Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:19

Ўзбекистон-Қирғизистон: йўллар ҳамон ёпиқ қолмоқда


Ўзбекистон ўзбек – қирғиз чегарасини кесиб ўтувчи темир йўллардаги “Қизилқия-темир йўл”, “Қорасув-темир йўл”, “Жалолобод-темир йўл” ва “Шамолдисой-темир йўл” назорат – ўтказиш пунктларини бир томонлама ёпиб қўйгани оқибатида Қирғизистонда юзлаб вагонлар тўпланиб қолди. Ўзбекистон Қирғизистоннинг Барак эксклавига ҳам йўлни тўсиб қўйган.

Қирғизистон томони 5-7 январ кунлари содир бўлган Сўх воқеасидан кейин Ўзбекстоннинг Сўх эксклавига олиб борувчи йўлларни ва чегарани ёпиб қўйган эди. Бунинг натижасида Сўхда озиқ-овқат, бензин муаммоси пайдо бўлиб, нарх-навонинг кўтарилиб кетгани хабар қилинган.

23 январ куни Ўзбекистон Сўхга инсонпарварлик ёрдами жўнатган. Қирғиз расмийлари бу ёрдам чегарадан ўтказилишига қарши эмасликларини билдирган эди. Бироқ Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Баходир Элибоев Озодлик билан суҳбатда сўхликларга мўлжалланган гуманитар юклар ортилган машиналар 23 январ куни кеч соат бешларда чегарадан ўта олмай Риштонга қайтиб кетганини айтди. Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззақов эса бу ҳолатни Ўзбекистон томонидан гуманитар юкларни олиб ўтиш учун расмий илтимос олинмагани билан изоҳлади.

Ўзбекистон ҳам қирғиз томонининг бундай ҳаракатларига жавобан бир қатор чораларни кўрди. Жумладан, 18 январ куни Қирғизистон жанубидан Ўзбекистонга ўтиш мумкин бўлган ягона “Дўстлик” чегара ўтказиш бекати Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпилди. 21 январда “Қизилқия-темир йўл”, “Қорасув-темир йўл”, “Жалолобод-темир йўл” ва “Шамолдисой-темир йўл” назорат – ўтказиш пунктлари бир томонлама ёпиб қўйилди. 22 январда эса Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги экслави ҳисобланган Барак қишлоғи ҳудди Сўх каби қамалда қолди.

Темир йўлнинг ёпилиши оқибатида Қирғизистонга келиши кутилаётган қурилиш ва бошқа ишлаб чиқариш маҳсулотлари Ўзбекистонда ушлаб турилибди. Қирғизистонда эса Ўзбекистон орқали бошқа мамлакатларга жўнатилиши керак бўлган 200 дан ортиқ вагон тўпланиб қолгани айтилмоқда:

-Ўзбекистон вагонларни ўз локомотиви билан бу ерга олиб келиб, биздан бўш вагонларни олиб чиқиб кетар эди. Улар энди локомотив бузилиб қолганини баҳона қилишмоқда. Тошкентга телефон қилаяпмиз. Лекин Тошкентда ҳеч ким телефон гўшагини кўтармаяпти, -деди Қорасув-темир йўл ширкати раҳбари Алижон Сайғазиев.

Барак анклавининг тўсиб қўйилиши эса маҳаллий аҳоли ҳаётига кескин тарзда салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда бараклик Алмаз Каримов гапириб берди:
-Биз асосан Қорасув бозоридан тирикчилик қилар эдик. Ишга борадиганлар ишга боролмай, талабалар ўқишга боролмай уйда ўтириб қолдик.Бизда касалхона ҳам, бозор ҳам йўқ, -деди Алмаз Каримов.

Қирғизистоннинг Қорасув тумани ҳокимиятининг билдиришича, Барак эксклавидаги 300 дан ортиқ оила озиқ-овқат, шам ва гугуртга эҳтиёж сезмоқда. Қишлоққа жўнатилган инсонпарварлик ёрдами эса ўзбек-қирғиз чегарасидан ўта олмаяпти.
-Бу борада ҳукумат ҳаракат қилаяпти. Ҳозир Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилаяпти. Биз баракликлар учун озиқ-овқат маҳсулотларини тайёр қилиб қўйганмиз. Ўзбекистон йўлак очиб берса, биз дарҳол бу юкни баракликларга етказамиз, -деди Қорасув тумани ҳокими Тилекбек Матраимов.

5-6 январ кунлари Сўхда маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегара пунктига электр ўтказиш учун симёғочлар ўрнатаётган қирғиз чегарачилари ўртасида тўқнашув содир бўлганидан кейин 60 минг аҳолига эга бўлган Сўх тумани атрофидаги йўллар ёпиб қўйилган.

Сўх тумани расмийларига кўра, низо чиққан пайтда қирғиз чегарачилари ўт очгани оқибатида беш нафар сўхлик яраланган.

Воқеада сўхликлар 30 нафар қирғизистонликни, қирғизлар эса олти нафар Ўзбекистон фуқаросини гаровда ушлаб турган. Кейинроқ уларнинг ҳаммаси қўйиб юборилган.
XS
SM
MD
LG