Линклар

Россиянинг Томск шаҳрида 15 йилдан буён яшаб келаётган асли тошкентлик Станислав Микрюков Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин. Журналист Томск маъмурияти ва полиция бошлиқларини ўз мақолаларида танқид қилгани учун мамлакатдан бадарға қилинаётганини гапирмоқда.

Томск шаҳар Федерал миграция хизмати бошқармаси келгуси икки ҳафта ичида маҳаллий ҳокимиятни анча йиллардан буён танқид қилиб келаётган томсклик журналист Станислав Микрюковни Ўзбекистонга депортация қилиши тўғрисида қарор чиқарди.

“Эхо Москви” радиосига берган интервюсида Томск Миграция бошқармаси раҳбари муовини Екатерина Егорова Микрюковнинг депортацияси унинг сиёсий ёки журналистик фаолияти боғлиқ эмаслигини билдирди.

- У Ўзбекистон фуқароси, Россияда вақтинчалик яшаш ҳуқуқи у томонидан содир этилган иккита маъмурий қонунбузарлик учун бекор қилинди,- дея Станиславнинг депортация қилиниши сабабларини тушунтирди ФМХ расмийси.

Егорова Микрюков биринчи маротаба ўзининг яшаш жойини аниқ кўрсатмагани, иккинчи маротаба яшаш жойи манзилини нотўғри кўрсатгани учун мамлакатдан чиқариб юборилаётганини айтди.

Шунингдек, жамоатчилик орасида қизғин муҳокамага сабаб бўлган бу ҳодисага Томск ФМХ бошқармаси раҳбари Александр Романов ҳам муносабат билдириб, “Микрюков 2012 йилнинг ўзида икки маротаба миграция қонунчилигини бузгани ва бу шахс маҳаллий миграция бўлимига бирор маротаба мурожаат қилмагани боис фуқаролик олмаганини” ҳам қўшимча қилди.



Озодликка берган интервьюсида Станислав Микрюков Томскда 1997 йилдан буён яшаётгани, 2002 йилда Томск политехника университетини битиргани ва ўтган йиллар давомида бир неча бор фуқаролик сўраб мурожаат қилгани, бироқ негадир айнан ўзбекистонликларга Россия фуқаролагини олиш ўта мураккаб эканинини гапиради.

- Ўзбекистон билан боғлиқ мураккабликлар жуда кўп, мана Қозоғистон билан икки тарафлама шартномалар бўлгани боис ўта осонлиштирилган процедуралар. Мен неча маротаба борган бўлсам улар менинг устимдан мазах қилишадими, билмадим... Гап шундаки, 2006 йилда мен “Мир” газетасида губернатор Виктор Крессга қарши катта материал чоп этган эдим. Шу даврдан менда катта муаммолар пайдо бўлди, менга ҳатто жисмоний тазйиқ ўтказиш билан қўрқитишмоқчи бўлишди. Мен ўшанда Крессга қарши яна битта компромат чоп этдим,- дейди Станислав Микрюков.

2011 йилда у ниҳоят вақтинчалик яшаш рухсатномасини олди ва 2012 йилда фуқаролик олишга ҳужжатларни топширди. Шу йилда у “Новотомск” нашрига ишга ўтиб, катта лавозим эгаллаб келатёганларнинг порахўрлиги, қаллоблиги ва ўғрилигини фош этувчи танқидий мақолалари билан танилди.

“14 январ куни яшаётган уйимга Томск вилоят ФМХ ходимлари келиб Россияни 15 кун ичида тарк этиш билдиришномасини топшириб кетишди”, дея давом этади Станислав.

- Кейинчалик мен бу одам Томск вилоят Миграция бошқармасига менга фуқаролик бермаслик буйруғини берганини аниқладим. Шунингдек, мен вилоят ИИБси бошлиғи жаноб Митрофановнинг уйлари масаласида берган материалларим менга маҳаллий тизимларнинг қизиқишини ошириб юборди. Мен 15 кун ичида чиқиб кетмасам, депортация қилинар эканман. Ваҳоланки, мен бу тузилмани ичидан жуда яхши биламан: ФМХнинг минтақавий бўлимларида “нақд пул”нинг катта ҳажми айланади, деярли ҳамма нарса пулга қилинади,- дейди Озодликка ФМХнинг бу қарори устидан шикоят билан юқори инстанцияларга мурожаат қилганини гапирган Микрюков.

“Живой журнал”даги саҳифасида Станислав Микрюков депортация қилинаётганига танқидий материалларидан ташқари мухолиф кучларга хайрихоҳлиги ва сиёсий фаолияти ҳам сабаб бўлган бўлиши эҳтимолини кўрсатди.

Ўзини қочқин деб ҳисоблаётган журналист Микрюков ҳозирда Чилонзорда унинг укаси ва онаси яшаётгани, Ўзбекистонга қайтиб кетадиган бўлса жиддий муаммоларга учраши мумкинлигини айтди.

- Мен Ўзбекистонга кета олмайман! Кеча менга хабар беришдики, Ўзбекистон махфий хизматлари шахсимга қизиқиш билдиришаётган экан. Сабабларини билмадиму, ҳозирча буни аниқлаштиришим керак. Расман мен Ўзбекистон фуқаролигини ҳам йўқотганман, чунки 5 йилдан буён консуллик қайдига турмаганман. Боз устига, мен Каримов ҳақида таниқдий мақолалар ҳам чоп этганман, Ўзбекистонга қайтсам буларни албатта менга эслатишади, - деди Станислав.

Озодлик билан бўлган суҳбатда Станислав Микрюков Россияга Ўзбекистондан ёки бошқа собиқ Иттифоқ республикаларидан келган барча русларни “қочқин” деб ҳисоблаш керак деган фикрда эканини билдирди.

Олинган сўнгги хабарларга кўра, Станислав Микрюков ҳимоясига бир қатор Россия жамоатчилик вакиллари чиқди. Жумладан, Томск Дума депутати Александр Деев ва бошқа қатор депутатлар Россия ФМХ раҳбари Ромодановский номига Станислав ҳимоясига махсус мурожаатнома юборди.

Микрюков депортацияси билан боғлиқ иш аллақачон федерал миқёсга чиққанига машҳур россиялик мухолифат лидери Алексей Навалнийнинг бу ишга махсус эътибор қаратганини далил қилиб кўрсатиш мумкин. У ўзининг саҳифасида “Микрюков мамлакати қаерда?” мақоласини чоп этди.

“У Россияда яшашни истаётган ва бу ерда 15 йилдан буён яшаётган рус... У қаерга кетиши керак? Микрюковлар ватани қаерда? Ҳатто зарурий ҳуқуқий бошқарув бўлмаган тақдирда бизда ягона умумжамоавий ва умумфуқаровий келишув ўрнатилиши керак: русни Россиядан депортация қилиш мумкин эмас! Акс ҳолда ҳамма нарса ўз мазмунини йўқотади”, деб ёзади блогер Алексей Навалний.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG