Линклар

Қирғизистоннинг Боткен вилояти ичида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх туманида юзага келган таранг вазиятни юмшатиш борасида олиб борилаётган музокаралар тўхтаб қолди.

Боткен ҳокими Жениш Раззоқов якшанба куни Озодликка берган суҳбатида Сўх атрофидаги чегара пунктлари ва йўлларни очиш хусусида Ўзбекистон расмийлари билан 10 январдан бери олиб борилган музокараларда муросага эришилмаганини маълум қилди.

5-6 январ кунлари Сўхда маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегара пунктига электр ўтказиш учун симёғочлар ўрнатаётган қирғиз чегарачилари ўртасида тўқнашув содир бўлганидан кейин 60 минг аҳолига эга бўлган Сўх тумани атрофидаги йўллар ёпиб қўйилган эди.

Қирғиз чегарачилари сўхликларга ўт очгани оқибатида беш киши яраланган.

Воқеада сўхликлар 30 нафар қирғизистонликни, қирғизлар эса олти нафар Ўзбекистон фуқаросини гаровга олган. Кейинроқ гаровдаги одамларининг ҳаммаси қўйиб юборилган.

Ўтган ҳафта қирғиз расмийлари зўравонлик рўй берган Қирғизистонга қарашли Чарбақ қишлоғи яқинида тиканли сим ўрната бошлаган.
XS
SM
MD
LG