Линклар

Ўзбекистон томони Қирғизистон билан чегарасидаги “Дўстлик” ўтказиш пунктини ёпди. Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Закир Тиленов Ўзбекистон чегарани нима сабабдан ёпганини изоҳламаганини айтди. Қирғизистон ички ишлар вазири Шамил Атаханов эса бу воқеани “Ўзбекистоннинг Қирғизистонга нисбатан жавоб чораси” сифатида шарҳлади.

Ўзбекистон “Дўстлик” чегара ўтказиш пунктини бир томонлама ёпгани ҳақида 17 январ куни кечга яқин Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Закир Тиленов маълумот берди.

- Бугун эрталабдан бизнинг фуқароларимизни Ўзбекистонга киргизмаяпти, Ўзбекистон фуқароларини Қирғизистонга ўтказмаяпти. Аммо Ўзбекистонда қолиб кетган фуқароларимизни биз томонга, Қирғизистонда қолиб кетган фуқароларини эса Ўзбекистонга ўтказишаяпти. Чегарадан учинчи давлат фуқаролари ҳам бемалол ўтаяпти. Чегара фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари учун ёпилган холос, - деди Закир Тиленов.

Расмийнинг айтишича, Ўзбекистон чегара нега ёпилганини изоҳламаган. Бу маълумотни Қирғизистон ички ишлар вазири Шамил Атаханов ҳам тасдиқлади.

Вазир қирғиз матбуотига берган суҳбатида Қирғизистон Ўзбекистон билан чегарасидаги етти ўтказиш пунктини ёпиб қўйганини айтди. “Шунинг учун ўзбек томони Қирғизистонга жавоб чораси қаторида “Дўстлик” чегара пунктини ёпиб қўйган бўлиши мумкин”, деди Шамил Атаханов.

“Дўстлик” чегара ўтказиш пункти Ўш шаҳрига яқин жойда жойлашган. Бу чегара пункти Қирғизистон жанубидан Ўзбекистонга ўтиш мумкин бўлган ягона бекат ҳисобланади. Қолган 17 чегара пункти эса Ўзбекистон томонидан 2010 йилда ёпилганича хануз очилгани йўқ эди. 5-7 январ кунги Сўх воқеасидан сўнг эса Қирғизистон томони чегарани ёпгани учун Ўзбекистоннинг Сўх тумани қамал ҳолатида қолган ва бу ерда озиқ-овқат, бензин муаммоси юзага келиб, нархлар қимматлаб кетган эди.

Сўх жанжалидан сўнг Қирғизистон томони чегарага тиканли симлар тортишни бошлади. Қирғизистоннинг Боткен вилояти расмийси Абдиназар Эргешов 17 январ куни Сўх билан Боткен ўртасидаги 136 километрлик чегаранинг 10 километрлик қисмига тиканли сим тортила бошлаганини маълум қилган эди.

“Дўстлик” чегара пунктининг ёпилиши эса сўхликлар қаторида минглаб қирғизистонликларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйди.

- Менинг ота-онам, қариндошларим Ўзбекистонда яшайди. Онам касал бўлиб қолибди. Бориб келай десам чегарани ёпиб қўйишибди. Қозоғистон, Россияга бемалол бориб келамиз, Ўзбекистонга ўтиш учун эса шунча муаммо. Чегара ёпилмаган пайтда ҳам Ўзбекистонга ўтиш учун 5-6 соатлаб навбат кутишга тўғри келарди, -деди чегарадан ўтолмай қолган ўшлик Собира Азимова.

“Дўстлик” чегара пунктининг ёпилиши Қирғизистонга иқтисодий зарар ҳам келтиради. Чунки бу чегара бекатидан Қорасув бозорига савдо қилиш учун келган ўзбекистонликлар ўтар эди. “Дўстлик” пунктининг ёпилиши 2010 йилда Ўзбекистон томонидан 17 чегара ўтказиш пункти ёпилганидан кейин Қорасув бозорида юзага келган вазиятни янада оғирлаштириб юборди, дейди Ўш вилояти Қорасув туманида ячшовчи ишбилармон Шухрат Эшонов.

- 2010 йилда чегаралар ёпилганидан кейин Қорасув бозоридаги савдогарлар банкдан олган кредитларини уйларини сотиб узишди. Бугунги кунда ҳам кўпчилик бозордаги контейнерларини сотиб Россияга кетаяпти. “Дўстлик” чегарасининг номаълум муддатга ёпилгани эса бу вазиятни янада оғирлаштиради. Қорасув бозори Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятидан келган минглаб одамларни боқиб турган эди, -деди Шухрат Эшонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG