Линклар

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззақов “Сўх жанжалидаги муаммоларни бартараф қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати музокарага чиқмаяпти” деган баёнотидан сўнг Сўх тумани ҳокимиятининг “Садои Сўх” газетаси мухбири Нигора Неъматова қирғиз ҳукумати вакилининг бу гаплари бўҳтондан иборат деди.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззақов Озодлик билан 18 январдаги суҳбатида, 5-6 январ кунлари ўзбек-қирғиз чегарасида чиққан жанжалда қирғизистонликларга етказилган зарар тўла қопланмас экан ва Ўзбекистон расмийлари музокара столига ўтирмас экан, Сўхни Ўзбекистон билан боғлайдиган йўл очилмаслигини баён қилган эди.

Жаноб Раззақовнинг иддао қилишича, қирғиз томони музокаралар ўтказиш учун ўзбек томонини бир неча бор учрашувга даъват қилган, бироқ ўзбек томони ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Ўзини Сўх тумани ҳокимиятининг нашри бўлган “Садои Сўх” газетаси мухбири деб таништирган Нигора Неъматова 19 январ куни Озодлик радиосига қўнғироқ қилиб, Жениш Раззақов баёнотини ва Сўх жанжали бўйича Қирғизистон нашрлари тарқатаётган маълумотларни фитна қўзитувчи хабарлар дея атади:

- Жениш Раззақовнинг "Ўзбекистон томони музокарага чиқмаяпти", деган гаплари ғирт ёлғон. Мен журналист сифатида бунга ўзим гувоҳ бўлганман. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Боткен тумани ҳокими Сейитмурат Каликовни ўн марталаб музокарага чақирган. Улар "келамиз", деб ваъда бериб, келмаган. Телефон қилишса, гўшакни олмаган. Жениш Раззақовнинг ўзи ҳам чегарада пайдо бўлганида, учрашувга таклиф қилинган. Лекин у ҳам таклифни рад этиб, қайтиб кетаверган. Бизнинг ҳукумат вакиллари эса совуқ бўлишига қарамасдан чегарада соатлаб кутишган,- дейди журналист.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззақов Озодлик билан 18 январдаги суҳбатида қирғизистонлик аскарларнинг беш нафар сўхликларни отгани ҳақидаги маълумотни “исботланмаган факт” деб атаган эди. Журналист Нигора Неъматовага кўра, бу ўринда ҳам Жениш Раззақов ёлғон гапирган:

- Сўхлик ярадорлар касалхонада эканлигида Қирғизистон Чегара қўшинларининг собиқ қўмондони Закир Тиленовнинг ўзи шахсан Қирғизистон ҳукумати расмийлари билан келиб кўрган эди. Закир Тиленов ярадор бўлганларнинг ота-оналаридан ҳам узр сўраган,- дейди Нигора Неъматова.

Нигора Неъматова пачоқланган машиналари учун зарар кўрган қирғизистонликларга бериладиган товон пуллари тўлаб бўлингани ва бу ҳақда эътирозлар йўқлиги ҳақида протоколлар имзоланганини айтар экан, Жениш Раззақов иддао қилаётган “яна анча товон пули” ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.

Нигора Неъматовага кўра, Қирғизистон томони ўзини манфаатларини ўйлаб, ҳамма айбни ўзбекистонликларга қўймоқда:

- Улар ўзларини айбларини айтишмаяпти. Мана, Боткен тумани ҳокими Сейитмурат Каликов Сўх тумани ҳокимиятига мурожаат қилиб, Қирғизистонга қарашли Бузоқ қишлоғи аҳолисига озиқ-овқат маҳсулотлари олиб боришга имконият яратишни сўраган эди. Сўх тумани ҳокимияти эса инсонпарварлик принципларига асосланиб бу қишлоқ аҳолисига беш тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берган. Бу оддий ҳақиқат-ку,- дейди журналист.

Журналистга кўра, Ўзбекистон томони муаммони музокаралар ва тинч йўл билан ҳал қилиш, яхши қўшничилик анъаналарини сақлаб қолиш учун имкони борича ҳаракат қилмоқда:

- Мана, бир неча кундан буён, Қирғизистон ОАВи Сўх эксклавида бўлаётган воқеалар хусусида провакацияли хабарлар тарқатмоқда. Ҳақиқатан шундай воқеа бўлди, лекин бунинг асосий сабабчиси ким? Фақат сўхликлар айбдорми? Бу саволга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Ўзбекистон томони бу воқеаларни шошма -шошарлик билан эмас, балки ақл-идрок билан ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бир неча кун туманда бўлиб, воқеани изчил ўрганди, одамлар билан суҳбатлашди, Қирғизистон ҳукумати вакиллари билан учрашди. Кейин эса қирғиз ҳукумати вакилларининг ўзи музокарага чиқмай қўйди. Анйи пайтда йўлларимиз ёпилган, Қирғизистон ҳукумати бизни гаровда ушлаб турибди, - дейди журналист.

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли экани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрнатганига Сўх анклавининг Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди. Оқибатда норозилик 6-7 январ кунлари Қирғиз чегарачиларини ўқ отишга мажбур қилган ва хушёрликлар томонидан 30 қирғизистонлик гаровга олинган катта жанжалга айланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG