Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:12

Ўзбекистондан қанча пул олиб чиқсам бўлади?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида Ўзбекистондан пул олиб чиқиш ва пул олиб кириш тартиблари борасида суҳбатлашамиз. Мутахасисларга кўра, пул олиб киришга ҳеч қандай чеклов йўқ, фақат пул олиб чиқиш анча мураккаб.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган сирдарёлик Ниғмат ака OzodJavob га Skype орқали савол йўллаб, Ўзбекистонга пул олиб кириш тартиб-қоидалари борасида қизиқди.

“Мен уч йилдан буён Россияда ишлаяпман. Баҳорда уйга кетмоқчиман. Анча йиғиб қўйган пулим бор. Лекин қандай олиб кетишни билмаяпман. Танишларим 10 минг доллардан кўп бўлса, 1 фоиз тўлаш керак деяпти. Кимдир 10 минг доллардан кўп бўлса, умуман олиб кириш мумкин эмас деяпти. Илтимос Ўзбекистонга пул олиб кириш борасида ўрганиб берсангиз” дея сўради сирдарёлик Ниғмат ака.

Тошкентлик Гулнора опа эса Ўзбекистондан пул олиб чиқиш йўллари борасида қизиққан.

“Мен яқинда хўжайиним билан Анталияга дам олишга кетмоқчиман. Шу борганимизда Истанбулда ҳам бир неча кун бўлиб, савдо қилмоқчимиз. Биласиз, бизда Туркия моллари қадрланади. Қизларим, келинларим, невараларим, қолаверса, ўзимизга ҳам кийим-кечак харид қилмоқчимиз. Лекин пулимизни қандай олиб чиқишни билмаймиз. Ўзи қанча пул олиб чиқиш мумкин? Хоҳлаганча пул олиб чиқиш мумкинми? Шуларни билиб берсангиз, дея сўради email орқали тошкентлик Гулнора опа.

Ўзбекистонга пул олиб кириш:

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, Ўзбекистонга пул олиб киришда ҳеч қандай чеклов йўқ.

“Ўзбекистонга хоҳлаган хориж валютасини чекланмаган миқдорда олиб кириш мумкин. Қонунда бунга ҳеч қандай чеклов ёки тақиқ кўзда тутилмаган. Хориждан пул олиб кириш пайти ҳеч қандай ҳужжат ҳам талаб қилинмайди. Аввал 10 минг доллар эквивалентидан кўп бўлса, 1 фоизлик тўлов мавжуд эди. Бироқ ҳозир бу бекор қилинган. Ҳеч нарса тўланмайди. Хориждан Ўзбекистонга кираётган пайти фуқаро ёнидаги пул миқдорини декларацияда кўрсатса бўлди” деди божхона мутахасиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистондан пул олиб чиқиш:

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, Ўзбекистонга келган хорижлик меҳмонлар учун мамлакатдан пул олиб чиқишда чеклов йўқ, лекин ўзбекистонликларнинг пул олиб чиқишида маълум чекловлар мавжуд.

“Ўзбекистон фуқаролари учун 2000 доллар эквивалентидаги пулни олиб чиқишга рухсат этилади. Лекин 2000 доллардан 5000 доллар эквивалентигача бўлган пул учун ваколатли банкнинг рухсати талаб қилинади. 5000 доллар эквивалентидан кўп бўлган пулни фақат Марказий банкнинг махсус рухсати билан олиб чиқиш мумкин”, деди божхона мутахасиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Амалдаги тартибга кўра, 5000 долларгача бўлган пул учун рухсатни исталган бир банкдан олиш мумкин.

Миллий банкнинг Тошкентдаги бўлимларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, фақат бунинг учун бирор банкда ҳисоб рақами ошиш лозим бўлади.

“Фуқаро паспорти ва хорижга олиб кетмоқчи бўлган пулини банкка олиб келиши лозим. Кейин фуқаронинг номига ҳисоб рақами очилади. Шу ҳисоб рақамига чет элга олиб кетмоқчи бўлган суммадаги пули қўйилади. Пул банк ҳисобида бир кун туриши лозим. Эртасига биз пулни қайтариб берамиз ва хорижга олиб чиқиши учун справка берамиз. Агар банкда 3000 доллар қўйилса, шу пулнинг бир фоизидаги маблағ банкка тўланади. 3000 доллар учун 30 долларни тўлаши керак. Буни сўмда ҳам тўлаш мумкин”, деди микрофонсиз суҳбатда банк ходими.

5000 доллардан зиёд пулни хорижга олиб чиқиш учун Марказий банкдан рухсат олиш эса янада мураккаброқ.

Марказий банк ходимларидан олинган маълумотга кўра, бунинг учун ҳисоб рақами очишдан ташқари, пул манбаси кўрсатилиши лозим яъни пул эгаси бу маблағни қаердан олганини асослаши шарт бўлади.

Озодлик мухбири суҳбатлашган Марказий банк ходими бу жараённинг анча мураккаблиги учун фуқароларга пулларини пластик карточкага ўтказиб, олиб чиқишни тавсия қилади.

Миллий банк, Марказий банк ва Ташқи иқтисодий алоқалар банки каби бир қанча банкларда халқаро миқёсда ишлатиш имкони бўлган пластик карточкалар учун ҳисоб рақами очиш мумкин.

Бу банкларда ҳисоб рақами очиш учун фуқаронинг паспорти, пропискаси ҳамда пули кифоя.

Пластик карточкада олиб чиқиладиган пул миқдорига қонунда ҳеч қандай чеклов йўқ.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, банк рухсатисиз пулни мамлакатдан олиб чиқиш жиноят ҳисобланади.

Божхона мутахасисига кўра, бундай ҳолатда рухсатсиз олиб чиқилаётган пул давлат фойдасига мусодара қилинади ва фуқарога жарима солинади.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG