Линклар

logo-print

Жазоирда гаровга олинганларни озод қилиш операцияси бошланди


Британия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, берилаётган хабарларга кўра, Жазоир шарқида жанггарилар гаровга олган газни қайта ишлаш иншоотида Жазоир армияси ҳарбий амалиётни бошлаган.

Маҳаллий фуқаролардан бирининг Рейтерс агентлигига айтишича, ҳодиса жойида кўплаб одамларнинг жасадларини кўриш мумкин. Жазоир армияси Ливия билан чегарадош минтақадаги Ин Амеин иншоотини қуршаб олган эди.

Ундан аввал Жазоир матбуоти, исломий жанггарилар томонидан гаровга олинган газни қайта ишлаб чиқариш заводидан 15 нафар хорижлик ва 30 нафар жазоирлик қочиб чиқишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар тарқатган эди. Саҳрои Кабирда, Ливия билан чегарадош ҳудудда жойлашган Жазоирга қарашли газни қайта ишлаш иншооти чоршанба куни исломий жанггарилар томонидан босиб олинган эди. Улар Франциядан Малидаги ҳарбий интервенцияни тўхтатишни талаб қилмоқда.


Пайшанба куни эрталаб Жазоир армияси исломий жанггарилар ғарбликларни гаровга олган завод қуршовини давом эттираётгани хабар қилинган эди.

Жанггарилар Саҳрои Кабирда жойлашган заводда 41 кшини гаровга олганини эълон қилиб, Франциядан Малидаги ҳарбий интервенцияни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Жазоир ҳукумати гаровгирлар билан музокара қилмаслигини баён қилди. Қўшма Штатлар ва ғарбнинг бошқа давлатлари бу ҳодисани террорчи ҳужуми дея атаб, қоралади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Виктория Нуланд, жумладан, бундай деди.

- Биз Жазоирнинг Ин Аменас минтақасида British Petroleum ходимларига қилинган ҳужумни қаттиқ қоралаймиз. Албатта, биз вазиятни яқиндан кузатмоқдамиз. Жазоир расмийлари билан алоқа ўрнатганмиз, шунингдек Жазоирдаги дипломатик ҳамкорларимиз ва British Petroleum ширкатининг Лондондаги қароргоҳи билан ҳам алоқадамиз, деди Нуланд.

АҚШ расмийси гаровга олинганлар орасида америкаликлар ҳам борлигини тасдиқлади.

- Биздаги сўнгги маълумотларга кўра, гаровдагилар орасида АҚШ фуқаролари бор. Уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан аниқ рақамларни айтмаслигимни тушунасиз деган умиддаман. Жазоир расмийлари ва уларнинг ишчилари билан бу масала хусусида ишлашда давом этарканмиз, бошқа тафсилотларга тўхталмайман.

Сўнгги хабарларга кўра, исломий жанггарилар томонидан гаровга олинган газни қайта ишлаб чиқариш заводидан 15 нафар хорижлик ва 30 нафар жазоирлик қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Ennahar хусусий телеканалининг исми сир тутилаётган расмийларга таяниб, хабар қилишича, гаровдан қочиб чиққан хорижликлар орасида француз эр-хотин ҳам бор.

Ундан аввал жанггарилар ўнлаб эркакни гаровга олгани ва чоршанба куни кечқурун Жазоир кучларининг заводни ишғол қилиш уринишини қайтарганини иддао қилди. Жазоир ҳукумати бу иддаоларни изоҳламади.

Гаровга олинганлар орасида Британия, Норвегия ва АҚШ фуқароларининг борлиги айтилмоқда.

Саҳрои Кабирдаги газ конида қурилган завод Норвегиянинг Статойл ширкати томонидан Британиянинг BP ва Жазоирнинг Сонатрак компаниялари билан биргаликда бошқарилади. Бу иншоот Жазоир қазиб оладиган умумий газ ҳажмининг 10 фоизини ишлаб чиқаради.

Италияга сафар қилаётган АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Америка Жазоирдаги ҳужум борасида “барча тегишли қадамларни амалга оширади”, дея баён қилди.

Жазоир Ички ишлар вазири Даҳо Оулд Кабила пайшанба куни қилган чиқишида, “хавфсизлик кучлари ҳодиса жойини қуршаб олгани ва иншоот ҳудудидаги ётоқхона комплексига биқиниб олган террорчиларни бурчакка тақаб қўйган”, дея маълум қилди.

Унинг айтишича, чоршанба куни эрталаб содир этилган ҳужум пайтида бир нафар Британия ва бир нафар Жазоир фуқароси ҳалок бўлган. Жароҳатланган олти киши ичида бир норвегиялик ва икки британиялик фуқаро бор, дея қўшимча қилди у.
XS
SM
MD
LG