Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:17

Наманганлик шифокор бемор қорнида докани унутиб қолдирди


Тошкентда Кореяга ишга юбораман деб одамларни чув туширган гуруҳ қўлга олинди. Ўзбекистондан чиқиш визасини олмасдан четга борганлар жазоланди. Фанлар академияси деҳқонларга янги кашфиёт таклиф қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Қирғизистон орқали чет элга чиққан аёллар қонунбузарликда айбланди

Ўзбекистондан чиқиш визасини олмасдан Бишкек орқали Бангкокка борган самарқандлик Дилшода Маҳмудова Жиноят кодексининг 223-моддасида айбланди (“Диёнат”, 24 январ). 35 ёшли ўзбек аёли Таиландда турли йўллар билан пул топиб, Ўш шаҳри орқали Ўзбекистонга кираётганда қўлга олинган. Суд ҳукми билан Маҳмудовага ойлик маошнинг 20 фоизини давлатга ушлаб қолиш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.

Бухоронинг Когонида истиқомат қилган Александра Каримова ҳам Бишкек орқали визасиз Дубайга борган. Қайтишда айланма йўллар билан Андижонга келган Каримова Наманганнинг Хонобод постида тўхтатилган. Суд ҳукми билан чегарани бузишда айбланган аёлга 2 йил синов муддати белгиланган.

“Депутатлар тарихга ҳурматсизликда айбланди”

Тошкентдаги қатор кўчалар номини ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилган шаҳар кенгаши депутатлари мамлакат тарихига ҳурматсизликда айбланди (“Новый век”, 24 январ). Газетага кўра, Ўзбекистон халқ артистлари Лутфулла Назруллаев, Раҳим Пирмуҳамедов, Миршоҳид Мироқилов, Ҳамза Умаров, Марям Ёқубова каби атоқли санъаткорлар исм-шарифи кўча номларидан олиб ташланиши тўғри эмас. Фан ва адабиёт ривожига катта ҳисса қўшган бошқа қатор инсонлар номи билан аталган кўчаларнинг қайта номланишини оқлаб бўлмайди. “Тарихимиз, хусусан, кўча номлари катта тарбиявий аҳамиятга эга эканидан депутатларнинг хабари бормикин?! Ахир, тарихи йўқ миллатгина ўз кўчаларини “еттинчи, бир юз саккизинчи авеню” тарзида номлайди. Биз улардан улги олмаслигимиз керак эмас” деб ёзади нашр.

“Операцияда унутиб қолдирилган дока бемор ўлимига сабаб бўлди”

Наманган вилояти Учқўрғон тумани туғруқ мажмуасида нобуд бўлган ҳомилани олиб ташлаш операциясини бошидан кечирган бемор аёл орадан 18 кун ўтиб вафот этган (“Даракчи”, 24 январ). Тиббий экспертиза чоғида беморнинг қорин бўшлиғида 55 сантиметр узунликдаги бинтли салфетка унутиб қолдирилгани аниқланган. Суриштирувларда акушер-гинекологлар жарроҳлик амалиёти пайти бемор қорин бўшлиғидаги ортиқча қонни сўриб олиш мақсадида бешта бинтли салфетка ишлатгани, аммо улардан биттаси қолиб кетганини тан олган. Бемор ўлимида айбланган икки шифокор номи очиқланмаган. Аммо улар ўн йиллар давомида Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуасида ишлаб келгани маълум қилинган. Эълон қилинган тафсилотларга кўра, жарроҳлик амалиёти пайти чироқ бир неча марта ўчиб ёнгани ҳам шифокорларга халақит берган.

“Банк милиция сусткашлигидан норози”

“Агробанк” очиқ акциядорлик жамияти Уйчи филиали Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси қидирув бўлими ходимлари сусткашлигидан норозилик билдирган. “Адолат” газетасига кўра, “Агробанк” Тошкент шаҳри Ҳамза туманидаги “Улуғбек Комила савдо” хусусий фирмасига кредит берган. Корхона кредитни қайтара олмагани туфайли суд қарздорнинг гаровга қўйган “Ниссан Алтима” автомобилини банкка ундириш ҳақида қарор чиқарган. “Агробанк” мазкур ажрим ижросида амалий ёрдам сўраб, Тошкент милициясига мурожаат қилган. Қайд этилишича, ҳозирча банк сўрови қондирилмаган.

