Линклар

Буюк Британияда навбатдаги умумхалқ сайлови 2015 йилда ўтказилади. Ҳукмрон партия етакчиси¸ Бош вазири Дэвид Камерон¸ агар бу сайловда ўз ҳукумати қайта сайланса¸ 2017 йил охирига қадар ЕИ аъзолиги юзасидан референдум ўтказилишини эълон қилди:

- Бугунга келиб жамоатчиликнинг ЕИ дан ҳафсаласизлиги ўз чўққисига етди. Бунинг сабаблари бисëр. Одамлар ЕИ ўзлари ҳеч қачон овоз бермаган бир йўлдан кетаëтганини ҳис қилмоқда. Улар иттифоқнинг кераксиз қоида ва тартиблар билан миллий ҳаëтимизга аралашишидан зада бўлдилар¸ деди 23 январ куни Лондонда қилган чиқишида Камерон.

Ўз маърузасида Лондон раҳбари 27 давлат аъзо Европа Иттифоқини демократик жавобгарлик таомилларига риоя қилиш¸ аъзо давлатлардан ваколатни тортиб олиш ўрнига¸ уларга кўпроқ ваколат беришга чақирди:

- Одамлар ЕИнинг британияликлар ўзини ноқулай ҳис қиладиган даражадаги сиëсий интеграция томон кетаëтганини ҳис этиб турибди. Улар қабул қилинаëтган келишувлар аъзо давлатлар билан ЕИ ўртасидаги мувозанатни бузаëтганини ҳам кўриб турибдилар. Улардан бу ҳақда биров фикр сўрамаган¸ деди Камерон ўз маърузасида.

Лондон раҳбари таъкидича¸ ЕИ ва Британия ҳукумати ўртасида муроса топишнинг йўли Британиянинг иттифоқдаги аъзолиги борасида янги келишувга эришишдир.
Брюссел ва Лондон муносабатларини тўғри ўзанга солиш имконидан тўла фойдаланмай туриб референдум ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас¸ дея қўшимча қилди Камерон.

Британия раҳбарининг ЕИга бу қадар кескин ултиматум қўйиши иттифоққа аъзо давлат пойтахтларида янги хавотир ўйғотмай қолмади.

Зотан таҳлилчиларга кўра¸ Британиянинг ЕИ аъзолигидан чиқиш юзасидан референдум ўтказиш истиқболи шундоқ ҳам жиддий молиявий-иқтисодий инқирозга ботаëтган иттифоқ келажагига жиддий таҳдид уйғотади:

- Британиянинг иттифоқ аъзолигидан чиқиши ЕИ учун катта йўқотиш бўлади. Британия ЕИни тарк этса¸ бу иттифоқ ҳамма томондан заифлашади. Ҳарбий¸ дипломатик¸ иқтисодий қудрат жиҳатдан Британия ЕИнинг етакчи аъзоси. Британиядан ажралиш ЕИ учун фожеий бўлиши мумкин¸ дейди Карнеги жамғармасининг Европа бўлими раҳбари Стефан Леҳне Озодлик мухбирига.
XS
SM
MD
LG