Линклар

Ўзбекистон хоккей спортини тирилтирмоқчи


Хоккей мусобоқалари Тошкентнинг “Фурқат” номли маданият ва истироҳат боғидаги “Ice Avenue” муз саройида ўтказилмоқда.

Хоккей мусобоқалари Тошкентнинг “Фурқат” номли маданият ва истироҳат боғидаги “Ice Avenue” муз саройида ўтказилмоқда.

Ўзбекистоннинг янги ташкил топган хоккей лигаси муз устида хоккей бўйича илк чемпионатини ўтказмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги расмийлари Озодликка маълум қилди.

Ўзбекистонда дастлабки хоккей мусобоқалари шу ой ўрталарида мамлакатдаги мавжуд тўртта жамоа – “Бинокор”, “Барс”, “Оқ айиқлар” ва “Акулалар” ўртасида бўлиб ўтди.

Биринчи учрашувда “Барс” жамоаси “Бинокор”ни 5:4 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг оммабоп спортни ривожлантириш бўлими масъулларидан бири Шавкат Жалиловнинг айтишича, яқин ойларда Ўзбекистон терма жамоаси ташкил этилиб, уларнинг Канада хоккей фахрийлари билан учрашуви ҳам режалаштирилмоқда:

- Агар ишлар шу зайлда борса, канадаликлар март ойида Тошкентга келади. Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси билан ҳам ўйин бўлади. Апрел ойида ҳозир мавжуд тўртта жамоадан яхши хоккейчиларни тўплаб, Бирлашган Араб Амирликларида анъанавий тарзда ўтказиладиган халқаро турнирда қатнашамиз¸ дейди Жалилов.

Хоккей мусобоқалари Тошкентнинг “Фурқат” номли маданият ва истироҳат боғидаги “Ice Avenue” муз саройида ўтказилмоқда.

“Бинокор” хоккей жамоаси сардори Алишер Азимов Ўзбекистон Хоккей лигаси раҳбари этиб тайинланди.



"Бинокор" сардори Алишер Азимов

"Бинокор" сардори Алишер Азимов


Ҳаммаси бўлади окей, ўзбеклар ҳам ўйнайди хоккей

Ўтган асрнинг 70- йилларида Тошкентнинг “Бинокор” хоккей жамоаси собиқ Совет Иттифоқида танилган жамоалардан эди.

Жамоа Тошкентда 1971 йилда барпо этилган “Юбилейний” муз саройида шайбо суриб келган.

Аввалига номи Спартак бўлган, кейин “Главташкентстрой” ҳомийлигига ўтказилган “Бинокор” жамоси 1973 йилда хоккей бўйича СССР биринчилиги бўйича мусобоқаларда учинчи ўринни олишга муваффақ бўлган.

Шунингдек, ўзбекистонлик хоккей спорти мухлислари 1979 йилги “Олтин бошоқ” халқаро хоккей чемпионатида “Бинокор”нинг ГДР ва Чехословакиянинг таниқли жамоалари устидан эришган ғалабаларини ҳам эслашса керак.

Тошкентнинг “Бинокор” жамоаси саксонинчи йилларда ҳам Совет Иттифоқи командалари орасида юқорги ўринларда бўлиб келди.

Совет Иттифоқи парчаланиб, Ўзбекистон мустақил бўлгач мамлакатда хоккей спорти барбод бўлди.

Тошкентдаги “Юбилейний” муз саройи бузилиб, “Алпомиш” спорт мажмуига, кейинчалик бутунлай қайта реконструкция қилиниб, кўргазмалар марказига айлантирилди.

Эндиликда, Тошкентнинг собиқ “Бинокор” жамоасининг бир гуруҳ аъзолари Ўзбекистонда хоккей спортини қайта тирилтиришга бел боғлашмоқда:

- Иш энди бошланаяпти, ҳаммаси бошланғич босқичда. “Бинокор” жамоаси бошқатдан ташкил қилинди. Энди секин-секин ҳаммаси бир кунда бўлмайдику, дейди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳондил Мадраимов.

Айни пайтда Тошкентда янги профессионал хоккей майдони, хоккей мактаблари барпо этиш борасида ҳомийлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ўзбекистонда хоккей мактабини тиклаш учун Словакия ва Сербиядан мураббийлар таклиф этилади:

- Энг муҳими Ўзбекистонда хоккейга қизиқиш бор. Ҳар-хил ёшдагилар хоккей ўйнашга қизиқяпти, кўплаб ота-оналар фарзандларини шу спортга бермоқчи. Ҳозир чет давлатлардан мутахассислар, мураббийларни олиб келиб, хоккей мактабини ривожлантирамиз , дейди Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг оммабоп спортни ривожлантириш бўлими масъулларидан бири Шавкат Жалилов.

Ўзбекистонни ҳам Канада билан ўйинини кўрайлик ахир

Хоккей спорти ривожланган Швеция ва Канада каби мамлакатларда бошпана топган ўзбекистонлик айрим оилалар фарзандлари орасида қишки спорт турлари, жумладан муз устида хоккей спортини ўзлаштираётганлар анча.

Швециянинг Гётеборг шаҳрида яшайдиган 13 яшар асли қашқадарёлик Ихтиёр тўрт йилдан бери хоккей спорти билан шуғулланишини айтади:

- Бизда бу ерда мактабдан хоккей ўргатилади. Деярли ҳар бир мактабда муз майдончаси бор. Хоккейчилар киядиган кийимларимиз, каска ва ҳалиги ҳимоя анжомларимизни ҳам бепул беришади, дейди Ихтиёр.

Швецияда етти йил аввал бошпана топган ўзбекистонлик журналист Тўлқин Қораевнинг айтишича, агар шароит бўлса ўзбеклардан ҳам хоккей юлдузлари чиқиши мумкин:

- Бу ерда ҳамюртларимизни фарзандлари нафақат хоккей, муз устида фигурали учиш билан шуғулланишади. Чунки, шароит бор, иқлим шароитлари бор. Деярли ҳар бир маҳаллада муз саройлари бор. Ўзбекистонда хоккей спортини ривожлантирамиз дейишяпти, лекин иқлим шароити йўқку у ерда. Муз майдончалари йўқку, Ўзбекистонда хоккей спортини тирилтириш, бу хом xаёллик, дейди Қораев.

Канаданинг Ванкувер шаҳрида яшовчи Илҳом ака эса Ўзбекистонда хоккей лигаси тузилаётганидан мамнун эканини айтади:

- Тузишсин, Ўзбекистонни ҳам Канада билан ўйинини кўрайлик аxир. Жуда эплай олишмаса, фарзандларимизни хоккейга шу ерда ўргатамиз, Ўзбекистонга қайтиб борганимизда Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнашар, деб кулади Илҳом ака.
XS
SM
MD
LG