“Кореяда иш ваъда қилган фирибгарлар гуруҳи қўлга тушди”

Тошкентда 15 нафар фуқарони Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан алдаб кетган жиноий гуруҳ қўлга туширилди (“Бозор ва истеъмолчи”, 22 январ). Гуруҳ бошлиғи Гулхумор Воҳидова фуқароларга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи миграция масалалари агентлиги мансабдорларига пора бериш орқали Кореяга юборишни тезлаштиришга ваъда берган. Кореяга боришга талабгорларнинг ҳар биридан 6000 АҚШ долларигача маблағ олинган. Ушбу жиноий иш бўйича Гулхумор Воҳидова ва Баёт Остонов 7 йил, Ғани Самадов ва Рауф Алиев 6,6 йил, Бекнур Илясов 5,6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Фанлар академияси деҳқонларга янгилик таклиф қилди”

Ўзбекистон Фанлар академияси Полимерлаш кимёси ва физика институти олимлари сабзавот ва полиз экинларини капсулалаб экиш ғоясини илгари сурди (“XXI аср”, 24 январ). Олимларнинг таъкидлашича, биологик фаол полимерлар ёрдамида уруғларни қобиқлаш усули иқтисодий самарали ва экологик хавфсиз. Маҳаллий хом ашё – шойи ва пахтани қайта ишлаш чиқиндиларидан тайёрланадиган қобиқ ноқулай об-ҳавода ниҳолни ҳимоя қилади. Шунингдек, атроф-муҳитга хавфсиз препарат маълум муддатдан кейин ўсимликка қўшимча озуқа сифатида парчаланиб кетади. Мутахассислар капсулалар ёрдамида полиз ва сабзавотларнинг ўсувчанлиги 20 фоизга ошиб, ҳосилдорлик гектаридан 4-7 тоннага кўпайишини айтмоқдалар. Ҳозирда бу усулни такомиллаштириш бўйича тажрибалар ўтказилмоқда.

“Жазо муассасасида ўтирган маҳкум жиноят содир этди”

Фирибгарлиги учун уч марта озодликдан маҳрум этилган сирдарёлик Ўктам Азимов жазони ўташ пайти яна жиноят содир этди (“Адолат кўзгуси”, 24 январ). Сирдарёдаги 76-жазони ижро этиш манзил колониясида жазо ўтаётган Азимов бошқа бир маҳкумга ўзини “қамоқда ўтирган каттакон” деб таништириб, озод бўлишига ёрдам беришга ишонтирган. Маҳкумнинг яқинлари Азимовга танишлари орқали бир неча минг АҚШ доллари етказиб берган. Суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 168-моддасида тўртинчи бор айбланган Азимов “хавфли рецидевист” деб топилган. “Шундай экан, отнинг қашқасидек ажралиб турадиган фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш, қонунан ҳал қилиниши осон бўлган ишни мураккаблаштириб, кимларнингдир соясида иш битиришга уриниб куйиб қолмаслик керак” дея хулоса қилади Сардоба тумани прокуратураси вакили Мурод Худоёров.

“Тошкент қиммат шаҳар бўлиб қолмоқда”

Жорий йилнинг 20 январ ҳолати бўйича асосий истеъмол товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг энг юқори баҳолари Тошкентда кузатилмоқда. “Истеъмолчи” газетаси маълумотларига кўра, Тошкентда бир кг гуруч баҳсоси ўртача 3500 сўм. Хоразм ёки Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 1300 сўмни ташкил қилади. Шунингдек, пойтахтда ун 2500 сўм (бошқа вилоятларда 2100-2350), ўсимлик ёғи 6400 сўм (ҳудудларда 5750-6200), мол гўшти 16500 сўм (ҳудудларда 13000-15500), қўй гўшти 17500 сўм (ҳудудларда 14000-17000), пиёз 750 сўм (ҳудудларда 650-700), помидор 5100 сўм (ҳудудларда 4000-5000), бодринг 6500 сўм (ҳудудларда 5000-6000) сотилмоқда.
XS
SM
MD
LG