Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:12

Хайрулло Ўзбекистонга экстрадиция қилинадиган бўлди


Ақтўбе маҳкамаси ўн ойдан буён Қозоғистонда ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонлик қочқин Хайрулло Турсуновни экстрадиция қилиш бўйича сўнгги қарорни қабул қилди. Турсуновнинг бир ой ичида расмий Тошкент ихтиёрига топширилиши айтилмоқда.


18 январ куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти жиноий ишлар бўйича суди судяси Нуриля Сатибалдина асли қашқадрёлик бўлган 38 ёшли Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадицияга қилиш борасидаги Қозоғистон Бош прокуратураси қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда Озодликка Хайрулло Турсуновнинг адвокати Кенес Жусупов маълум қилди.

- Жума куни Ақтўбе вилоят суди сўнгги қарорни қабул қилди. Биз уни суд залидан озод қилишни сўрадик. Бироқ, судя Хайруллони Ўзбекистонга топшириш қарорини эълон қилди,- деди адвокат Жусупов.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Хайрулло Турсунов Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланган.

Адвокат Жусуповга кўра, Хайрулло Турсунов Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда ҳам айбланган.

Хайрулло Турсунов ўн ой давомида Ақтўбедаги тергов изоляторида ушлаб турилди.

Бу вақт давомида Хайруллонинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши бўйича бир қанча маҳкамалар бўлиб, ҳар сафар қочқиннинг экстрадицияси маълум муддатга кечиктириб келинди.

Адвокат Кенес Жусуповнинг айтишича, Қозоғистон маҳкамалари Хайруллонинг экстрадиция қилиниши масаласини бошқа судда кўрмаслиги аниқ.

- Хайрулло Турсуновнинг иши барча инстанцияларда кўрилди. Энди уни Ўзбекистонга беришади. Суд қарори чиққандан бошлаб бир ой ичида Ўзбекистон томони келиб уни олиб кетиши керак. Улар қачон келиши номаълум,- деди адвокат Жусупов.

Хайрулло Турсунов муқаддам Қарши шаҳрида 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва шартли равишда озодликка чиққан. Кейин Қозоғистонга келиб, қочқинлик мақомини сўраган.

Хайрулло Турсунов ўтган йилнинг апрел ойида Ақтўбе орқали Россияга чиқиб кетаётганда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Кейинчалик полиция унга нисбатан Ўзбекистон томонидан экстрадиция қилиш борасида сўрови борлигини аниқлаган.

2010 йилнинг июн ойида Қозоғистон Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг сўровига асосан 29 нафар бошпана изловчини ҳибсга олган ва бир йил ўтиб уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 29 қочқинга "диний экстремистик ташкилотгарга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилиш қилиш" каби айбларни илгари сурганди.

Ўзбекистонга экстрадиция этилган барча қочқинлар турли муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.
XS
SM
MD
LG