Линклар

Ўзбекистонда ҳамон Сталин шарпаси кезмоқда

  • Абдулла Искандар

Орадан 60 йил ўтиб ўзбекистонликлар орасида Сталин шахсига сиғинувчиларни топса бўлади.

Орадан 60 йил ўтиб ўзбекистонликлар орасида Сталин шахсига сиғинувчиларни топса бўлади.

Бу йил минглаб ўзбек зиëлиларини қатағон қилган Иосиф Сталин вафот этганига 60 йил тўлади. Собиқ совет коммунистларининг сталинизмдан расман воз кечганига 57 йил бўлди.

Расмий баëнот ва ваъзлрида воз кечганлари билан коммунистлар амалда сталинизмдан воз кечолмадилар ва Сталин лагерларида ўлган-ўлдирилган миллионлаб аристоннинг суяклари устига қурилган Совет давлати охир-оқибат парчаланиб битди.

Бу парчаланиш сталинизмдан батамом қутулишнинг тарихий имконияти эди.

Ўзбеклар 67 йил бурун бу тарихий имкониятдан фойдалана олдиларми¸ бугунги ўзбек жамияти тийнатида тоталитаризм¸ репрессия тимсоли сифатида кўриладиган сталинизмнинг улуши қанча?

Нега Сталин туғилган юртда бекор бўлган тақиқ ва чеклашлар Ўзбекистонда ҳануз амалда?

Озодлик таҳририяти шу саволларга жавоб излаган бир қатор мақолаларни эълон қилишга қарор қилди.

Ана шу мақолалардан биринчисини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мақола Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати зобитларининг ўзбек фуқароси томорқасида турган Сталин ҳайкалини мусодара қилгани ҳақида.

СНБ Сталин ҳайкалига қарши

Тошкент вилоятининг Сойлиқ туманида яшайдиган 46 яшар Лазокат Нормирзаева ўз томорқаси ўртасига ўрнатилган Сталин ҳайкалини ҳар куни ювиб-тараш каби ишдан қутулди.



Ўтган йили Лазокат Нормирзаевабинг уйига Ўзбекистон Миллий Xавфсизлик хизматининг зобитлари келиб, 50 йил мобайнида томорқани безаб турган Сталин ҳайкалини демонтаж қилиб олиб кетишди.

Зобитлар Лазокат Нормирзаевага Сталин ҳайкалини уйда сақлаш мумкин эмаслигини тушунтиришди.

Сталин ҳайкали Лазокат опанинг уйида 50 йил турди. 1956 йил феврал ойида Сталинга сиғиниш қораланиб унга қўйилган ҳайкаллар олиб ташланиши ҳақида фармон чиқди.

Сойлиқ қишлоғи атрофидаги пионер лагерлар ҳудудига ўрнатилган Сталин ҳайкалларининг кўпчилигини маҳаллий аҳоли уйларига киритиб вайрон қилинишдан сақлаб қолишди.

Сойлиқ қишлоғида ўз ўқувчилари билан фотосессия ўтказган тасвирчи Умида Аҳмедовага кўра¸ хозир ҳам қишлоқдаги уйларнинг бир-иккитасида Сталин ҳайкали бор.

Аммо энди улар Сталинни мухбирлардан ҳимоя қилишмоқда.

Умида Аҳмедова билан гаплашган Сойлиқ қишлоғи вакиллари Лазокат опанинг уйида турган ҳайкал ҳақидаги мақола интернетда чиққанидан кейин муаммо чиққанини айтишди.

Шу тариқа Хрушчев¸ Брежнев¸ Черненко¸ Андропов¸ Горбачев каби раҳбарлар даврини бошдан кечирган ва Каримов иқтидорининг 20 йилида ҳам ҳеч ким тегмаган Сталиннинг Ўзбекистондаги сўнгги ҳайкали ҳам олиб ташланди.

Балкондаги Сталин

Лазокат Нормирзаева томорқасидаги Сталин ҳайкали ҳақида мақола ëзган мустақил ўзбек журналисти Алексей Волосевич яқинда халқлар доҳийсининг яна бир тимсолига дуч келганини айтади:

- Бу сафар қаердалигини аниқ айтмайман. Чунки СНБ ходимлари тимсолни ҳам олиб кетишлари мумкин. Тошкент вилоятидаги шаҳарчалардан биридаги кўп қаватли уйлардан бирида Сталиннинг қип -қизил қилиб чизилган суратини кўрдим. Бу потрет ҳақида атайлаб мақола ëзмадим. Чунки Лазокат Xолмирзаеванинг уйида турган Сталин ҳайкали ҳақида ëзганимдан кейин¸ ҳайкални олиб кетиб қолишди. Ҳайкални мусодара қилишга қонуний асос йўқ. Чунки Ўзбекистонда сталинизм расман қораланмаган. Сталинга сиғиниш¸ унинг ҳайкалларини уйда сақлаш борасида қонунда бирор бир чеклов йўқ¸ дейди журналист.

Тракторчини йиғлатган Сталин

Бу ҳикояни Амударë тумани Манғит шаҳрида яшовчи 67 яшар Давлатбой ака Қутлимуродов мухбирингизга сўзлаб берди.

Давлатбой аканинг айтишича¸ у 1956 йилнинг феврал ойида Манғит марказидаги Сталин ҳайкали олиб ташланишига гувоҳ бўлган:

- Қаттиқ совуқ бир кун эди. Шаҳар марказида бор-бўйи билан турган Сталин ҳайкалини йиқадиган бўлишди. Булдозер олиб келишди. Райком мулозими нарвон қўйиб чиқиб Сталиннинг бўйнига трос бойлаб тушди. Тросни булдозерга бойлашди. Ҳайда¸ дейишди. Булдозерчи эса карахт бўлганича ўтираверди. Райкомдан келган киши ҳайда деб бақирди. Булдозерчи бирдан шаҳд билан кабинадан чиқиб Сталин ҳайкали олдига бориб тикилиб қараб турди. Кейин бошидаги тумоғини (телпагини) олиб ерга урди. Кейин қор босган ерга ўзини отиб ҳўнг-ҳўнг йиғлади¸ деб эслайди 56 йилнинг қорли кунларини Давлатбой ака.

Суҳбатдошимизнинг айтишича¸ райком мулозими булдозерни юритиб Сталин ҳайкалини ағдарган.

Давлатбой аканинг ҳикояси Сталин шахсига сиғинишнинг авом зеҳниятига сингиб кетганидан дарак беради.

Ўзбекистонлик кекса журналист Шароф Убайдуллаев сталинизм асоратларидан қутулиш осон эмаслигини айтади:

- Осон эмас. Бу асоратлардан қутула олмаганимиз учун аҳволимиз ҳавас қилгудай эмас. Сталинизмдан қутулиш учун мустақиллик пайтида пайдо бўлган бошқа измлар асоратидан қутулиш керак, дейди кекса журналист.

Давоми бор...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG