Линклар

logo-print

Ўзбекистонда доменларни 10 йилгача рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди



UZINFOCOM маркази доменларни 10 йилгача рўйхатга олишга рухсат берилганини билдирди. Бу қарорнинг Интернет сайтларининг бир маромда фаолият юритиши ва ўз муштарийларини йўқотмаслигига ҳисса қўшиши айтилмоқда.

UZINFOCOM Компютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва амалга ошириш марказининг UZ миллий доменини ривожлантириш гуруҳи бош мутахассиси Владислав Дейхин Озодлик билан суҳбатда деменларни 10 йилгача рўйхатдан ўтказишга рухсат беришдан мақсад Интернет сайтлари бир маромда фаоллият олиб боришини таъминлашдан иборат эканини айтади:

- Асосий мақсад - фойдаланувчилар ўз доменларининг рўйхатга олинганлик муддати тугаганидан сўнг қайта рўйхатдан ўтишни унутмасликларини таъминлаш. Чунки рўйхатга олинганлик муддати тугаганидан кейин домен бошқа ҳар қандай шахс фойдаланиши учун очиқ бўлиб қолади, деди Владислав Дейхин.

UZINFOCOM мутахассисига кўра, регистрация муддатининг узайтирилиши доменларни бошқаришни енгиллаштиради ва регистрация муддати тугаганидан кейин турли сабабларга кўра узайтирилмаган доменлар йўқолиб кетиши хавфини камайтиради.

Унга кўра, ўз доменини 8-10 йилга рўйхатдан ўтказадиганлар қайта-қайта шартнома тузиш, пул тўлаш каби расмиятчиликдан қутулади ва уларга катта тўлов чегирмалари берилади.

Дейхин 2009 йилда UZ домени рўйхатга олиш муддати бир йилдан уч йилгана бўлгани, 2011 йилда эса бу муддат уч йилдан беш йилгача узайтирилганини айтди.

Унга кўра, ҳозир Ўзбекистонда доменларни рўйхатга олувчи ўндан ортиқ ширкат фаолият юритмоқда:

- Ҳозир бизда Саркор, Томас, БСС каби рўйхатга олувчи 11та компания фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ҳаммасида нархлар ҳар-хил. Рўйхатдан ўтиш учун бир йилга 25 мингдан 30 минг сўмгача пул тўланади. Ҳатто Ўзбекистон резиденти бўлмаганлар ҳам бирдек пул тўлайди¸ дейди мутахассис.

Владислав Дейхин АҚШ ёки бошқа давлатда яшайдиган шахслар Ўзбекистонда яшамаса ёки ишламаса ҳам электрон тўловларни амалга ошириб¸ UZ домен зонасида рўйхатдан ўтишлари мумкинлигини айтди.

Дейхин 1995 йилда ташкил этилган UZ миллий доменида 2013 йил 17 январга қадар 15 минг 826 та домен рўйхатга олинганини билдирди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълумотига кўра, 2012 йилда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилари сони 9 миллиондан ошган.

Айни пайтда, UZ доменида мустақил ахборот ёки сиёсий сайтлар йўқ.

Ўзбекистонда эркин ахборот берадиган бошқа хорижий доменларга кириш учун тўсиқ қўйилган.

Кенг тасмали алоқа ва Интернет тармоғини ташхис этувчи дастурлар билан шуғулланувчи Ookla ширкати 2013 йил 10 январ куни эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонни Интернет тезлиги энг суст ва заиф бўлган давлатлар қаторига қўшди.

Ўзбекистон Интернетдан маълумотлар юклаб олиш тезлиги бўйича 180 та давлат ичида 166-ўринни (1,81 Мбс) эгаллаган.
XS
SM
MD
LG