Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:15

"Мемориал" ходимига Тошкентдан таҳдидлар келмоқда


Виталий Понамарëв.
Виталий Понамарëв.

2013 йилнинг 12 январидан Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ҳимояси марказининг Марказий Осиё бўйича дастури раҳбари Виталий Пономарёв уни ўлдириш билан таҳдид қилувчи электрон хатлари ола бошлади. “IP адресларидан хатларнинг Тошкентдан юборилаётгани аниқланди”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

2013 йилнинг 12 январидан Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ҳимояси марказининг Марказий Осиё бўйича дастури раҳбари Виталий Пономарёв уни ўлдириш билан таҳдид қилувчи электрон хатлари ола бошлади. “IP адресларидан хатларнинг Тошкентдан юборилаётгани аниқланди”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси:

- Келаётган хатлар қисқача кўринишда бўлиб, ярми русча, қолгани ўзбекчада ёзилган. Бу хатларда “Биз сенинг Москвадаги адресингни биламиз, сен Бишкек, Ўш, Жалолободда қаерда тўхташингни ҳам биламиз, биз сенинг каллангни кесиб чийиллаётганингни томоша қиламиз, сен ўз қўлинг билан оилангни гўрга тиқасан”, каби сўзлар битилган. Бу таҳдидлар сўкинишлар билан ифодаланган, дейди Пономарёв.

“Мемориал” аъзоси¸ ўзининг Озодлик мухбирига айтишича¸ аввалига бу хатларга унчалик эътибор бермаган; аммо таҳдидларнинг қайси компьютердан жўнатилганини аниқлаш мақсадида IP адресини текшириб, турли сохта номлар остида келаётган хатларнинг барчаси битта жойдан - Тошкентда жойлашган компьютердан юборилаётганини аниқлаган:

- Интернетда қайси IP адресдан хабарлар юборилаётганини аниқловчи махсус дастур мавжуд. Деярли 10 дақиқа олдин яна бир шу мазмундаги хат келди. Буниси ҳам янги электрон адресдан, фақат IP адреси ўша-ўша. Яъни бу хатларнинг барчаси ёки бир компьютердан ёки бир тармоқдан юборилмоқда. Ҳозирча менга таҳдидли тўртта хат келди¸ дейди россиялик ҳуқуқ фаоли Виталий Пономарёв.

Кимга ва нима учун уни қўрқитиш кераклигини изоҳлар экан, ҳуқуқ ҳимоячиси охирги пайтларда Россияда Ўзбекистон махфий хизматлар фаолияти юзасидан ҳукумат раҳбариятига махсус мурожаатнома тайёрлаётгани ва мамлакатда бошпана қидираётган ўзбекларни фаол ҳимоя қилаётганини тилга олади:

- Тўғри, охирги ярим йил давомида мен Ўзбекистон билан деярли шуғулланганим йўқ, асосан Қозоғистон, Қирғизистон билан. Агарда декабрдаги Ўзбекистон махфий хизматларининг Россиядаги фаолияти масаласи юзасидан Россия президенти номига махсус мурожаатнома тайёрлаётганимизни ҳисобга олмасак. Бу ерда гап нафақат 4-тергов изоляторида ўзини осиб қўйган ўзбекистонлик масаласида, балки бошқа қатор қочқинларни ўғирлаш ишлари, Россияда ўзбекларнинг сўроққа тутилиши ва калтакланиши ва ҳоказолар ҳақида кетаяпти. Яъни хориж мамлакат ходимларининг Россияда ноқонуний равишда ва назоратсиз бундай фаолият юритаётгани мамлакатимиз суверенитетига таҳдид дея қабул қилдик ва бунга раҳбарият эътиборини қаратишга уринaяпмиз, деди Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ҳимояси марказининг Марказий Осиё бўйича дастури раҳбари Виталий Пономарёв.

Виталий Пономарёв бу каби таҳдидлар билан ўз фаолияти давомида биринчи маротаба тўқнаш келаётганини қўшимча қилди.

Ўз фаолига қилинаётган таҳдидлар юзасидан "Мемориал" маркази раҳбарияти Россия Федерал Хавфсизлик хизмати ва Москва шаҳар прокуратурасига тергов ўтказиш ва таҳдид қилаётган шахсларни аниқлаш ҳамда уларни жавобгарликка тортиш мурожаати билан чиқди.

2011 йилнинг июн ойида ушбу марказнинг Марказий Осиё масалалари билан шуғулланувчи яна бир ходими Баҳром Ҳамроев ҳам ўзи яшаётган уй подъездида калтаклаб кетилган эди. Полиция ҳанузгача ҳужум қилганларни топганича йўқ.

XS
SM
MD
LG