Линклар

logo-print
Россия полицияси хориж фуқароларини узоққа чўзиладиган суд жараëнисиз мамлакатдан чиқариб юбориш ҳаққига эга бўлди. Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев “ёмон меҳмонлардан” қутулишга имкон берувчи ҳужжатга имзо чекди.

2013 йилнинг 29 январида Россия Ички ишлар вазири Владимир Колоколцевнинг Россиядан “номақбул шахсларни” бадарға қилиш қарори кучга киради.

Мазкур қарорга мувофиқ¸ эндиликда хориж фуқаросини депортация қилиш учун суд ҳукм чиқариши шарт эмас. Бундан буëғига полициянинг ўзи 14 кун ичида тергов ўтказиб¸ Ички ишлар вазири ёки унинг ўринбосарлари қарори билан “қонунбузарни” чегарадан ташқарига кузатиб қўядиган бўлди.

Москва шаҳри бўйича Ички ишлар бошқармаси коллегиясида сўзга чиққан вазир бундай қарорни тақозо қилган сабаб сифатида Россия, хусусан Москвада, хорижликлар, айниқса мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сонининг кескин ошаётганини келтирди:

- Москвада бундай жиноятлар сонининг умумроссия кўрсаткичлари билан таққослаганда икки баробар кўплиги айтилмоқда. Шу сабабли, маҳаллий полиция бўлинмалари уюшган этник жиноятчи гуруҳларга алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Айниқса, уларнинг бошлиқлари жиноий жавобгарликка тортилиши керак, дея уқтирди Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев.

№1024 рақамли “Россия ИИВ ва унинг ҳудудий органларида Россия Федерациясида бўлиши (яшаши) номақбул деб саналган хориж фуқароси ёки фуқаролиги йўқ шахсларга оид материалларнинг тақдим этилиши ва кўриб чиқилиши тўғрисида” деб номланган вазирнинг 2012 йилнинг 10 ноябрида имзоланган бу буйруғига мувофиқ, туман полиция участкаларида ҳар бир меҳнат муҳожирига махсус досье тайёрланиб борилади.

Вазирликнинг янги қоидаларини Озодликка тушунтириб беришга уринган Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази раҳбари Марина Молокова, мамлакатдан нафақат ноқонуний меҳнат муҳожирлари, балки қонуний ҳужжатларга эга, бироқ “Россия мудофааси ва хавфсизлигига таҳдид қилаётган” шахслар ҳам полиция раҳбарияти махсус қарори билан чиқарилиб юборилиши мумкинлигини таъкидлади:

- Қарорда айтилишича, чиқарилиб юборилаётган шахсларга махсус билдиришнома топширилади. Унда қайси сабабларга кўра у Россияни тарк этиши кераклиги батафсил тушунтирилган бўлади. Ҳозирча бу қарор барча полиция бўлинмаларига етказилди ва 29 январдан кучга киради. Бадарға қилиш масаласи билан вазирликнинг махсус комиссияси шуғулланади ва ишонтираманки¸ бу жараён очиқ ва равшан шаклда ўтказилади, деди вазирлик расмийси.

Янги қоидаларга кўра, Россиядан чиқрилиб юборилаётган шахсга оид махсус йиғилган ҳужжатлар Ички ишлар вазирлигининг марказий аппаратига юборилади ва шу ерда унинг тақдири ҳал этилади.

Ҳозирга қадар амалда бўлиб келган қоидаларга кўра¸ “ёмон меҳмонлар”, жумладан жиноятчиликка қўл урган муҳожирларни депортация қилиш учун фақат суд қарорини кутиш зарур эди. Вазирликда энди бирор шахсни мамлакатдан у ёки бу сабабга кўра чиқариб юбориш учун узоғи билан 1 ой муддат зарур бўлади. Белгиланган муддатда бу шахс чиқиб кетмаса, у Миграция хизмати ёрдамида депортация қилинади.

Марина Молокованинг айтишича, вазирнинг буйруғи билан эндиликда Москванинг ҳар бир бурчаги, жумладан ҳар бир қаватли уйлар ҳовлиси ва шаҳар паркларида назорат камералари ўрнатилади.

“Шу тариқа биз Россияда жиноятчиликни камайтиришга эришмоқчимиз”, дея илова қилди Озодлик билан суҳбатда Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази раҳбари Марина Молокова.

Бироқ кузатувчилар Колоколцевнинг бу буйруғи маҳаллий полицияга суд ваколатларини беришга олиб келиши, бунинг ортидан ҳар қандай шахс бошқа мамлакат сўрови билан экстрадиция текширувисиз бериб юборилиши мумкинлигидан гапирмоқда.

Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё бўйича эксперти Виталий Пономарёв полиция бу қарор меҳнат муҳожирларининг оммавий депортациясини келтириб чиқармасада, уларга Россияда жиддий хавф туғдириши мумкин дейди:

- Аслини олганда, чиқариб юбориш процедураси турли шаклларда ҳозир ҳам кенг қўлланилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ёрдамини сўрашга улгурганлар жуда озчилик. Бу нафақат қонунбузарлик содир этган меҳнат муҳожирлари, балки қидирувда бўлган шахсларга кўпроқ таалуқли, деб ўйлайман. Қосимохуновларга ўхшаганларнинг ишларидан аёнки, яширинча ноқонуний тарзда одамларни бериб юбориш ҳоллари кўпаймоқда. Масалан, биз қидирувда бўлганларнинг ноқонуний олиб чиқилишига Ўзбекистон элчихонаси айрим ходимлари алоқадорлиги тўғрисида хабар олдик: олиб кетилаётган одам элчихонада бошқа шахснинг номига берилган ҳужжат асосида олиб кетилмоқда, дея фикр билдирди “Мемориал” фаоли Виталий Пономарёв.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG