери ушлаб турилгани ҳақидаги иддаоси сабаб бўлди.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг Сурхондарё вилоят Бошқармаси расмийси ўз исми айтилмаслиги шарти билан Афғонистонда етиштирилган 2000 тонна қуруқ меванининг Ўзбекистон орқали Россияга экспорти тўхтатилганини инкор қилди:

- Бизга ҳозирча ҳеч ким мурожаат қилиб мана шунча қуруқ мевам бор¸ шуни олиб ўтиш бўйича менга рухсат беринглар¸ деб мурожат қилгани, биз унга йўқ, мумкин эмас, деган жойимиз йўқ. Бизга мурожаат бўлмаган. Гаплашган бўлсангиз, шу кишига бемалол бизга мурожаат қилиши мумкинлигини айтинг. Лекин Афғонистонни экспортига бизда ҳеч қандай тўсқинлик йўқ, деди Давлат Божхона қўмитасининг Сурхондарё вилоят бошқармаси расмийси.

Божхона қўмитаси ходими Афғонистонда етиштирилган қуруқ мева маҳсулотлари юз йилдан ортиқ вақтдан бери дарё транспорти орқали Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилиб, сўнг Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилингани ва бу уларнинг тарихий шаклланган йўли бўлиб қолганини қўшимча қилди.

Афғонистон.ру Интернет нашрининг 16 январ кунги хабарига кўра, Афғонистон Савдо Палатаси бир неча кун олдин Ўзбекистон Афғонистоннинг 2000 тонна қуруқ меваси Россияга Хайратон порти орқали экспорт қилинишини тақиқлагани ҳақида хабар тарқатди.

Афғонистоннинг Балх вилоятидаги хусусий транспорт ширкати соҳиби Аҳмад Шоҳ журналистларга қуруқ мевалар Афғонистоннинг шимолий ва жанубий вилоятларидаги савдогарларга тегишли эканини айтган.

Шоҳ шунингдек юк вагонларини тўрт кундан бери ушлаб турган Ўзбекистон божхонаси ходимлари қуруқ мевалар бошқа турдаги транспортда жўнатилишини талаб қилганини айтган.

Афғонистон Савдо Палатаси раҳбари ўринбосари Хон Жон Аликўзай эса Ўзбекистонни афғон тадбиркорларига тўсиқлар яратаётганликда айблаган.

Афғонистон расмийсига кўра, агар қуруқ мевалар бошқа транспортда жўнатилса, улар кўпроқ солиқ тўлашга мажбур бўлади.

Афғонистонлик тадбиркор Эломон Озодлик билан суҳбатда қуруқ мевалар чегарадан ўтказилмагани ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини айтди.

Мазори Шариф шаҳридаги Қишлоқ хўжалик соҳаси мутасаддилари билан сўзлашган Эломон Афғонистон томони мева маҳсулотларини ҳеч қачон поездда Ўзбекистон орқали экспорт қилмаганини айтади:

- Афғонистон савдогарларининг мева маҳсулотлари ҳеч қачон Ўзбекистонга поездда юборилмаган. Чунки бу ҳақда келишув имзоланмаган, деди афғонистонлик тадбиркор.

Афғонистонда 30 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида вайрон бўлган инфратузилмасини қайта тиклашда Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам бериб келмоқда.

Хусусан, Ҳайратон-Мозори Шариф шаҳарлари ўртасида ўзбекистонлик мутахассислар қурган 75 километрлик темир йўл 2011 йил декабр ойи охирида ишга тушди.

165 миллион долларлик мазкур лойиҳа Осиё тараққиёт банки гранти ҳамда Афғонистон ҳукумати ажратган 15 миллион доллар маблағ ҳисобига амалга оширилган.
XS
SM
MD
LG