Линклар

Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази ўз ходими Виталий Пономорёв номаълум кимсалардан ўлим таҳдидлари битилган мактуб олгани ҳақда баёнот тарқатди.

Рус ва ўзбек тилларида ёзилган бу пўписали хатларда агар Пономарёв Қирғизистоннинг жанубига борадиган бўлса уни ўзи ҳам, Москва шаҳридаги оиласи ҳам аъзолари ўлдирилиши ҳақда таҳдид қилинган.

Электрон хатларнинг уч турли манзилдан икки дақиқа танаффус билан жўнатилгани айтилмоқда.

"Мемориал" электрон мактубларнинг IP-адресини аниқлашга муваффақ бўлгани ва хатлар битта IP-манзилдан Виталий Пономарёвга юборилганини аниқлаганини билдирмоқда.

Пономорёвга ўзбек тилида ёзилган мактубни ўқиган мутахассисларига кўра, таҳдидомуз хат ўзбек тилининг Тошкент шевасида ёзилган бўлган.

"Мемориал" фаолларига кўра, бу таҳдидлар марказнинг Ўзбек миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг Россиядан ўзбек фуқароларини ўғирлаб кетишлари, Москвада ҳибсда сақланган ўзбекистонликларнинг қийноққа солинишлари ҳақидаги ҳисоботларга жавоб бўлиши мумкин.

Ҳозирда "Мемориал" маркази Виталий Пономорёвга нисбатан таҳдидлар юзасидан Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда Москва прокуратурасига мурожаат қилган ҳамда тергов ўтказиб, айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ходимларига бундан олдин ҳам таҳдид ва ҳужумлар бўлган.

2011 йил 6 июнида Москва шаҳридаги уйи остонасида "Мемориал"нинг Марказий Осиё бўйича дастури ходими Баҳром Ҳамроев номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG