Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:54

Тожикистонда президент поччасининг ўлдирилиши юзасидан суд якунланди


Тожикистон президентининг поччаси Холмўмин Сафаров 2012 йилда ўлдириб кетилган эди.
Тожикистон президентининг поччаси Холмўмин Сафаров 2012 йилда ўлдириб кетилган эди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг поччаси Холмўмин Сафаровни ўлдирганликда айбланиб судланган Диловаршо Қосимов 26 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Тожикистон Олий суди 18 январ куни ёпиқ эшиклар ортида ўтган жараёнда Диловаршо Қосимовни ўрмончилик ва овчилик давлат ширкати раҳбари, 57 ёшли Холмўмин Сафаровни ўлдирганликда айбдор деб топди. Суд ҳукми билан Диловаршо Қосимов 26 йилга кесилди.

Яна икки айбланувчи- ака-ука Муҳаммадтохир ва Муҳаммадфозил Хакимов қотилликни яширганликда ҳамда ноқонуний қурол сақлаганликда айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан 8 ва 3 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд ҳукмига норозилик билдирган адвокат Шухрат Қудратовнинг айтишича, жараёнда ҳимоя томонининг эътирозлари ҳисобга олинмаган.

-Суд нотариус вазифасини бажарди ҳолос. Суд жиноят деталларини ва гувоҳлар кўрсатмаларини ўрганиш ўрнига тўлалигича айблов томонининг иддаоларини қабул қилди, -деди Шухрат Қудратов.

Холмўмин Сафаров 2012 йилнинг 13 июнида Душанбедаги масжидлардан бирида намоз ўқиб чиққач отиб кетилган эди. Орадан бир ой ўтгач ҳуқуқ-тартибот тузилмалари қотилликда гумонланиб Диловаршо Қосимов қўлга олинганини билдирган. Маълумотларга қараганда, Қосимов Сафаров билан қотиллик арафасида пул талашиб жанжаллашиб қолган. Терговчилар Сафаров отилган тўппонча Душанбе дарёсидан топилганини маълум қилган. Бу тўппонча айблов томонининг судда келтирган асосий далили бўлди.

Диловаршо Қосимов аввалига қотиллик содир этганини тан олган эди. Бироқ суд жараёни бошланган пайтда у ўзига қўйилган айбларни “қийноқлар остида тан олган”ини айтди. Айбланувчининг адвокати ҳам бу ҳақда гувоҳлик берди. Адвокатнинг айтишича, Сафаров Қосимовга амал олиб беришга ваъда берган. “Аммо тергов ҳужжатларида ҳақиқатдан узоқ бўлган мутлақо бошқа иддаолар келтирилган”, деди адвокат.

Тожикистон президенти поччасининг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят иши судда ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилди. 25 декабрда бошланган жараён 18 январда якунланди. Адвокатнинг айтишича, судда Қосимовнинг айблари исботланмаган. Қотилликнинг икки асосий гувоҳи Сафаров ўлдирилган пайтда қоронғу тушиб қолганини, шунинг учун улар узоқдан икки кишини кўришганини ва улардан бири президентнинг поччасига ўқ отганини айтишган. Адвокат гувоҳлар судда Д. Қосимовни қотил сифатида танимаганларини ҳам билдирди.

Шухрат Қудратов суд жараёни президент оиласига таалуқли бўлган ишни кўриб чиқаётгани учун бошиданоқ сиёсийлаштирилганини айтди. У жиноятни тергов қилиш ва суд жараёни “буюртма” характерига эга бўлган деган қатъий ишончда.
XS
SM
MD
LG