Линклар

logo-print

Солиқчиларнинг ноқонуний аралашувига чек қўйиладими?


2012 йил октябр ойида Ўзбекистон солиқ идоралари ходимлари порахўрликда айбланиб қамалди.

2012 йил октябр ойида Ўзбекистон солиқ идоралари ходимлари порахўрликда айбланиб қамалди.

Ўзбекистонда Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларида ишловчи 4 нафар раҳбар ходим фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 32 солиқчига нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.



Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида хабар қилинишича, солиқ органларининг 2012 йилги фаолияти якунлари ва 2013 йилдаги вазифаларига бағишлаб, 17 январ куни Тошкентда ўтказилган кенгайтирилган ҳайъат йиғинида шундай қарорга келинган.

Лекин, лавозимидан четлатилганлар кимлар ва улар солиқ тизимида айнан қандай лавозимларни эгаллаб келганликлари ва айнан қандай камчиликларга йўл қўйганликлари ҳақида расмий сайтда айтилмаган.

Ўзбекистонда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизматига телефон қилиб бунга жавоб ололмадик.

Давлат солиқ қўмитаси йиғинда 2013 йилда солиқ идоралари ходимларининг тадбиркорлик субъектларига аралашувини янада чеклаш, уларнинг асоссиз текширувларига чек қўйиш масаласи ҳам мухокамалар марказида бўлгани айтилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари очиқдан-очиқ бузилаётгани, уларга берилган имтиёз ва преференциялар тўлиқ таъминланмаётгани, назорат-текширув ва бошқарув идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдорларининг тадбиркорлар ишига асоссиз аралашувлари, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишлари, таъмагирлик ва тизимли равишда белгиланган ставкаларда йиғимлар олиш каби ҳолатларни фош этиш борасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани Давлат солиқ қўмитаси йиғинида таъкидлаб ўтилган.

Ўзбекистонда "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунга ўтган йили июн ойида ўзгартиш киритилган ва ноқонуний текширишлар ўтказиш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига бирон-бир асоссиз аралашиш, текширишларни рўйхатга олиш китобида қайд этмаслик ёки қайд этишдан бош тортиш ҳолатлари аниқлангани тақдирда, бунга йўл қўйган мансабдорларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар кўрилиши қонунда белгиланган эди.

Лекин, қонунга киритилган бу ўзгартишларга қарамай солиқчиларнинг ҳуда-беҳуда текширишлари, тадбиркорлар ишига асоссиз аралашувлари камайгани йўқ, афтидан. Ўзбекистонлик айрим тадбирокрлар Озодлик билан суҳбатда бундай аралашувлар ҳамон давом этаётганидан шикоят қилишди.

Бизнес ривожига тўсиқ

Навоийлик 35 яшар тадбиркор Наримонжон солиқ ставкалари шундоқ ҳам юқори бўлган Ўзбекистонда солиқ идоралари ходимларининг ноқонуний аралашуви бизнес ривожига катта тўсиқ эканини айтади.

- Иккита корхонам бор, масъулияти чекланган жамият. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарамиз, эшик-ром ясаймиз. Жуда қийин, солиқлар катта биринчи навбатда. 650 минг сўм ҳар ой патент пулини тўлаб туришим керак, плюс 500 минг сўм аренда.1 миллион 100 минг сўм чиқяпти. Бундан ташқари сабабсиз келадиганлар бор. Ҳисоблаб чиқсам фақат солиқчилар учун ишлайсиз. Ўзингизга бирон нима орттириш, бизнесни кенгайтириш, янги иш ўринлари очиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, жуда қийин,- дейди навоийлик тадбиркор.

Ҳуқуқларини яхши билган тадбиркорлар ҳам ноқонуний аралашаётган солиқчиларга бас кела олишмаяпти, дейди тошкентлик Шоира опа

- Ўғлим чинни бозорида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланади. Солиқ ходимлари текширишга келганда, текширишлар китобига қайд этишмаган, таъмагирлик қилишган. Қонун бўйича ҳаммаси текширишлар китобига қайд қилиниши керак-да. Ўғлимдан пул сўрашган. Ўғлим бермаган. Шу бермагани учун дўконида режадан ташқари қисқа муддатли текширув ўтказилди. Уларнинг асоссиз текшируви ҳақида, бу текширув китобига қайд этилмагани ҳақида турли ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига шикоят аризалари билан мурожаат қилганимизда, прокуратурага арз қилганимизда қайтанга ўғлимга қарши иш қилишди,- дейди тошкентлик Шоира опа.

Ҳозирда АҚШда яшаётган андижонлик тадбиркор Абдурашид ҳам ўзбекистондалиги пайти кўплаб таъмагир солиқ ходимларининг асоссиз текширувлари гувоҳи бўлганини айтади.

- Ўзбекистонда қийин эди, текширишлар кўп эди. Ҳар хил нималардан бемалол келиб, текшираверарди. Лекин бу ерда ҳаққи йўқ. Сабабсиз келиб ҳужжатингизни кўриб қўйишга ҳам ҳаққи йўқ. Такс дейди, шу солиғини вақтинда тўласангиз сиз билан бировни иши йўқ,- дейди АҚШнинг Аризона штатида косибчилик билан шуғулланадиган Абдурашид.

Тадбиркорлар учун солиқлар энг юқори бўлган мамлакат

Жаҳон банки Халқаро савдо корпорацияси ҳамда Pricewaterhouse Coopers аудиторлик ширкати билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон бизнесга солинадиган солиқлар миқдори энг баланд бўлган давлатлардан биридир.

"Солиқлар-2013. Глобал манзара" деб номланган тадқиқотда Ўзбекистон 185 давлат орасида 161-ўринни эгаллаган.

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда умумий солиқ ставкаси 98,5 фоизни ташкил этади. Шундан 0,9 фоизи даромад солиғи, 28,2 фоиз ижтимоий солиқ ва 69,4 фоизи бошқа турдаги солиқлардир.

Рўйхатга кўра, минтақада солиқлар миқдори энг кам бўлган давлат Қозоғистонда - 28,6 фоиз.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси 2013 йилда хўжалик субъектлари учун солиқлар миқдори камайтирилиши ва тўлов тизими соддалаштирилишини эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG