Линклар

Россия ФСБси Обидхон қори иши бўйича "жавоб" берди


Суиқасдда гумонланган Юрий Жуковский Стромшунд шаҳридаги дўконлардан биридаги кузатув камерасига тушиб қолган.

Суиқасдда гумонланган Юрий Жуковский Стромшунд шаҳридаги дўконлардан биридаги кузатув камерасига тушиб қолган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати 2012 йил февралида Швециянинг Стромшунд шаҳрида таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровни отганликда гумонланган шахсни қўлга олгани ва Швецияга экстрадиция қилишга тайёргарлик кўраётганини расман тасдиқламади.



Швецияда муҳожиратда яшаётган таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровни отганликда гумонланган Юрий Жуковскийнинг октябр ойида Москвада ҳибсга олингани ҳақидаги швед матбуотида пайдо бўлган хабарлар ортидан Озодлик 12 октябр куни Россия ФСБсига юборган расмий сўровномага ниҳоят жавоб олинди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати матбуот маркази бўлими ходими Кристина Антонова бўлим раҳбари Николай Захаров номидан Озодликка берган расмий жавобида “идора бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини” айтди.

- Сиз сўровномада юборган маълумот тўғрисида биз ҳеч нарса билмаймиз. Ортиқча бошқа бирор нарса дея олмайман. Берилган саволларингизга на “ҳа”, на “йўқ” дея оламан, дея таъкидлади ФСБ расмийси Кристина Антонова.

Сўровномада ҳозиргача шифохонада қолаётган Обидхон Назаровни отган шахснинг Россияда ҳибсга олингани қанчалик ҳақиқатга мослиги, унинг ким эканлиги, Швецияга экстрадиция қилиниши ёки қилинмаслиги ва у қайси давлат фуқароси экани каби саволлар берилган эди.

Айни пайтда, Швеция прокуратураси ҳам бу ҳақда ҳануз жим. Бу ишни тергов қилаётган прокурор Кристер Петерссон ўтган йилнинг 16 октябрида "Östersund posten" газетасига берган интервюсида Юрий Жуковскийнинг Россияда ҳибс этилганини на тасдиқлай олиши ва на инкор эта олишини билдирган.

Петерссон фикрича, имомга қилинган суиқасд унинг сиёсий ва диний фаолияти билан боғлиқ, бироқ уни ўлдириш ортида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг махсус хизмати турибди¸ деган иддаони аниқ тасдиқлайдиган далил ҳозирча йўқ.

Россия Федерал хавфсизлик ўтган йилнинг феврал ойида Швециянинг Стромшунд шаҳрида имом Обидхон қори Назаровни отганликда гумонланган шахсни қўлга олинганини аксар Швеция нашрлари хабар қлиган эди. Обидхон қори жонига қасд қилганликда айбланаëтган шахс Швеция полицияси рўйхатида бўлган телефон аппаратидан қўнғироқ қилганидан кейин қаердалиги аниқланиб, Россия хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олингани айтилган эди.

2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олган Обидхон қори Назаров 2012 йилнинг феврал ойида ўз уйи яқинида отиб кетилган эди.

Ўтган йилнинг май ойида Швеция полицияси имомни ўлдиришга уринган шахсга ëрдам берганликда айблаб, Ўзбекистоннинг икки фуқаросини қўлга олди. Эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар 2012 йил июл ойидаги маҳкамада, эҳтимолий қотилга билмасдан ёрдам бергани важидан озод қилинди.

Суиқасдни бевосита бажарганликда гумон қилинган 34 ёшли Юрий Жуковский Швецияда Ўзбекистон фуқароси паспорти ва Россия Федерациясида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан юргани, жиноятни содир этиб, Россияга қочиб кетгани ва кейинчалик Россияда ҳибсга олингани хабар берилди.

Мутахассисларга кўра, агарда Жуковский ҳақиқатан Ўзбекистон фуқароси бўлса, Швеция ҳукуматига экстрадиция қилиниши мумкин, агарда у Россия фуқароси бўлса – берилмаслиги аниқ.

Швециядаги нуфузли нашрлардан бири "Expressen" газетасининг мухбири Майк Ўландер Озодлик билан суҳбатда Обид қорига суиқасд қилган шаxс ушлангани ҳақидаги маълумотни ўта ишончли манбадан олганликлари ва хабар бир неча манбаа орқали тасдиқланганидан кейингина эълон қилинганини айтган.

Ўландер Швеция ва Россия ўртасида Жуковскийни экстрадиция қилиш борасида сўзлашувлар бораётгани ҳақида ҳам хабар қилганди.

Бу маълумот ишончлилигига Обидхон қорининг ўғли Довудхон ҳам шубҳа қилмаслигини айтган.

Озодлик 2013 йил арафасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида истиқомат қилган 4 диндор ҳозир Швециядаги шифохонада қолаётган имом Обид қори Назаровга алоқадорлик айби билан ҳибсга олинганини хабар қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG