Линклар

Жазоирда гаровдагиларни озод қилиш амалиёти бошланди


Британия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, берилаётган хабарларга кўра, Жазоир шарқида жанггарилар гаровга олган газни қайта ишлаш иншоотида Жазоир армияси ҳарбий амалиётни бошлаган.

Маҳаллий фуқаролардан бирининг Рейтерс агентлигига айтишича, ҳодиса жойида кўплаб одамларнинг жасадларини кўриш мумкин. Жазоир армияси Ливия билан чегарадош минтақадаги Ин Амеин иншоотини қуршаб олган эди.

Жанггарилар чоршанба куни газни қайта ишлаш заводида ишлаган ўнлаб хорижликни гаровга олган эди. Улар Франциядан Малидаги ҳарбий интервенцияни тўхтатишни талаб қилди.

Жазоир ҳукумати гаровгирлар билан музокара қилмаслигини баён қилди. Қўшма Штатлар ва ғарбнинг бошқа давлатлари бу ҳодисани террорчи ҳужуми дея атаб, қоралади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, пайшанба кунги операция пайтида 34 асир ва 14 гаровгир ўлдирилган.

Жазоир ҳукумати бу хабарларга муносабат билдирганича йўқ. Ундан аввал Жазоир матбуотида газни қайта ишлаб чиқариш заводидан 15 нафар хорижлик ва 30 нафар жазоирлик жанггарилар қўлидан қочиб чиқишга муваффақ бўлганини хабар қилди.
XS
SM
MD
LG