Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:11

Қирғизистон Ми-8 вертолёти Ўзбекистон ҳаво ҳудудини бузганини рад этди


Қирғизистон Давлат чегара хизматининг матбуот учун тарқатган расмий баённомасида айтилишича, шу йилнинг 15 январ куни Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли бўлган Ми-8 вертолётида Боткен туманининг Божой қишлоғи аҳолисига иссиқ кийим, озиқ-овқат ва бошқа тур гуманитар юклар етказилган ва вертолёт Ўзбекистон чегарасини бузмаган.

Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон чегарасига яқин Божой қишлоғи аҳолиси 5 январ куни келиб чиққан можаро ҳамда қор кўчкиси ортидан қамал ҳолатида қолган ва уларга гуманитар юклар вертолётда етказилган.

Аввалроқ, айрим ахборот воситаларида Қирғизистонга тегишли бўлган Ми-8 вертолёти Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ҳаво чегарасини бузиб, 4-4 ярим километр ичига киргани, Янгиариқ, Сариқайда ва Чашма туманлари узра учиб ўтгани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Қирғизистон томони вертолёт маршрутини Ўзбекистон билан мувофиқлаштирмагани айтилганди.

Қирғизистон Давлат чегара ҳизмати расмийлари бу хабарлар асоссиз эканини билдиришди.

"Ми-8 вертолёти маршрути Қирғизистон Республикаси ҳудудидан ўтган ва Ўзбекистон ҳаво ҳудудини бузмаган", дейилади Қирғизистон Давлат чегара ҳизмати расмий баённомасида.

5 январ куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги ҳодисалар ортидан Қирғизистон Сўх анклавига олиб борувчи йўлда жойлашган чегара-ўтиш нуқталарини бекитган эди.

Кейинчалик Ўзбекистон ҳам қатор чегара ўтиш нуқталарида Қирғизистон фуқаролари учун ҳаракатни чеклаган эди.

22 январ кунидан бошлаб эса қирғиз чегара хизмати Ўзбекистон Қирғизистон билан темирйўл ўтиш нуқталарини ҳам ёпиб қўйганини маълум қилган.

Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Барак анклави атрофидаги чегара нуқталари ҳам январ ойи ўрталаридан бери ёпиб қўйилгани ва у ердаги аҳоли ҳам "қамал" ҳолатида қолгани хабар берилмоқда.
XS
SM
MD
LG