Линклар

Машхур рус рок-группаси ДДТ етакчиси Юрий Шевчук ўзини сиёсатчи деб билмаслигини айтса-да, сиёсий мавзуларда гапришдан қочмайди. АҚШга гастрол билан борган Шевчук, яқинда Ню Йоркдаги Бруклин давлат кутубхонасида мухлислари билан ўтказган учрашув пайтида ўзи ва сафдошлари мусиқа воситасида Россияда демократик ўзгаришлар ясашга уринаётганини таъкидлади. Юрий Шевчук АҚШ бўйлаб гастрол арафасида Озодликка интервью берди.



Озодлик: Мухлислар билан учрашувларингизда, энг кўп бериладиган саволлар қайсилар?

Юрий Шевчук: Кейинги пайтларда кўпроқ сиёсат ҳақида сўрашади. Сиёсат, мухолифат, ҳокимият ҳақида, биз ва ватан нима бўлади, деб сўрашади. Рус интеллигенцияси учун тавқи лаънат бўлиб қолган учта савол, “нима қилиш керак”, “ким айбдор” ва “эртага нима бўлади”, қабилидаги саволларни беришади. Бу саволларни камида 200 йилдан бери беришади. Мен бу саволларга баъзан Чернишевский, баъзан Достоевский, баъзан эса Толстой каби файласуфона жавоб қидиришга ҳаракат қиламан. Мен бир фуқароман. Мен сиёсатчи эмасман. Ўзимни сиёсатчи, деб ҳисобламайман, чунки ҳеч қачон, ҳеч бир партияга аъзо бўлмаганман. Ёзган қўшиқларим учун бир пайтлар Комсомолдан қувишган. Хуллас бир фуқароман холос. Ҳар бир одам фуқаролик позициясидан чекинмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Бу байроқ менинг ҳам, сизнинг ҳам томингизда ҳилпираши лозим.


Озодлик: Ривожланган фуқаровий жамият, деганда нимани тушунасиз?

Юрий Шевчук: Фуқаровий жамият коллектив онгдаги ғайришуурий ҳиссиёт эмас. У қандайдир архаик мато ҳам эмас. Фуқаровий жамият қонун олдида баробар бўлган қонунлар ёрдамида бирга яшайдиган одамлар жамоасидир. Бу масала хусусида бош қотириб, Аристотел ва унинг давлат ҳақида ёзган фикрларигача бордим. Фуқаролик жамияти лоқайд бўлмаган, қўрқоқ бўлмаган одамлар ҳамдўстлигидир. Бу “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш тутадиган кишилар ҳамдўстлиги эмас. Бу ўз ватанини севадиган фаол кишилар ҳамдўстлигидир. Улар ўз ватанини шиорларда эмас, самимй севади. Бу севгига виждон ҳам қўшилади. Менимча, буни Россияда кўрамиз, ҳали. Бу муқаррар тарихий жараёндир.


Озодлик: Россияда одамларнинг фуқаровий онги ривожаланаётганини кўришимиз мумкинми?

Юрий Шевчук: Уч йил нари-берисини эсласангиз, бизда фуқаровий онг, деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Омма ўзи билан ўзи овора эди, оиласини боқиш, пул топиш билан машғул эди. Ҳатто ижод кишилари табақаси ҳам, биласиз бизда синф йўқ, табақалар бор холос, харизматик одамлар ҳам лоқайд эди. Бугун эса, менимча, одамлар қандайдир улғайдими, кўпроқ эртаси ҳақида ўйлана бошлади. Ҳар қалай одамлар ватан ва ўзимиз эртага нима бўламиз, фарзандларимиз ўсиб катта бўладиган Россия қандай бўлади, деган саволлар устида бош қотира бошлади. Мен сийқаси чиққан гапларни айтаётган бўлишим мумкин, лекин бу факт. Жамиятда лоқайд бўлмаган кишиларнинг кўпаяётганидан хурсандман. Кўнгиллилар ҳаракатининг ўсиши қаердан? Ҳозир бундан қўқрқиб кетган Дума фуқаровий онгни бошқариш учун яна қандайдир янги қонунни ўйлаб топди. Бу жамият уйғониб, одамлар ўйлай бошлаганининг аломатларидир. Авваллари сиёсат ҳақида гапиришни истамаган, сиёсат жирканч деб келган дўстларим ва танишларим, энди "ўзинг жирканч бўлсанг, сиёсатинг ҳам жирканч" деган ҳақиқатни тушуниб етмоқда. Лекин агар сен ҳалол яшашга ҳаракат қилсанг, сиёсат ҳам ҳалол бўлади. Яъни, Аристотел айтганидек, сиёсатчилар бизга яшаш имконини бергани учунгина сиёсатга аралашмасдан яшай олмаймиз.


Озодлик: Бугун ёшларнинг фуқаровий жамиятда тутган ўрнини нималарда кўрасиз?

Юрий Шевчук: Бу жараён жуда қизиқ. Биз ўтган кузда кўп хайрия ишларини қилдик. Масалан, мен уйсизларга ёрдам бериш билан шуғулланадиган “Ночлежка” номли ёшлар ҳаракати ҳақида гапириб беришим мумкин. Бу ҳаракат кўнгиллилари кўчада қолган одамларга паспорт расмийлаштириш ва бошқа ишларда ёрдам беришади. Ёшлар орасида касалхоналарда кўнгилли бўлиб ишлаётганлар, Кримскдаги сув тошқинидан кейин кўчаларни балчиқдан тозалаганлар, ўрмон ёнғинларини ўчирганлар бор. Лоқайд бўлмаслик модага айланди. Бу ёшлар томонидан яхши қабул қилинмоқда, ёшлар учун мода кўп нарсани англатади. Нимадир ўзгарди. Нимадир ёрилиб, ичидан, асфалтни ёриб чиқаётган кўклам каби, нимадир чиқмоқда.


Озодлик: Ёшлар орасида рўй бераётган ўзгаришларга нима туртки бўлмоқда?

Юрий Шевчук: Улар Россияда яшашни исташади. Мен мамлакатни тарк этиш истагида бўлмаган кўплаб ёшларни биламан. Ўтмишда Америка ғарбнинг рамзи бўлган катта байроқ каби эди, одамлар Америка аслида қанақалигини билишмаган. Уни қандайдир бир жаннат деб билишган. Лекин кейинчалик одамлар бу ерда ҳам кўплаб муаммолар борлигини билиб олишди. Балки бу муаммолар моҳиятан бошқачароқдир, лекин бошқа томондан, инсон ҳамжамияти ҳеч қаерда мукаммал эмас. Одамларнинг ўзаро муносабатлари ҳам жуда мураккабдир. Одам одамга ҳар доим ҳам биродар, ўртоқ ва дўст эмас. Кўпинча бунинг акси бўлади, айниқса, “капитализм уяси” бўлган Ню Йоркда (кулади). Умуман олганда, одамларда ёруғликка интилиш пайдо бўлмоқда ва мен бундан хурсандман. Лекин ҳеч бир мамлакат икки ҳафтада тубдан ўзгара олмайди, жаннатга айланмайди. Бунинг учун кўп меҳнат қилиш керак. Ёшлар орасида бошқаларга нисбатан ҳамдадлик, мурувват ҳисси пайдо бўлаётганини кўриш мумкин. Бу жуда муҳим нарсалардир ва улар қайтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG