Линклар

БМТ расмийлари Сурия борасида "ташқи кучлар"ни танқид қилди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун/

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун/


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва Сурия бўйича БМТ-Араб Лигасининг махсус вакили Лаҳдор Браҳимий Сурия ҳукумати кучлари ва исёнчиларни қуроллантираётган “ташқи кучлар”ни тандиқ қилди¸ бироқ бирор давлат номини тилга олмади.

Россия ва Эрон Сурия президенти Башар Ал-Ассад ҳукуматига қуроллар етказиб берган.

Ал-Ассад ҳукумати эса Туркия, Қатар ва бошқа Кўрфаз давлатларини мухолифат гуруҳларини қуроллантираётганликда айблаб келмоқда.

Бан ва Браҳимийнинг баёнотлари БМТ инсонпарварлик ташкилотлари халқаро ҳамжамият суриялик қочқинларга етарлича ёрдамлар кўрсатмаётганидан шикоят қилганидан кейин янгради.

БМТнинг Инсонпрварлик ёрдамларини мувофиқлаштириш ишлари мутасаддиси Жон Жинг 21 январ куни Сурия пойтахти Дамашқда донор давлатлар керакли ёрдамнинг ярмини бераётганини айтди:

- Бизнинг донор жамоамиз, халқаро донорлар бу ерда керак бўлган ёрдамнинг ярмини бермоқда. Бизнингча, бу жуда таассуфли. Натижада, муҳтож одамлар ўзлари учун керакли бўлган миқдорда озиқ-овқат ололмайди. Биз донор жамоамизни рағбатлантиришни хоҳлаймиз, дея баёнот берди БМТ расмийси.

Жон Жинг Сурия можараосида иштирок этаётган барча томонни бўҳронга ечим топиш йўлларини излашга чақирди:

- Биз можарони ҳал қилиш устида ишламаяпмиз. Бу иш билан бошқалар шуғулланяпти. Можарога ечим топиш билан сиёсий форумларга масъул бўлганлар шуғулланаяпти. Шуни айтиш керакки, можарода иштирок этаётганларни қўллаб-қувватлаётганлар бор. Улар йиғилиб можарога чек қўйиш ҳақида ҳамма айтаётган талабни муҳокама қилишлари керак, деди Жон Жинг.

30 январ куни Кувайтда ўтказиладиган донор давлатлар анжуманида Сурияга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун БМТ 1 миллиард 500 миллион доллар тўплашни режалаган.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда қарийб икки йилдан бери давом этаётган қуролли тўқнашувлар давомида шу кунга қадар 60 мингдан ортиқ одам ўлдирилган.

Камида 600 минг суриялик қочқинга айланган. Ҳозир Сурияда икки ярим миллион одам очликдан азият чекмоқда.

Айни пайтда, Сурияда ҳукумат кучлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Суриялик фаоллар Ҳама вилоятининг Салмия шаҳрида душанба куни худкуш шахс автомобилга ўрнатилган бомбани портлатгани оқибатида камида 30 киши нобуд бўлганини билдирди.

Фаолларга кўра, ўлганларнинг аксари Сурия ҳукумати тарафдори бўлган қуролли гуруҳ аъзолари бўлган.

Айни пайтда, Россия 22 январдан бошлаб айрим фуқароларини Суриядан олиб чиқа бошлашини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG