Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:07

Анклавларга юк етказиш масаласи муҳокама қилинди


Мазкур масала Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими тарқатган маълумотга кўра, 2013 йил, 23 январ куни Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида бўлиб ўтган Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари раҳбарларининг учрашувида муҳокама қилинган.

Томонлар Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги эксклави Баракка ва Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги эксклави Сўхга инсонпарварлик юкларини етказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари даражасида ишлаб чиқишга келишиб олган.

Хабарномада айтилишича, учрашув чоғида Сўх эксклави атрофидаги вазият билан боғлиқ долзарб муаммолар, қирғиз-ўзбек чегарасидаги ўтказиш пунктлари фаолияти билан боғлиқ масалалар, шунингдек, икки давлат чегара хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари масалалари муҳокама қилинган.

Айтилишича, учрашув давомида томонлар муҳокама қилинган барча муаммолар юзасидан келишувга эришган.

Музокараларнинг шу босқичида Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари ҳар икки давлатнинг мутасадди органларига маълумот ва муҳокама қилинаётган масалалар ечимига оид таклифларини етказиш мажбуриятини олган.

“Амалий учрашув чоғида томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматларининг ўзаро ҳаракатлари сифат жиҳатидан янги даражага чиққанини эътироф этдилар”, дейилган Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими тарқатган хабарномада.

Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати раиси Токон Мамитовга кўра, Қувасойда 23 январ куни ўтказилган учрашув Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегарасини очиш юзасидан музокараларнинг биринчи босқичидир ва сўзлашувлар иккинчи босқичда давом эттирилади.

Хабар қилинишича, бу ҳақда қирғиз расмийси 24 январ куни Боткенда бўлиб ўтган брифингда баёнот берган.

"Токон Мамитовга кўра, Ўзбекистон томони Боткендаги чегараолди вазиятини изга солиш солиш юзасидан Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати қўйган шартларни тўла қабул қилган", деб хабар қилди CA-NEWS агентлиги.

“Лекин ҳозирча Қирғизистоннинг Қорасув туманига қарашли Барак анклавига ўтиладиган чегара пунктини очишга рози эмаслар. Биз назорат-ўтказиш пунктини очишни таклиф қилаяпмиз, уларнинг фикри эса, бошқача”, деди Т. Мамитов”, деб хабар қилди агентлик.

Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати раиси брифинг чоғида Сўх масаласида бирон нима дегани ёки демагани тўғрисида хабар қилинмади.
XS
SM
MD
LG