Линклар

logo-print

Зарифий: Чегаралар масаласида "тирик жойни кесиш" нуқтасига келдик


1924 йилги ҳолат бўйича Сўх эксклав эмас, Ўзбекистон билан туташ ҳудуд бўлган, дейди собиқ қирғиз расмийси.

1924 йилги ҳолат бўйича Сўх эксклав эмас, Ўзбекистон билан туташ ҳудуд бўлган, дейди собиқ қирғиз расмийси.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Хамрохон Зарифий қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистон билан чегараларни аниқлаш билан боғлиқ жараён “тирик жойни кесиш” нуқтасига келди, дея баён қилди.


Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Сўх эксклавида чиққан чегара можароси муносабати билан тожик журналистлари берган саволга жавоб берар экан, Зарифий “тирик жойни кесиш” деганда уч давлат ўртасидаги чегараларнинг аҳоли пунктларидан ўтадиган қисмлари ҳамон аниқланмагани назарда тутилаётгани, бу эса вазиятни мураккаблаштираётганини таъкидлади.

- Яқиндагина Хитой Халқ Республикаси билан бу масалада музокаралар якунланди. Лекин бошқа қўшнилар – Қирғизистон ва Ўзбекистон билан сўзлашувлар давом этмоқда. Афғонистон билан бу борада музокараларни ҳали бошлаганимиз йўқ, ҳозирча фақат ҳуқуқий базани ишлаб чиқяпмиз. Қирғизистон ва Ўзбекистон билан масалани оғриқсиз ҳал қилиш мумкин бўлган жойларда деярли келишиб олганмиз. Баъзи жойларда 80 фоиз, бошқа жойда 50 фоиз, 90 фоизга чегаралар аниқланган. Лекин, афсуски, биз “тирик жойни кесиш” керак бўлган чизиққа келиб қолдик. Бу нима дегани, гап аҳоли пунктлари, шаҳарлар ҳақида, кўп йиллардан бери одамлар яшаб келган жойлар ҳақида кетяпти, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазири.



Чегара ҳудудларида жиддий можаролар чиқмаслиги учун, мазкур масала “кимдир ғалаба қилади” қабилида эмас, ўзаро муросали нуқталарни топган ҳолда ҳал этилиши лозим, дея баён қилди Зарифий.

- 20-асрда чегараларни ўтказиш жараёнида ҳал этилмаган масалалар қолган. Маъмурий чегара, деб белгиланган чегара чизиқлари билан ҳеч ким шуғулланмаган. Бугун бу масалани ҳал қилиш учун жиддий иш олиб борилиши керак. Қўшнилар билан муроса нуқталарини топиш учун мураккаб музокаралар ўтказиш эҳтиёжи бор. Бу ерда қайсидир томон ғалаба қиладиган вазият бўлмаслиги керак. Чегаралар тарихий ҳужжатларга асосланган ҳолда ҳал этилиши лозим, деди Зарифий.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири бундай ҳужжатлар Россиядаги архивларда борлигини айтиб, мазкур тарихий архивлардан фойдаланиш имкони берилишини сўраб, Россия расмийларига мурожаат қилганини ҳам қўшимча қилди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон Боткен вилояти билан ўраб олинган Сўх эксклавида 5-7 январ кунлари икки мамлакат фуқаролари ўртасида можаро чиқди.

Қирғизистон чегарачиларининг ўт очиши оқибатида 5 нафар ўзбекистонлик яраланганини Сўх расмийлари Озодликка маълум қилди. Ўзбекистонликлар эса ўнлаб Қирғизистон фуқаросини гаровга олди ва кейинчалик қўйиб юборди.

Айни пайтда, Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани икки ҳафтадан бери қамалда қолмоқда. Чегараларни ёпиб қўйган Қирғизистон томони, 17 январ куни Сўх эксклави атрофини тиканли сим билан ўрашни бошлади.

Боткен вилояти расмийси Абдиназар Эрегешов пайшанба куни Озодликка ишчилар Сўх билан Боткен ўртасидаги 136 километрлик чегаранинг 10 километрлик қисмига тиканли сим торта бошлаганини маълум қилди.

Тиканли сим можаро келиб чиққан Қирғизистоннинг Чарбақ қишлоғи билан Сўхнинг Ҳушёр қишлоғи ўртасидан тортилмоқда.

Ўтган ҳафта, Давлат чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича Қирғизистон – Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиянинг собиқ вакили Саламат Аламанов, Озодлик билан суҳбатда, Сўх билан Боткен вилояти ўртасидаги чегараларни аниқлаш бўйича музокараларда Ўзбекистон 1924 йилги чегараларга қайтишни талаб қилаётганини таъкидлади.

- 1924 йилги ҳолат бўйича эса, Сўх анклав эмасди, балки Ўзбекистон билан туташ бўлган, Сўхнинг жанубий четигача чўзилган ҳудуд эди. Масаланинг Тошкент қабул қилиши мумкин бўлган ечими мана шу позиция билан боғлиқ, деди Қирғизистон ҳукуматининг собиқ мулозими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG