Линклар

Қирғизистон парламентининг пайшанба кунги йиғилишида қилган чиқишида депутат Эгамберди Эрматов Ўзбекистон маданияти ва санъати арбоблари “Сўх воқеаси “га муносабат билдиришлари зарурлигини таъкидлади:

- Биз ҳар доим тинчлик ва муросада яшаб келганмиз. Элларимизнинг руҳий ва маданий ўзаги бир. Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари Сўх анклавидаги воқеалар боис таранг вазиятда қолмоқда. Афсуски, ўзбек зиëлилари бу инцидентга муносабат билдирмади. Мен ўзбек зиëлилари ва маданият арбобларини санъат воситасида халқлар ўртасидаги оға-инилик муносабатларини мустаҳкамлашга чақираман¸ деди қирғиз депутати.

Қирғиз депутатининг бу чақириғини биз Ўзбекистондаги бир қатор санъаткорларга¸ театр ва тасвирий санъат арбобларига етказдик.

Биз суҳбатлашган аксар санъаткорлар “Сўх воқеаси“ ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтиб¸ бу борада сукут сақлашни маъқул кўришди.

Биз мурожаат қилган ўнлаб ўзбек маданият арбоблари ва зиëлиларидан фақат уч нафари “Сўх воқеаси“ борасида ахборотга эга эканлиги ва қирғиз депутати фикрига муносабат билдиришга ҳозир эканини айтди.

Сўхга бориб АРТ-ПРОЕКТ қилмоқчиман¸ аммо паспортимни олиб қўйишган¸

дейди таниқли рассом Вячеслав Охунов Озодлик билан суҳбатда:

- Мен Сўхга бориб бошқалар билан бирга қўшма кўргазма ўтказмоқчи эдим. Қўшма кўргазма тадбирнинг бир тарафи. Думалоқ стол қилиб¸ мулоқот қилиши керак қирғиз ва ўзбек рассомлари. Рассомларни думалоқ стол атрофига ўтказиб муаммолар борасида мулоқотни бошлаш керак. Қуш тилини қуш билади. Фақат буни ким қилади? Қандай қилади? Мен Сўхга бормоқчи эдим¸ аммо чиқиш виза йўқ. ОВИР идораси менга паспорт бермаяпти¸ дейди Вячеслав Охунов.

Суҳбатдошга кўра қирғиз депутатининг чорловида жон бор:

- У мулоқот зарур, деб тўғри айтди. Мулоқот зарур. Биринчи навбатда, маданият арбоблари мулоқоти. Мулоқотга чорлаб бошқаларга намуна бўлиш рассомларнинг бурчи¸ дейди Вячеслав Охунов Озодлик билан суҳбатда.

Муаммони сиëсатчилар ҳал қилсин

Ўзбекистонлик яна бир таниқли рассом Давронбек Йўлдошев қирғиз депутатининг ташаббусини маъқуллаган ҳолда Сўх муаммоси ечими сиëсатчилар қўлида деган фикрда собит:

- Бу масала сиëсатга боғлиқ гап. Буни конструктив равишда фақат маданият ходимлари эмас, буни, албатта, давлат ходимлари, Ташқи ишлар вазирлиги столга ўтириб ҳал қилишсин¸ переговор дейди буни, ҳар икки мамлакатдан нормал равишда буни ҳал қиладиган қирралари бор бу масаланинг.

Муаммо ечими фақат бизларнинг кўргазмамиз у ерда ўтказиш мумкин бўлган ëки бу ерда ўтказиш мумкин бўлган кўргазма билан битадиган нарса эмас. Юзаки ëндашиш бу масалага. Бошқача ëндашиш керак бунга. Бунинг сабаблари чуқурроқ. Албатта, мен қарши эмасман. Маданият ходими сифатида унга жавоб бериш мумкинки, Сўхга бориб бизлар имкониятимиз борича қанақадир ижодий тадбирлар ўтказсак ëки у ердаги фуқатроларимиз марказга келиб, тадбирлар ўтказса, бу яхши. Имконият бўлса. Ҳозир у ерга бориш қийин бўлиб турибдику. У ерга ҳозир кириш-чиқиш имкониятлари йўқку¸ деб таъкидлаган суҳбатдош қирғиз депутати чақириғини маъқуллашини айтди:

- Эрматовнинг мурожаати ëмон мурожаат эмас, яхши мурожаат. Агар у сидқидилдан ўзбек халқи қирғиз халқи билан руҳан яқинлашишини истаса, бир қанча йўллардан биттаси бўлиши мумкин. Бу билан чегараланиб қолиш керак эмас. Яхши нормал таклиф. Рассомлар, ижодкорлар ўз фикрини, нормал қабул қилиш мумкин буни. Қандай қилиш мумкин? Масалан, кўргазмалар ўтказиш мумкин¸ дейди рассом Даврон Йўлдошев.

