Линклар

logo-print

TeliaSonera буюрган ички текширув якунланди


TeliaSonera президенти Ларс Нюберг ширкат ҳеч кимга пора бермаганини айтиб келади.

TeliaSonera президенти Ларс Нюберг ширкат ҳеч кимга пора бермаганини айтиб келади.

TeliaSonera ширкати ўзига нисбатан илгари сурилган Ўзбекистонда пора берганлик айбловлари бўйича уюштирган ички текширув якунланди. Бу текширувни ўтказиш учун ёлланган Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси текширув ҳисоботи 31 январ куни TeliaSonera раҳбариятига топширилиши ва 1 феврал куни жамоатчиликка очиқланишини маълум қилди.


Mannheimer Swartling фирмаси эълон қилган хабарномага кўра, октябр ойида бошланган текширув жараёнида Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардаги одамлар, жумладан расмийлар билан суҳбатлар ўтказилган.

Хабарномада ҳисоботни TeliaSonera ширкатига тақдим қилиши кутилаётган ҳуқуқшунос Бёрн Ризенинг “жумбоқни ечишга анча вақт кетқаздим ва энди жумбоқда яширинган манзара ҳақида умумий таассуротга эгамиз, десак бўлади”, деган сўзларидан иқтибос келтирилган.

TeliaSonera ўзига нисбатан илгари сурилган пора бериш айбловлари борасида Mannheimer Swartling ўтказаётган текширув якунланмагунича изоҳ бермаслигини эълон қилган. TeliaSonera президенти Ларс Нюберг ширкат ҳеч кимга пора бермаганини айтиб келади.

Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси TeliaSonera буюртмасига кўра текширувни бошламасданоқ швед жамоатчилиги эътирозларига сабаб бўлди.

TeliaSonera ишини кузатаётган швед журналисти, ТТ агентлиги мухбири Ола Вестерберг бу ҳисобот кўпчилик, биринчи навбатда ўз номини оқлашни истаётган TeliaSonera тарафидан кутилаётган бўлса-да, Mannheimer Swartling фирмасининг холис текширув ўтказа олиши борасида жиддий шубҳалар бор, дейди.

- Баъзилар бу фирма TeliaSonera учун бошқа ишларни амалга оширгани ва у билан тижорат муносабатлари бўлгани боис, бу масалада объектив бўла оладими, дея шубҳаланмоқда. "Еган оғиз уялар" дейдиганлар топилмоқда. Бундан ташқари прокурор ҳам бундай текширув ўтказилишини, жиноий терговга путур етказиши мумкин деб танқид қилди. Чунки расмий терговда гувоҳ сифатида ўтаётганлар TeliaSonera ёллаган Mannheimer Swartling томонидан сўроққа тутилиши уларнинг кейинги кўрсатмаларига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирди прокурор. Бундан ташқари прокурор текширув коррупция ҳолатларини аниқламаса, бундан хайрон бўлишини ҳам айтган. Унинг айтишича, ўтган ойда эълон қилинган имейл ёзишмалари TeliaSonera мулозимлари Гулнора Каримова ва унга яқин кишилар билан ҳамкорлик қилаётганидан яхши хабардор бўлганини кўрсатади,- дейди швед журналисти.

Швеция прокуратураси ўтган ойда Олий аппеляцион судга тақдим қилган имейл ёзишмаларида TeliaSonera ширкати ижрочи ходимлари 2007 йилда Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал президент оиласи, хусусан Гулнора ва Лола Каримовалар билан мулоқот ўрнатиш ҳаракат қилганига ишора қилади.

Журналист Ола Вестерберг Mannheimer Swartling фирмаси объектив хулосани бериш учун етарли маълумотларни қўлга кирита олгани ҳам шубҳаларни уйғотмоқда, дейди.

- Mannheimer Swartling аслида нима бўлганини аниқлай олиш учун керакли маълумотларни топа олганини ҳам билмаймиз. Чунки мен ҳозир эслатган имейл ёзишмаларини прокурорга TeliaSonera тақдим қилмаган, прокурор бу ҳужжатларни бошқа манбадан олган. TeliaSonera прокуратурага бу мактубларни бермаган бўлса, Mannheimer Swartling фирмасига ҳам бермаган бўлиши керак. Шунинг учун ҳозирда Mannheimer Swartling ихтиёрида бўлмаган материал ва далиллар прокурор қўлида борлиги эҳтимоли жуда юқори, дейди ТТ агентлиги журналисти Ола Ветсерберг.

Сешанба куни Стокҳолм минтақавий суди TeliaSonera иши доирасида Ўзбекистон фуқароларига қарашли, Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant Ltd. фирмасининг 1,8 миллиард швед кронасига (275 миллион АҚШ доллари) тенг маблағини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Ундан аввал Швеция Олий аппеляцион суди TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда пора бергани билан боғлиқ ишнинг Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов қилинишига рухсат берди. Олий суднинг 16 январ кунги ҳукми билан TeliaSonera иши бўйича Швеция ташқарисидаги шахсларнинг ҳам тергов қилинишига йўл очилди.

Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга тегишли Takilant фирмаси катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera телеком ширкатининг Ўзбекистондаги ҳамкори ҳисобланади.

Швеция прокуратураси TeliaSonera Ўзбекистонда иш бошлаши учун президент қизига яқин шахсларга пора берганини иддао қилмоқда.

Ўтган йилнинг октябрида Стокҳолм суди Гулнора Каримова назорат қилиши айтиладиган Takilant фирмасининг Швеция банкларидаги 30 миллион АҚШ долларига тенг ҳисоб рақамларини музлатган эди.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганига оид айбловлар илк бор ўтган йилнинг сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган “TeliaSonera – ўзбек иши” номли ҳужжатли филмда илгари сурилди.

Ўтган ойда швед журналистлари “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли навбатдаги суриштирув репортажини эфирга берди.
XS
SM
MD
LG