Линклар

Боласини 35 минг рублга сотган аёл судланмоқда


Armenia - New-born baby boy named Sarkozy in Gyumri, second largest town in the country, 25Jan2012

Armenia - New-born baby boy named Sarkozy in Gyumri, second largest town in the country, 25Jan2012

Самарада ўз боласини 35 минг рублга пуллаган 17 ёшли аёл суд маҳкамасига тортилди. Полициячиларга бу пулни у сохта Россия паспортини сотиб олишга сарфлашини айтган.



2012 йилнинг 13 августида Самарада ўзининг 4 ойлик қизчасини сотаётганида полиция ходимлари томонидан ҳибс этилган 17 ёшли Ўзбекистон фуқароси иши жиноий судда кўриб чиқилади.

Россия Тергов қўмитасининг Приволжск бошқармаси бошлиғи муовини Дмитрий Захаровнинг Озодликка маълум қилишича, полиция Самарада бир аёлнинг ўз фарзандини сотишга уринаётгани тўғрисидаги маълумот олиниши билан махсус операция тайёрлаган.

- Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл ўз боласини 35 минг рублга сотаётгани тўғрисида хабар олдик. Бу пулга у сохта Россия паспортини сотиб олмоқчи бўлган экан. Жиноят тўғрисида хабарни олгач, тегишли махфий идоралар ёрдамида махсус операция тайёрланди, унда Ички ишлар органлари ходими харидор сифатида иштирок этди. Қўлга олинганида бу аёл 17 ёшда, яъни вояга етмаган бўлган. Шунга қарамасдан, бу жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилиши аниқ. Куни кеча тергов ўз якунига етди ва биз ишни судга оширдик, деди тергов қўмитаси расмийси Дмитрий Захаров.

Захаровнинг сўзларига кўра, Самаранинг дарё порти вокзали ёнида олди-берди амалга ошганидан кейин, бу қиз ҳеч нарса бўлмагандек пулни олиб, жўнаб кетаётганида ҳибсга олинган. Бу аёл аввалига ўзини Қирғизистон фуқароси деб таништирган, бироқ кейинроқ у ўзбекистонлик экани аниқланган.

Нима сабабдан 17 яшар ўзбекистонлик аёл бундай жиноятга қўл урди? Бу саволга жавоб берар экан, терговни олиб борган Самара шаҳар транспортидаги Тергов бўлими бошлиғи ўринбосари Игорь Зиряев бу қиз 7-8 йил олдин Россияга келиб қолганини айтади.

- У онаси билан вақтинчалик виза асосида ишлашга келиб қолган. Визаси ярим йилга берилганига қарамасдан ноқонуний қолиб кетган Россияда. Она-бола турли ноқонуний ишлаб чиқариш корхоналарида тикувчилик билан шуғулланиб келган. Болани сотаётганини она билмаган, чунки у ўзининг ҳаёти билан яшаган, бу қиз эса 15-16 ёшидан бошқа одам билан никоҳдан ўтмасдан яшаб юрган. Яъни улар орасида деярли қариндошчилик муносабатлари бўлмаган: она ўз иши билан, қиз – ўзининг ҳаёти билан яшаган, дейди Игорь Зиряев.

Терговчидан олинган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик аёлга нисбатан Россия Федерацияси жиноят Кодексининг 127.1-моддаси 2-қисми “з” банди (одам савдоси) асосида жиноий иш қўзғатилди. Бу модда асосида Жиноят Кодексида 3 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Озодлик манбаси 1994 йилда туғилган бу қизнинг исми Саодат Ғайназарова экани ва у ҳозирда Самара шаҳар тергов изоляторида судни кутиб ўтирганини маълум қилди.

Озодлик терговчилардан она томонидан 4 ойлигида сотиб юборилган қизчанинг кейинги тақдирини билишга уриниб кўрди.

Самара шаҳар транспортидаги Тергов бўлими бошлиғи ўринбосари Игорь Зиряев бола эндиликда бошқа оилага бериб юборилиши, чунки она аниқ қамоқ муддатига маҳкум этилишини гапиради.

- Хабаровск ўлкасидаги айнан шундай жиноий иш бўйича бир аёл 3,5 йил олди. Бу қизимиз вояга етмаганлигини ҳисобга олсак, унга камроқ беришлари мумкин.

Лекин нима бўлганда ҳам, у озодликка чиқмайди. Бундан ташқари, ўз муддатини ўтириб чиқиб, у Ўзбекистонга депортация қилинади. Болача ҳозир врачлар назорати остида болалар уйида қолмоқда. Унга албатта оила топилади, деган ишончдамиз.
Уйлайманки, онасидан бахтлироқ бўлади бу қизча, деди терговчи Игорь Зиряев.

“Ачинарлиси, у тергов давомида бирор маротаба ҳам фарзандига нима бўлгани ва у ҳозирда қаерда эканини сўрамади”,- дея афсусланди терговчи.

Озодлик ўз фарзандларини сотишга уринган ўзбекистонликлар ҳақида олдин ҳам хабар берган.

Ўтган йилнинг май ойида Москванинг Чертаново туманида янги туғилган чақалоқни 150 минг рублга сотаётган қирғизистонлик аёл ва ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинган; 2011 йилнинг 22 мартида соат 11 ларда Красногорск шаҳрида жойлашган “Ашан” гипермаркетидаги озиқ-овқат аравачасида 7 ойлик Амиржон Тўхтаев ташлаб кетилгани, Ленинград вилояти Рошчино қўрғонида ўзбек миллатига мансуб эркак ахлат контейнерига бир ойлик чақалоқни ташлаб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG