Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:32

АҚШ “Манас” базасида қолиш юзасидан сўзлашув олиб бормоқда



АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Бишкекда Қирғизистон раҳбарлари билан музокара олиб бормоқда. АҚШ ҳарбийларининг Бишкекдаги “Манас” транзит марказидан фойдаланиш муддатини узайтириш музокаралардаги асосий масала экани айтилмоқда.

17 январ куни Бишкекда журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида Роберт Блейк Қирғизистон раҳбарлари билан олиб борилаётган музокаралар қандай натижа билан тугаши ҳақида аввалдан ўз фикрнини билдира олмаслигини айтди:

- Биз Манас транзит марказининг келажаги борасида Қирғизистон Республикаси билан музокараларни давом эттираяпмиз. Бироқ мен сўзлашувлар натижаси ҳақида олдиндан фикр билдиришни хоҳламайман, дея баёнот берди АҚШ расмийси.

Матбуот анжуманида Роберт Блейкка "Қўшма Штатлар Қирғизистонда “Манас” каби янги транзит маркази қуриши мумкинми?" деган савол берилди.

АҚШ мулозими Қирғизистонда янги транзит маркази ташкил этиш 2014 йилдан кейин Афғонистонда АҚШнинг қанча аскари қолиши хусусида Кобул расмийлари билан олиб борилаётган музокараларга боғлиқ эканини айтди:

- Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўтган ҳафта АҚШ президенти Барак Обама билан учрашди. Улар Қўшма Штатлар ва Афғонистон ўртасида хавфсизлик масаласида олиб борилаётган музокаралар жараёнини муҳокама қилишди. Икки томонлама музокаралар тугаганидан сўнг¸ Афғонистонда 2014 йилдан кейин АҚШнинг қанча аскари қолиши маълум бўлади, деди АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси.

Роберт Блейк 2012 йилда Вашингтон “Манас” транзит маркази ижараси, солиқлар ва бошқа тўловлар кўринишида Бишкекка 200 миллион доллар ўтказганини билдира туриб¸ бу Қирғизистонга кўрсатилаëтган ëрдамнинг ҳаммаси эмаслигини таъкидлади:

- Биз Қирғизистон президенти билан АҚШнинг Қирғизистон республикасига бошқа ёрдам дастурларини ҳам муҳокама қилдик. Ўтган йил бундай ёрдам 40 миллион доллардан ошди. 1992 йилдан бери 1,3 миллиард долларни ташкил қилди.

Хабарларга кўра, чоршанба куни президент Атамбаев Блейкка 2014 йилгача ҳеч қандай ҳарбий қисм ёки ҳарбий қурилмалар қолмаслиги кераклигини айтган.

НАТО Афғонистондаги халқаро кучларга зарурий таъминотни етказиш учун “Манас” транзит марказидан фойдаланиб келмоқда.

Айни пайтда¸ Қирғизистон шимолидагши Кант шаҳрида Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган.
XS
SM
MD
LG