Сўх борасида ахборот йўқ

Биз суҳбатда бўлган санъаткорлар Сўх воқелари борасида ахборотнинг ўзбек матбуотида деярли йўқлигидан таассуф билдиришди.

- Ҳақиқатан нима бўлаëтганини ҳали ҳамма англаб етмади. Бунга ëруғлик киритиш учун жиддий ўрганиш керак. Ичига кириб ўрганиш керак. Фақат битта-яримта одамнинг айтгани билан ëки эшитгани билан вазиятга ëруғлик кирита олмайди¸ дейди Даврон Йўлдошев.

Рассом Вячеслав Охунов ҳам Сўх воқеалари борасида ахборот йўқлигини айтади:

- Нима бўлганини биз аниқ-тиниқ билмаяпмиз. Ким ҳақ¸ ким ноҳақ деган саволга ҳам жавоб йўқ. Бизга чалкаш маълумотлар етиб келмоқда, холос. Холбуки Сўх рассомлар тарафидан севилган. Ўрол Тансиқбоевдан тортиб менинг отамгача Сўх манзарасига ошиқ бўлишган. Сал олдинроқ биз фарғоналик рассомлар билан Сўхга ижодий иш қилиш учун борган эдик. Ўзбекистоннинг бу бўлагида нима бўлаëтгани ҳақида бизга гапиришмаяпти¸ дейди Вячеслав Охунов.

Икки ўзбек рассоми айтган бу муаммо¸ яъни “Сўх воқеаси“ борасида ахборотни излаб топиб керакли қулоқларга етказиш ҳам зиëлилар иши¸ дейди мустақил ўзбек журналисти Алексей Волосевич Озодлик билан суҳбатда.

- Биринчидан¸ ўзбек маданият арбоблари бу ҳақда гапиришлари керак. Интернетда¸ хорижий радиоларда. Улар бу низога жамоатчилик назарини қаратишлари лозим. Улар бу воқеа унутилмаслиги учун ҳаракат қилишлари керак. Зеро Ўзбекистон матбуоти бу борада жим. Маданият арбоблари¸ журналистлар Сўх воқеаси борасидаги ахборот зарраларини йиғиб информацион бўшлиқни тўлдиришлари керак. Чунки Қирғиз матбуоти ўзбекистон фуқароларининг қирғиз харбийлар тарафидан ярадор қилингани ҳақида жимлик сақламоқда¸ дейди журналист.

Ўзбекистон каби ўта марказлашган давлатда анклавлардаги ҳаëт муаммоларини яҳши биладиган рассом Давронбек Йўлдошев яшаëтган Хоразм вилояти ҳам Ўзбекистон ҳудудидан қисман ажралган:

- Биз фақат дарë билан ажралганмиз. Ўзбекистон ҳудудидан дарëдан ўтишда проблема йўқ. Чунки бу бошқа мамлакат ҳудуди эмас. Сўхда у масала жиддий. Ҳақиқатан Ўзбекистонга тушиш учун Қирғизистонга кириб Ўзбекистонга чиқиши керак. Шунинг учун ҳам бу масала жиддий.

Собиқ СССР даврида Сўхга кирганман, кўрганман. Солиштириб бўлмайди бизларнинг ўтиришимиз билан уларнинг ўтиришини. Уларда анча мураккаб. Табиат нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, жаннатмакон жой. Табиати жуда гўзал. Этник жиҳатдан ҳам жуда қизиқли жой. Рассом сифатида менимча жуда гўзал жой. Одамлар нормал яшаши учун табиатнинг ўзи бироз камлик қилади. Одамларнинг шароитини яхшилаш керак¸ дейди рассом Давронбек Йўлдошев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG