Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:34

Эҳтиëт бўлинг: Facebook!


Марк Цекерберг Facebook нинг янги график қидирув тизимини 15 январ куни жамоатчиликка тақдим этди.
Марк Цекерберг Facebook нинг янги график қидирув тизимини 15 январ куни жамоатчиликка тақдим этди.
Янги технологиялар бўйича британиялик мутахассис Том Скот Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларини бу тармоқ яқинда таклиф этган график қидирув механизмининг шахсий хавфсизликка нисбатан жиддий таҳдид эканидан огоҳлантирди.

Яқинда Facebook асосчиси ва бошқарувчиси Марк Цукерберг ўзи яратган ижтимоий тармоқнинг 1 миллиарддан ошган фойдалувчиларга янги туҳфасини тақдим этди.

"Graph search", яъни график қидирув деб номланган восита қидирилаëтган мазмундаги материалларни аниқроқ ва тезроқ топишга ëрдам берувчи инқилобий тизим сифатида тақдим этилди.

Бу тизимга берилган қидирув Facebookдаги ўз саҳифасини кенг жамоатчиликдан яхши қўриқлашни билмайдиганларнинг ўзлари ҳақида ëзган маълумотию¸ ножўя ҳазилларигача бир неча секунд ичида исталган қидирувчига топиб беради.

Бундай график қидирув натижаси эркин мамлакатларда фақат тор гуруҳга мўлжалланган маълумотнинг кенг жамоатчиликка ошкор бўлишига олиб келса¸ мустабид тузумлардаги Facebook фойдаланувчилари ҳаëтини жиддий таҳдид остига қўйиши мумкин.

Том Скот¸ Цукербергнинг янги кашфиëтидан фойдаланиб¸ масалан¸ ўзи ҳақида “эркаклар билан танишишга қизиқаман” деб ëзган мусулмон эркакларни қидирганида¸ саноқли секундлар ичида Эрондаги шундай эркаклар рўйхати¸ уларнинг қаерда яшаб¸ нима иш қилишига оид рўйхат чиқиб келганини айтади.

Гомосексуализм улкан гуноҳ ва жиноят саналган Эрон Ислом жумҳуриятида Facebook фойдаланувчисининг ўзи ҳақида ëзган бундай гапи унинг умрига зомин бўлиши мумкин.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод гомосексуализмни инсон хулқи етиши мумкин энг жирканч нарса деб баҳолаб¸ ўз мамлакатида бундайлар борлигини мутлақ инкор қилиб келади.

Аҳмадийнажоднинг 2007 йилда Ню Йоркдаги Коламбия университетидаги учрашувда қилган баëноти йиллардан бери Ғарб матбуоти мазахидан қочиб қутула олмай келади.

“Эронда сизнинг мамлакатингизда бўлгани каби гомосексуаллар йўқ. Эронда бунақа феномен мутлақ йўқ. Мен бизда бунақа нарсанинг борлиги ҳақидаги сизга ким айтганини сира тушуна олмайман” деган эди Аҳмадийнажод залда ўтирганларнинг қаҳқаси остида.

Facebook фойдаланувчиларининг ўзлари ҳақида¸ хусусан жинсий ориентациялари ҳақида гўлларча ëзиб қўйган хос маълумоти¸ Том Скот фикрича¸ Аҳмадийнажод каби аксилгей раҳбарлар ва ҳукмдорлар ўтирган мамлакатлардаги ëшларга қимматга тушиши мумкин.

Бундай репрессив давлатлар¸ шундоқ ҳам янги технологиялардан фойдаланиб¸ Интернетдаги жараëнларни мунтазам таъқиб этиб келмоқдалар. Facebook тақдим этган график қидирув¸ уларнинг бу ишини янада осонлаштирди¸ деб ëзди британиялик мутахассис.

Айни пайтда Том Скот¸ Facebook ижтимоий тармоғида хос ахборотни исталмаган кўзлардан ҳимоялаш воситалари мавжудлигини инкор этмайди.

Бу тармоққа ўзинги ҳақингизда қандайдир маълумот қўяр экансиз¸ уни кимлар кўриши мумкинлигини олдиндан ўрганиб¸ лозим ҳимоя воситаларидан қўлланинг¸ деб огоҳлантиради дунë ëшлари орасида кундалик алоқа воситасига айланиб улгурган Facebook тармоғи фойдаланувчиларини Скот.
XS
SM
MD
LG