Линклар

Обама иккинчи муддатга қасамёд қилди


АҚШ Президенти Барак Обамани АҚШ Олий суди раиси Жон Робертс қасамёдга келтирди.

АҚШ Президенти Барак Обамани АҚШ Олий суди раиси Жон Робертс қасамёдга келтирди.

Барак Обама АҚШ президенти сифатида иккинчи муддатга қасамёдга келтирилди. Обама 21 январ куни Вашингтонда, АҚШ Капитолийси зиналарида қасамёд берди.





Ундан бир кун аввал, Обама оиласи иштирокидаги кичик маросимда, АҚШ Конституциясига биноан расман қасамёдга келтирилган эди.

Жамаотчилик учун уюштирилган тантанали инаугурация маросимида қилган нутқида Обама сиёсий қарашларда бўлинишни бошдан кечираётган америкаликларни бир миллат ва бир халқ бўлишга чақирди.

- Ҳар сафар бу ерга президентни қасамёдга келтириш учун тўпланар эканмиз, конституциямизнинг саботли эканига шоҳид бўламиз. Биз демократиямиз ваъдаси кучда эканига амин бўламиз. Бу миллатни бирлаштириб турган нарса теримиз ранги эмас, эътиқодимиз ақидалари эмас ёки исмларимизнинг келиб чиқиши эмаслигини эслаймиз. Бизни нодир миллат - Америкалик қилиб турган нарса икки аср олдин қабул қилинган декларациядаги ғояга: “барча одам тенг қилиб яратилгани ҳақиқати ўз-ўзидан табиий”, деган ғаяга содиқлигимиздир, деди Обама.

Қўшма Штатлар, деди у, дунё бўйлаб “чексиз урушларсиз” хавфсизлик ўрнатиш йўлларини қидиришга содиқ қолади. Обама шунингдек Америка дунё бўйлаб эркинликни истаётган халқлар тарафида туриб, глобал демократия учун курашажагини таъкидлади.

- Америкаликларнинг бугунги авлоди қатъиятимизни пўлатдек тоблантирган ва жасоратимизни исботлаган бўҳронлар билан синалди. Ўн йиллик уруш якунланмоқда. Иқтисодимиз ўнглана бошлади. Американинг имкониятлари чексиздир, чунки бугунги чегарасиз дунё талаб қиладиган барча хусусиятлар: ёшлар ва қатъият, рангба-ранглик ва очиқлик, таваккал қилиш имкониятлари ва қайта кашф қилиш қобилияти бизда бор. Америкалик ватандошларим, бу онлар учун яратилганмиз ва токи бирга эканмиз, бу имкониятни қўлдан бой бермаймиз, деди Америка раҳбари.

Душанба кунги тантанали маросимда қатнашиш учун Вашингтон марказидаги миллий боққа юз минглаб одам йиғилди.

Улар Вашингтонда хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда, автобус, метро ва пиёда АҚШ пойтахти марказига келишди.

Собиқ президентлар Жимми Картер ва Билл Клинтон, Конгресс аъзолари ва бошқа мартабали меҳмонлар ҳам қасамёд маросида қатнашди.

Шу куни вице президент Жо Байден ҳам президент Обама олдида қасамёд келтирди.

Обама қасамёдини АҚШ фуқаровий ҳаракатининг таниқли фаоли, журналист 79 ёшли Мирли Эверс-Уильямс қабул қилиб олди. У президент қасамёдини қабул қилиб олган илк аёл ва католик черковнинг вакили бўлмаган шахс бўлди.

Тадбирда таниқли қўшиқчи Бейонсе АҚШ миллий гимнини ижро этди.
XS
SM
MD
LG