Линклар

Қирғизистон парламентининг 17 январ куни ўтказилган ёпиқ йиғилишида депутатлар Боткен вилоятидаги “Чарбақ” чегара заставаси ва Ўзбекистоннинг Сўх анклавида юзага келган вазиятни муҳокама қилдилар. Депутатлар Қирғизистон парламентининг бу хусусдаги қарорини асос сифатида қабул қилиб, кўриб чиқишни бошлади.

15 банддан иборат бўлган бу қарорда, икки давлат ўртасидаги чегараларда делимитация ва демаркация ишларини фаоллаштириш, анклав периметлари бўйича инженер-тўсиқ қурилмалари ўрнатиш масаласини ҳал қилиш, хорижий фуқароларнинг Қирғизистон фуқаролари мулкига етказган зарарини ундириш каби масалалар кўриб чиқилиши белгиланган.

Қирғизистон парламенти бу масала бўйича 19 январ куни қарор қабул қилади.

Қирғизистон парламенти ўзбек-қирғиз чегарасида юзага келган можарони кун тартибига қўйиб¸ Сўхдаги вазият қирғиз нашрлари диққат-марказида қолаëтган бўлса, айни пайтда бу ҳақда Ўзбекистон парламенти ҳам, мамлакат оммай ахборот воситалари ҳам лом-мим демаëтир.

Айни пайтда, Ўзбекистон Сўх воқеасида моддий зиён кўрган қирғизистонликларга 56 минг доллар товон пули тўлаб берди.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткендаги ваколатхонаси тарқатган хабарда айтилишича, товон пули сўхликлар томонидан пачоқланган қирғизистонликларга тегишли 12 та автомашина учун тўланган. Товон пули ҳар бир машина эгасига топширилган. Шундан сўнг ўзбек ва қирғиз расмийлари товон пули тўлангани тўғрисидаги протоколни имзолаган.

Ўзбекистоннинг яна Қирғизистон электр тармоғи ва аҳоли уй-жойларига келтирилган зиён учун яна тахминан 8000 долларлик зарарни қоплаши айтилмоқда.

Сўх жанжали оқибатида зарар кўргани айтилаётган қирғизистонликларга тўланадиган товон пули маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлардан йиғилаётгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Айни пайтда жабр кўрган ўзбекистонликлар учун Қирғизистон томони қандай товон тўлаши ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ. 5 январдаги Сўх жанжалида беш нафар ўзбекистонлик қирғизистонлик чегарачилар отган ўқдан яраланган эди. Улардан бири, биқинидан ўқ еган Шакар Абдуфаттоевнинг комадан чиққани, бироқ аҳволи ҳануз оғир эканлиги айтилади.

Сўх жанжалидан сўнг Қирғизистон томони чегарага тиканли симлар тортишни бошлади. Қирғизистоннинг Боткен вилояти расмийси Абдиназар Эргешов пайшанба куни Озодлик радиосининг қирғиз хизмати мухбири билан суҳбат чоғида ишчилар Сўх билан Боткен ўртасидаги 136 километрлик чегаранинг 10 километрлик қисмига тиканли сим тортила бошлаганини маълум қилди.

17 январ куни Қирғизистон томони Ўш шаҳридан Ўзбекистонга ўтадиган “Дўстлик” чегара ўтказув пунктини ёпиб қўйди. АКИпресс ахборот агентлигининг хабар беришича, Қирғизистон Ички ишлар вазири Шамил Атаханов бу ҳолатга изоҳ берар экан, бу ҳаракатнинг “ўзбек томонининг Қирғизистонга ўтадиган етти йўлни ёпиб қўйганига жавоб” эканлигини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG