Линклар

Красноярскда икки мардикор қийнаб ўлдирилди


Ўлдирилган ўзбек мардикорлари жасади Енисей дарëсига чўктирилган.

Ўлдирилган ўзбек мардикорлари жасади Енисей дарëсига чўктирилган.


Маҳаллий полиция Красноярскда икки нафар Ўзбекистон фуқаросини қийнаб ўлдирганликда айбланаётган шахсларни қўлга олди. Мардикорларнинг ўлдирилишига йўқолиб қолган оддий пармалаш ускунаси – перфоратор сабаб бўлгани айтилмоқда.


2013 йилнинг 11 январида Красноярск шаҳар полиция бўлимларидан бирига 55 ва 53 ëшдаги икки нафар яқин қариндоши йўқолиб қолгани аризаси билан ўзбекистонлик шахс мурожаат қилди.

Кўп ўтмай оператив тергов ходимлари Ўзбекистон фуқароларини қийнаб ўлдирганликда гумон қилиб 36 ва 37 ёшли россиялик икки фуқаро ҳибсга олинганини хабар қилди.

Красноярск ўлкаси бўйича Тергов қўмита бошқармаси расмий вакили Ольга Шаманская Озодлик билан суҳбатда исми ошкор этилмаётган рус фуқароларига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми (икки ёки унда ортиқ шахснинг ўлдирилиши) асосида жиноий иш қўзғатилганини билдирди:

- Бу ўзбеклар қурилиш объектларидан бирида ишлаб келган. Қурилаётган уй эгаси ва айни пайтда қурилиш фирмаси хўжайини уларни перфоратор ўғирлаганликда гумон қилган. Аввалига у ўзбеклардан бирини қийноққа солган – оёғидан гараж шифтига боғлаб калтаклаган. Бироқ бу ўзбек ўғирлик содир этмаганини айтганидан кейин иккинчисини олиб келган ва уни ҳам қийнаган, дейди Ольга Шаманская.

Терговчининг сўзларига кўра, исми ошкор этилмаётган Ўзбекистон фуқаролари қийноқлар остида ҳам ўғирликка алоқалари йўқлигини айтишига қарамасдан¸ қурилиш эгаси уларни жони чиққунга қадар қийнашдан тўхтамаган:

- Ўзининг бир таниши билан бу шахс ўзбекистонликларни Красноярскдан ташқарига Енисей дарёси бўйига машинада олиб чиққан. Мардикорлардан бирини у совуқ сувга боши билан тиқиб, перфоратор қаерда эканини аниқламоқчи бўлган. Кейин сувга тиқилиб ўлганини аниқлагач, иккинчи гувоҳдан қутулиш мақсадида унинг оғзига ароқ қуйган ва уларни Енисей даресида чўктириб юборган, дея тергов давомида аниқланган қотиллик тафсилотларини маълум қилди Ольга Шаманская.

Шаманская ўзбек муҳожирларини ўлдиришда бевосита яна бир красноярсклик шахс иштирок этгани аниқлангани ва у ҳам жавобгарликка тортилганини қўшимча қилди.

Красноярскнинг Песчанка қўрғонидаги ишлаб чиқариш базаси ҳудудида 2012 йилнинг декабр бошларида содир бўлган бу воқеа тергови билан шуғулланаëтган полиция ва оператив хизмат ходимлари ҳозирда Енисей дарëсига чўктирилган жасадларни қидирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG