Линклар

Ўзбекистон раҳбарининг 18 январ куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда қўшнилар билан муносабатларга доир баёнотини 5 – 7 январ кунлари содир бўлган Сўх инциденти билан боғлиқ, деб тахмин қилиш мумкин, холос. Чунки Президент ўз нутқида эксклавдаги вазият тўғрисида бирон сўз айтмади.


Президент нутқининг қўшни мамлакатлар билан муносабатларга оид қисмини тўла келтирган CA-NEWS агентлигига кўра, Ўзбекистон раҳбари қўшнилар билан зиддиятлар пайдо бўлишига олиб келаётган муаммоларни бартараф этишга ваъда берган.

Ислом Каримов фикрича, Ўзбекистоннинг қўшнилари билан муносабатларини мураккаблаштиришдан манфаатдор кучлар мавжуд:

“Шундайлар борки, улар орамиздаги зиддиятни кучайтиришни истайди. Шунинг учун “Мана улар бундай қилишди, энди сизлар ҳам жавобан зарба беринг”, дейишади. Бундай қўпорувчи маслаҳатчилар кўп. Нима учун, деган савол пайдо бўлади”, деган Ислом Каримов.

Нутқи давомида ўша “кучлар” ким ва қаердан эканлигини очиқламаган.

Ўзбекистон раҳбари фикрича, оддий халқ ҳамма нарсани билади.

- Оддий халқ ҳамма нарсани билади, биздан кўп билади. Гап шундаки, Марказий Осиё минтақасида 5 суверен давлат яшайди ва биз уларнинг суверенлиги ва мустақиллигини ўзимизни ҳурмат қилгандай ҳурмат қиламиз. Агар динимиз – Ислом дини ва умуман қадриятларимиз тўғрисида гапирадиган бўлсак, бизни бўлиб юборишнинг йўли ҳам, имкони ҳам йўқ, дер экан, Ислом Каримов яна қора кучлар мавзуига қайтиб, бундай деган:

- Лекин ташқарида шундай кучлар борки, улар қўшнилар ўртасига низо солишга ҳисса қўшишни истайди, улар биз ўзимиз билан ўзимиз бўлиб қолиб тараққиётдан ортда қолишимизни, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва умуман Марказий Осиёга сармоялар келиши тўхтаб қолишини томоша қилмоқчи.

Агар “ташқаридаги кучлар” ўз ниятига етгач, Ислом Каримов фикрича, мана бу ҳолат юз беради:

- Ва биз тиланчига айланамиз, ўз маҳсулотмизни ишлаб чиқара олмай, уларнинг молларини сотиб олишга мажбур бўламиз.

Ўзбекистон раҳбари “минтақа халқлари ўртасидаги тинчликни кўролмаётган кучлар”ни бозордаги даллолга ўхшатган.

“Бу минтақада биз қирғизлар, тожиклар, туркманлар ва қозоқлар билан минглаб йил яшаганмиз ва бизни ҳеч ким ажрата олмайди”, деган Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 18 январ кунги мажлисида.

Ислом Каримовнинг қўшнилар билан муносабатларга доир бу баёноти Вазирлар Маҳкамасининг 18 январ кунги мажлисида президент қилган маърузанинг расмий матнида йўқ.

18 январ кунги маърузаси Ўзбекистон раҳбарининг Сўх инциденти бўлиб ўтган 5 – 7 январдан бери бу муаммо тўғрисида ўз позициясини очиқ билдириши мумкин бўлган иккинчи чиқишидир.

Ислом Каримовнинг Сўх бўҳрони бошланганидан 6 кун ўтиб, 11 январ куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 21 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги”да ҳам Сўх масаласи тилга олинмаган эди.

Ваҳоланки, бўҳрон бошланганидан буён – мана икки ҳафтадирки, қарийб 60 минг киши яшайдиган 352 квадрат километрли ҳудуд – тўлалигича Сўх эксклавида жойлашган Сўх тумани икки ҳафтадан бери қамал шароитида яшамоқда.
Туманда бензин тугаганига бир неча кун бўлди. Озиқ-овқат маҳсулотлар кундан кунга қимматлаб бормоқда.

Масалани ечиш юзасидан на Тошкентнинг, на вилоят маркази Фарғонанинг ташлаётган қадамлари тўғрисида маълумот йўқ.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Жениш Раззаков куни кеча Озодликка Ўзбекистон расмийлари музокаралардан қочаётгани тўғрисида баёнот берди.

Бироқ, Озодлик билан суҳбатда Сўх тумани ҳокимиятининг “Садои Сўх” газетаси мухбири Нигора Неъматова қирғиз ҳукумати вакилининг бу гаплари бўҳтондан иборат деди.

Шу кунгача вазиятдан чиқиш юзасидан Сўх тумани ҳокимлиги даражасидагина чоралар кўрилгани – маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлардан пул йиғиб (қарийб 60 минг доллар) қирғизистонликлар кўрган зарар қопланганинигина айтиш мумкин.

Нима бўлган эди

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.

7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Ўшандан бери Сўх анклави қамал ҳолатида. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG