Линклар

21 январ куни пойтахт суди беш нафар тошкентлик намозхонни "Туркистон исломий ҳаракати"га аъзоликда айбдор деб топди.


Тошкентлик беш диндор суди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судяси Фахриддин Шодмоновнинг 21 январдаги ҳукмига кўра, диний айбловларда айбланган беш диндордан бири саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган, яна бирига амнистия қўлланилиб, озод қилинган, уч нафари эса жаримага тортилган.

Бу ҳақда мазкур маҳкама жараёнини мониторинг қилган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка хабар қилди.

- Бу ҳукм бўйича фақат беш кишидан битта одам қамалди. Бу Обидов Одилжон. Саккиз йил қамоқ жазоси белгиланди. Беш кишидан уч киши Низомиддинов Фазлиддин, Эшмуҳаммедов Даврон, Зокиров Давронжонларнинг ҳар бири 100 минимал иш ҳақига жаримага тортилди. Яъни 7 миллион 200 минг сўм, тахминан 3600 долларга тенг бўлар экан. Ҳаммаси шу жаримага тортилди. Бешинчиси Ҳожиев Адҳам 241-модда билан айбланган эди. Унга амнистия қўлланилди ва у озодликка чиқди, дейди Суръат Икромов.



Беш судланувчи Жиноят кодексининг 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) ва 241/1-моддаси (Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) да айбдор деб топилган.

Туркистон исломий ҳаракати “аъзолари”

Саккиз йилга қамалган 23 ёшли Одилжон Тошкентнинг Сирғали туманида туғилиб ўсган. Одилжоннинг отаси Комилжон Обидов ўғлининг "Туркистон исломий ҳаракати"га аъзолигида айбланишини асоссиз деб ҳисоблайди.

Айни пайтда Комилжон Обидов ўғлини хориждаги диндорлар Туркияга чақирганини тан олади.

- Туркияга бораман деган эди у биринчи. Кейин бизлар юбормаганмиз уни. Ишга чақирган буни ўша Дониëрми, Дилшодми деган бола. Кейин бу бормайман деган. Биринчи бораман деган. Кейин бизлардан маслаҳат сўраб, биз ҳеч қаëққа бормайсан дедик. Энди бунга Туркияга кетмоқчи бўлгансан деб, терговчи жуда ëмон статья қўйди. Адвокат ҳам айтаяпти битта тузукроқ асос йўқ деб. Бўйнига қўйгани асос йўқда. Саккиз йил сўраган эди, судя шарт саккиз йил бериб юборди. Адвокат ҳам айтаяпти олдин бир нарса бўйнига қўйинглар, деяпти,- дейди Комилжон Обидов.

Одилжон техникумда компютер соҳаси бўйича таҳсил олган. Техникумни тугатгач шахсий юк машинаси ёрдамида пул топиб, тирикчилик қилиб келган.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовга кўра, кейинги 2-3 йил мобайнида диндорларни "Туркистон исломий ҳаракати"га аъзоликда айблаш ҳолатлари кўпайган бўлсада, ташкилотнинг ўзи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

- Обидов Одилжонни аслида булар "Туркистон исломий ҳаракати" ташкилотининг аъзолигига айблади, бу тақиқланган, террористик ташкилот деган. Лекин қаердан пайдо бўлди, ким буни бошқаради, ҳозирча ҳеч кимга маълум эмас. Бу нарсалар ҳеч қаерда материалларда йўқ. Мен айблов хулосаларида ҳам қарадим. Фақат шу террористик ташкилот дейилади. Лекин бу нарса қаердан келиб чиққани номаълум. Лекин маълумки, тахминан 2-3 йил бўлди бунинг пайдо бўлганига мана шу ташкилотга айблаб, қўйиш намозхонларни,- дейди Суръат Икромов.

Ота иддаоси: “Ўғлимга қийноқ қўллашди”

Комилжон Обидовнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, ўғли Одилжонга нисбатан тергов жараёнида милиция ходимлари томонидан қийноқ қўлланилган.

- Судга ҳам ëзиб берди. “Мени зўрлаб, куч ишлатиб, қўрқитишди” деб. “Мен айбномани ўқимаганман”, деди судда,- дейди Комилжон Обидов.

Маҳкамани кузатган Суръат Икромовга кўра, Одилжоннинг қийноқ борасидаги иддаолари суд ҳайъати томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Комилжон Обидов суд ўғлининг пушаймонлигини ҳам инобатга олмаганини айтади.

- Кечиринг, деди. Йиғлади, роса додлади. Мен адашибман, деб йиғлаб у-бу қилди. Роса йиғлади судда ҳам. Судя умуман инобатга олмадида. Ëзди кечирим сўраб. Ëзганиям, бунақасидаям, бирортасини инобатга олмади. Уйим-жойим дейдиган, бизларга қараб турган бола ўша эди. Кичкина ўғлимизда. Маҳалладан ҳам, ҳамма ëқдан қоғозлар беришиб, бунинг бунақалигига ишонмаймиз деб нима қилишди. Суд биттасини ҳам инобатга олгани йўқ,- дейди Комилжон Обидов.

Озодлик мухбири пойтахтлик беш диндорга очилган жиноий ишни тергов қилган Тошкент шаҳар ИИБ ва ишни кўрган Тошкент шаҳар судидан бирор маълумот олиш имконига эга бўлмади.

Қама-қамалар давом этмоқда

Жорий йилнинг 7 январ куни Тошкент вилоят суди 3 аёл ва 5 эркакни Обид қори ва Абдували қори маърузалари ёзилган кассеталарни уйида сақлагани учун 8 йилдан 18 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилди. Суд ҳукмига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи саккиз фуқаро ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда айбдор деб топилди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, ўтган йилнинг 29 декабр куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 33-44 ёш оралиғидаги 4 диндор ҳибсга олинган.

Икромовга кўра, диний экстремизимда айбланаётган бу тўрт диндор Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторида ҳибсда ушлаб турилибди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида ҳам Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида истиқомат қилган 4 диндор - 39 яшар Абдурашид Хорунов ва 45 яшар Шуҳрат Тожибоев, Олмазор туманида истиқомат қилган 33 яшар Бобур Каримов ва 45 яшар Аҳмаджон Каримовлар ҳозир Швециядаги шифохонада қолаётган таниқли имом Обид қори Назаровга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ҳисоб-китобига кўра, ўтган йилнинг ўзида биргина Тошкент шаҳрида диний айбловлар билан 70 дан зиёд киши ҳибсга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG