Линклар

Остонада Истанбулга учаётган самолётда бомба борлигини хабар қилган шахс қўлга олинди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг маълум қилишича, жума куни кечга яқин Остона полициясига номаълум шахс қўнғироқ қилиб, Истанбулга учадиган самолёт бортига йўловчилардан бири бомба олиб кирганини билдирган.

Шундан сўнг Остона аэропортига зудлик билан полиция, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, прокуратура ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари етиб келди.

Полиция 88 нафар йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзоларини эвакуация қилди, самолёт йўловчи терминалидан хавфсиз жойга узоқлаштирилди. «Арлан» махсус бўлинмаси сапёрлари самолёт борти ва йўловчиларнинг багажини текшириб чиқди, лекин ҳеч қандай портловчи мослама топилмади.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижасида бомба ҳақида мобил телефони орқали ёлғон маълумот берган 42 ёшли остоналик қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.
XS
SM
MD
LG