Линклар

Жазоирда гаровга олинган одамларни озод қилиш амалиёти тугади


Жазоир расмийлари мамлакат шарқидаги “Аменас” газ мажмуасида чоршанба куни жанггарилар гаровга олган одамларни озод қилиш бўйича армия бошлаган амалиёт тугаганини эълон қилди. Жазоир расмийларига кўра, 20 январ куни ҳарбийлар яна ўлдирилган одамлар жасадлари топилган.

Сўнгги маълумотларга кўра,бу билан жанггарилар ўлдирган одамлар сони камида 80 кишига етган.

Қурбон бўлганлар орасида АҚШ, Британи, Япония, Малайзия ва бошқа давлатлар вакиллари ҳам борлиги айтилмоқда.

Ундан олдин Жазоир ҳукумати отишмалар чоғида 32 жанггари ўлдирилган, гаровга олинган одамлардан 23 нафари ҳалок бўлганини маълум қилганди.

Жазоир кучлари ўтказган махсус амалиёт натижасида гаровга олинган 685 нафар жазоирлик ва 107 нафар хорижлик озод қилинган.

Амалиёт пайтида ҳарбийлар жанггариларга тегишли бўлган автоматлар, гранатомётлар, ракеталар, портловчи белбоғлар, гранаталарни қўлга туширган.

Жазоирнинг давлатга қарашли “Сонатраҳ” ширкати армия сапёрлари жанггарилар ўрнатган миналарни тозалаш ишларини олиб бораётганини билдирди.

Жанггарилар эълон қилган баёнотга кўра, “Аменас” газ мажмуасига чоршанба кунги ҳужум Франция Малидаги исломчиларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб борганига ўч олиш мақсадида қилинган.

Франция Президенти Франсуа Олланд Жазоир ҳукумати одамларни гаровга олган жанггариларга қарши кескин чора кўрганини қўллаб-қувватлади. Айни пайтда у гаровдаги одамлар ўлдирилганини кескин қоралади.

АҚШ Президенти Барак Обама эса Жазоирда гаровга олинган одамлар ўлдирилишида жанггариларни айблади.

Шанба куни Вашингтонда сўзлаган Обама Жазоирдаги ҳужум “Ал-Қоида” таҳдиди мавжуд эканини яна бир карра эсга солганини урғулади.

Жазоирнинг Ин Аменас минтақасида яшовчи одамлар тўрт кун давом этган воқеалардан ларзага тушганларини айтди.

- Бу воқеа бизга таъсир қилиши табиий. Чунки бу нефт қайта ишланадиган муҳим минтақа. Бу ердаги одамлар муаммо яратиш эмас, ишлаши керак. Бу тинч мамлакат. Агар терроризм сақланиб қолса, бу ерда ҳеч нарса қолмайди. Нефт ва газ сақланадиган бу жуда муҳим минтақада кўп одам ўлди, деди ўз исмини айтишни хоҳламаган Ин Аменасда яшовчи фуқаро.

Исми ошкор этилмасликни сўраган бошқа жазоирлик эса хорижликлар террор ҳужумларидан қўрқиб, минтақани тарк этиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

- Менимча, энди Франциянинг ҳамма ширкати кетишни хоҳлайди ва бизга иш бермайди. Бу муаммо яратади. Шу пайтгача ишлаб келдик ва ҳамма нарса яхши эди. Бу воқеадан кейин ҳаммаси тамом. Энди ҳамма нарса тўхтайди, катта ишсизлик бўҳрони бўлади, деди жазоирлик фуқаро.

“Аменас” газ мажмуасида чоршанба куни уюштирилган ҳужум Ал-Қоидага алоқадор жанггари гуруҳ улкан чўл ҳудудида дайдиб юргани ва бу ўта муҳим ҳисобланган энергия инфратузилмасига таҳдид эганига эътиборни қаратди.

Шанба куни Жазоир ҳукумати жанггарилар чегарани кесиб, “қўшни давлатлар”дан келганини билдирди.

Жанггарилар ҳам бир неча юз километр жанубда жойлашган Нигер давлатидан Жазоир ҳудудига ўтганини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG